Ўзбекистон | 11:42 / 19.06.2025
1059
2 дақиқада ўқилади

Ижро ҳужжатлари маълумотларини қамраб олган Мажбуриятлар реестри юритилади

2025 йил 16 июн куни имзоланган янги қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун ҳужжатларига киритилган қўшимчаларга кўра, ижро ишини юритиш доирасида қабул қилинган қарор ва бошқа ҳужжатлар жисмоний шахсларга – уларнинг ЯИДХП (my.gov.uz)даги шахсий кабинети орқали, шунингдек юридик шахсларга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилиши кўрсатилди

Меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг ярми миқдоридаги пул маблағлари фуқароларнинг қарздорликлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад этиб белгиланди.

Бундан ташқари,  мажбурий ижро бюроси ижро ҳужжатларига доир маълумотларни қамраб олган Мажбуриятлар реестрини юритиши кўзда тутилди.

Давлат органлари, кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар Мажбуриятлар реестрига киритилган ижро ҳужжатлари бўйича Мажбурий ижро бюроси билан тезкор ахборот алмашинувини  амалга оширади.

Ижро ҳужжатларига доир маълумотлар Мажбуриятлар реестрига автоматлаштирилган тизим орқали киритилади ва 10 йил давомида сақланади.

Шунингдек, қонун ҳужжатларига мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш чоғида давлат ижрочилари томонидан мобил видеокузатув воситаларидан фойдаланилиши мумкинлигини назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мавзуга оид