Ўзбекистон | 13:53 / 19.06.2025
13238
2 дақиқада ўқилади

Magnum Ўзбекистонни тарк этади

Қозоғистоннинг Magnum супермаркетлар тармоғи Ўзбекистонни тарк этяпти. Компанияга тегишли савдо дўконларининг айримлари аллақачон ёпилган, қолганларида ҳам охирги товарлар сотиб тугатиляпти. 2021 йилнинг декабрида Ўзбекистон бозорига кирган Magnum 2023 йил августида Carrefour савдо тармоғини ҳам сотиб олганди.

Фото: Magnum

Қозоғистоннинг йирик савдо тармоғи Magnum Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатяпти. Бу ҳақда Forbes Kazakhstan хабар берди.

Magnum’нинг Тошкентда олтита дўкони бўлган: улардан бештаси супермаркет, биттаси гипермаркет форматида ишлаган. Forbes Kazakhstan маълумотларига кўра, супермаркетларнинг айримлари аллақачон ёпилган, қолганларида ҳам охирги товарлар сотиб тугатиляпти.

Magnum Ўзбекистон бозорига 2021 йилнинг декабрида кириб келганди. Компания раҳбари Азамат Осмонов қўшни бозорга чиқиш учун икки йилга яқин тайёргарлик кўрилганини айтиб, фаолиятининг биринчи йилида тахминан 20 миллион доллар инвестиция киритилишини маълум қилганди.

2023 йил август ойида Magnum Cash & Carry компанияси Ўзбекистондаги барча Carrefour дўконларини Majid Al Futtaim Uzbekistan’дан сотиб олиш бўйича келишувга эришганди. Компания вакиллари 2024 йилда яна 10 та савдо нуқтасини очиб, тармоқлар сонини 17 тага етказишини эълон қилганди.

Бироқ 2024 йил бошидан бошлаб ушбу кенгайиш режалари тўхтади. 2024 йил феврал ойида Тошкентдаги Magnum Қоратош савдо нуқтаси ёпилди. 2025 йил май ойида эса яна икки савдо нуқтаси – Magnum Юнусобод ва Magnum Атлас Чилонзор – расман бошқа манзилга кўчирилгани ҳақида хабар берилган бўлса-да, амалда ўз фаолиятини тўхтатди.

Мавзуга оид