Жаҳон | 23:30 / 17.06.2025
8909
6 дақиқада ўқилади

«Ўлдирмаслик буюрилган». АҚШ Исроилга ниманидир тақиқлай оладими?

Эрон ва Исроил ўртасида 46 йиллик душманлик тарихидаги илк жиддий жанг давом этмоқда. Кўпчилик бу гал ҳам чекланган миқдордаги ҳужумлардан кейин ҳар икки давлат жимиб кетади деб ўйлаганди. Кўриб турибсиз, бундай бўлмади. Жиддий нашрларнинг ёзишича, АҚШ Исроилга Эрон олий раҳбари Али Хоминаийни ўлдиришни тақиқлабди. Хўш, чиндан шунақа буйруқ берилиши мумкинми? Ўзи Америка Исроилга ниманидир тақиқлай оладими? Қуйида шу ҳақда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трамп ҳаммасини билган

АҚШ Исроилнинг Эронга ҳужум қилиш режасидан бехабар бўлгани ҳақида расмий баёнот берилди. Лекин келинг, мантиқан фикрлайлик: Трамп ҳаммасини билган. Ахир у Эронга ядровий келишув имзолаш учун чиндан икки ой муҳлат берди, муддат тугаши билан Исроил ҳужум қилди. Ҳужум куни Нетаняҳу билан кун бўйи алоқада бўлди, ҳужумни мақтади, у муддат тугаши билан амалга оширилганига урғу берди. Хуллас, ҳужум куни содир бўлган барча ишлар бир нарсага ишора қиларди – Трамп хабардор бўлган.

Шу боис Reuters тарқатган хабарда жон бор. Нашрнинг Оқ уйдаги юқори мартабали мулозимга таяниб ёзишича, «Эрон бирор америкаликни ўлдирмагани учун» Трамп Али Хоминаийни ўлдиришга тақиқ қўйган. Хабарда ёзилишича, Доналд Трамп Эрон олий раҳбарини ўлдириш муаммони катталаштиради деб ҳисоблаган. Трамп маъмуриятидагилар Исроилда Эрон раҳбарини ўлдириш учун реал имконият туғилганидан хабар топиб, бу ҳақда АҚШ президентини хабардор қилган.

Нетаняҳу бу хабарни рад этиб, Хоминаийни ўлдириш муаммони катталаштирмайди, аксинча тугатади, деди. Исроил хоҳласа, уни ўлдира олади деган мазмунда гапириб, «халқ учун керакли ишни қилишини» айтди.

Америка тақиқлай оладими?

Энди масаланинг энг асосий жиҳатига тўхталсак. Хўш, АҚШ Исроилга ниманидир тақиқлай оладими? Шахсий фикримча, ҳозирги президент Трамп бошчилигидаги АҚШ Исроилга ниманидир тақиқлай олмайди. Йўқ, «Американи яҳудийлар бошқариши ҳақида» уйдирмаларнинг бунга алоқаси йўқ. Шунчаки Трамп қайтгач кутилганидек мамлакатдаги барча қуролларни Исроилга юбориб, энди билганингизни қилинг, демади. Илк хорижий сафарини араб давлатларига амалга ошириб, тўрт триллион долларга яқин шартномалар имзолади. Хусусан, қурол сотди. Бу билан Исроилга «Ўртоқлар, мен араблар билан муаммо истамайман, улардан ҳали кўп пул олишим керак», деди.

Кейин Исроилнинг қаршилигига қарамай, Эрон билан ядровий келишув бўйича музокара бошлади. Буни салкам ортдан пичоқ уриш деб қабул қилган Исроил бундан кейин асосий ҳарбий иттифоқчиси АҚШнинг гапига қараб ўтирмаслиги аниқ эди. Тел-Авив Вашингтонни қандайдир ҳужумдан хабардор қилса ҳам, бу рухсат сўраш учун эмас, иттифоқчини бохабар қилиш учун берилган огоҳлантириш бўлади.

Лекин гап Эрон раҳбарини ўлдириш масаласига келса, АҚШ Исроилдан бу ишни қилмасликни сўраши ва Исроил азбаройи иттифоқчилик нуқтайи назаридан бу ишдан тийилиши мумкин. Урушнинг энг қизғин беш куни ўтганидан кейин ҳам ҳазрат Хоминаий тирик эканига қараганда, Reuters тарқатган хабар ростга ўхшайди. Яна такрорлайман, Исроил қўрққанидан эмас, иттифоқчилик қилиб бу илтимосни бажариши мумкин. Бундан ташқари, ҳозир Хоминаийни ўлдириш тўқнашувда кўп нарсани ҳал қилмайди, у ҳарбий стратег эмас, диний раҳбар холос.

Америка ортиқ глобал куч эмасми?

Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш фонида дунё бошқарувига оид бир жиддий хулосага келиш мумкин: афтидан, Америка ортиқ дунёдаги глобал сиёсий куч эмас. Ҳар ҳолда ҳозирги воқеалар шунга ишора қилмоқда.

Тушунтиришга ҳаракат қиламан: ҳозир дунёда иккита жиддий уруш кетмоқда. Трамп Россия ва Украина ўртасидаги урушни бир кунда тугатаман, деб катта кетганди. Лекин ўтган ярим йил ичида маълум бўлдики, Трамп ҳеч нарса қила олмади: уруш ўз йўналиши бўйича кетмоқда, фронтдаги натижа фақат Россия ва Украинага боғлиқ. Ҳар икки томон қўпол қилиб айтганда, океан ортининг босимини уч пулга илмай масалани мустақил ҳал қиляпти. Трамп эса фақат пост ёзяпти холос, уруш тақдирига таъсир қила олмаяпти.

Яқин Шарқда эса Исроил Эрон ҳарбий раҳбариятини бирма-бир ўлдириш билан банд. АҚШнинг энг асосий иттифоқчиси, Америка қўлловисиз мавжуд бўлиши имконсиз Исроил Трампнинг ихтиёрига зид тарзда Эрон билан урушяпти. Ахир Трамп барчасини дипломатия билан ҳал қилмоқчи, ҳатто Эрон олий раҳбарига хат ёзиб, у билан учрашишга тайёрлигини айтганди.

Бир томондан Эрон АҚШни жиддий қабул қилмай белгиланган муддатда ядровий келишув имзоламади, қайтанга вақтдан ютиб атом бомбаси яратишга яқинлашди. Бошқа томондан Исроил Трампнинг дипломатиясига қараб ўтирмай барчасини мушт билан ҳал қилишга киришди.

Ҳозир дунё иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг мураккаб даврни бошдан ўтказмоқда, сайёрада чинакам хаос ҳукмрон. Ва АҚШ бу хаосни юзага келтирган иккита урушга ҳам ҳеч қандай таъсир ўтказа олмаяпти. Бир неча йил аввал бунақасини тасаввур қилиш қийин эди...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси ­­– Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид