Ўзбекистон | 15:47 / 17.06.2025
2546
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти экотуризм салоҳиятини ривожлантиришда Озарбойжоннинг Agalarov Development компанияси ҳамкорлик қилади

10 июнь куни Тошкент инвестиция форуми доирасида Agalarov Development компанияси ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида мамлакат ҳудудида туризм соҳасини ривожлантириш истиқболларини ўрганишга доир ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида компания томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида, Чорвоқ сув омбори қирғоғида жойлашган 100 гектар майдонда тўрт фасллик “Sea Breeze Uzbekistan” дам олиш масканини барпо этиш режалаштирилган. Бу ҳудудда турар-жой бинолари, меҳмонхоналар, виллалар ва ресторанлар қурилиши кўзда тутилган.

2024 йил декабрида лойиҳа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган. Президент лойиҳани қўллаб-қувватлаб, уни чуқур ишлаб чиқиш ва тегишли инфратузилмани яратиш вазифасини ҳукуматга юклаган. Мастер-режа 2025 йил апрель ойида хорижий мутахассислар иштирокида тақдим этилди. Унга кўра, лойиҳанинг умумий майдони 577 гектарни ташкил этади.

Янги сайёҳлик маркази Чорвоқ сув омборининг икки қирғоғида, Тошкентдан 80 км масофада жойлашади. Ҳудудни ривожлантириш доирасида омбор бўйлаб Тошкент билан боғловчи кўприк қурилиши ҳам кўзда тутилган. Бу сафар вақтини сезиларли даражада қисқартириши мумкин.

Лойиҳа Agalarov Development компаниясининг Озарбойжондаги 18 йиллик тажрибаси асосида амалга оширилади. Ушбу тажриба асосида компания Ўзбекистонда ҳам туризм ва иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Компания қурилиш жараёнида барча экологик талабларга амал қилишини ва чиқиндиларни қайта ишлаш, оқова сувларни тозалаш каби чораларни таъминлашини таъкидламоқда. Бундан ташқари, барча босқичларда экологик мониторинг амалга оширилиши айтилмоқда.

“Sea Breeze” лойиҳаси экологик ёндашув бўйича янгича стандартларни жорий этиши кутилмоқда. Agalarov Development қурилишни ҳозирча бошламаган — ҳозирда фақат қирғоқни тозалаш ва чиқиндиларни йиғиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, ҳеч қандай қурилиш ишлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда маҳаллий идораларнинг экологик экспертизасисиз бошланмайди.

Компания ўз лойиҳаларини муҳокама қилишга маҳаллий архитекторлар, муҳандислар ва жамоатчилик вакилларини жалб қилишни режалаштирган. Чорвоқ соҳилидаги мавжуд инфратузилмадан фойдаланган ҳолда, лойиҳани канализация тизимига улаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида, тозаланган сувнинг асосий қисми “Sea Breeze Uzbekistan” ҳудудини суғориш ва бошқа хўжалик эҳтиёжларига йўналтирилади. Лойиҳа доирасида оқова сувларни Чорвоқ сув омборига ташлаш мутлақо истисно этилган.

Мавзуга оид