Иқтисодиёт | 21:03 / 14.06.2025
9433
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда насия савдо. Бир йилда бўлиб тўлаш 1,5 баробаргача қимматга тушади

Марказий банк насия савдо сегментини таҳлил қилди. Маълум қилинишича, iPhone смартфони мисолида, 1 йилга бўлиб тўлашга олинган товар 52 фоизгача қимматга тушади. Регулятор яширин қарз юкининг ўсишидан хавотир билдириб, насия фаолиятини ҳуқуқий ва молиявий тартибга солиш кераклигини урғулаган. Аниқланишича, насия савдо энг кўп ёшлар орасида оммалашган.

Сунъий интеллект яратган сурат

Марказий банк тадқиқотига кўра, Google'да “насия” сўзининг (лотин ва кирилл алифбосида) қидирувлари 2021 йил охиридан бошлаб кескин ўса бошлаган. Айниқса, лотин алифбосида ёзилган “насия” сўзи бўйича қидирувлар аниқ ва юқори ўсувчан трендни кўрсатмоқда. Бундан келиб чиқилса, насия савдога кўпроқ ёшлар қизиқиш билдирмоқда.

Насия ташкилотлари қўядиган устама

Iphone 16 Pro Max (256 GB) телефони мисолида ўрганилганда, агар товар 12 ойлик тўлов режаси билан насияга сотиб олинса, дўкон ва насия таъминотчиларига қараб товарнинг умумий қийматига 27,3 фоиздан 44,3 фоизгача (ўртача 39,6 фоиз) устама қўшилади. Буни банклардаги фоиз ставкасига конверсия қилганда, 47,1 фоиздан 73,8 фоизгача (ўртача 66,5 фоиз) бўлган ставка келиб чиқади.

Шунингдек, дастлабки тўловни ўз ичига олувчи насия савдосининг бошқа тури ҳам мавжуд. Масалан, “Brostore.uz” маиший техника дўконида юқорида танланган товар нархи 17 770 000 сўмни, дастлабки тўлов эса 30 фоизни, яъни 5 331 000 сўмни ташкил этади. Қолган 12 439 000 сўм 12 ойга бўлиб тўланса, ойлик тўлов миқдори 1 805 254 сўмни, товарнинг умумий қиймати эса 26 994 050 сўмни ташкил қилади, бу эса 51,9 фоизлик ортиқча тўловга тенг (маълумотлар 2024 йил декабр ойи ҳолатига).

Бошқа бир шаклда, “Idea” дўконлари маиший техникани ортиқча тўловларсиз, 6 ойга насияга сотишини эълон қилган. Бунда, Iphone 16 Pro (128 GB) телефонининг нархи 6 ойга бўлиб тўлангани учун 21 990 000 сўм деб белгиланган. Марказий банк ўрганишларига кўра, бу нарх – бозордаги ўртача нархга (14,4 млн сўм) нисбатан 52,4 фоизга юқори (маълумотлар 2024 йил декабр ойи ҳолатига).

Насия савдо ташкилотлари ҳолати

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) кредит бюроси билан шартнома тузган чакана савдо корхоналари сони 307 тани (бундан 53 таси ЯТТ) ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесимида бу корхоналарнинг 36,2 фоизи Фарғона вилоятида, 23,2 фоизи Тошкент шаҳрида, 12,6 фоизи Наманган вилоятида, 7,5 фоизи Андижон вилоятида ҳамда 5,5 фоизи Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган.

Паст кўрсаткичлар Сирдарё (1,2 фоиз), Жиззах (0,8 фоиз) ва Сурхондарё (0,4 фоиз) вилоятларига тўғри келмоқда. Ҳудудлардаги мазкур тақсимланиш ушбу ҳудудлардаги аҳоли сони, даромадлари ҳамда аҳолининг қарашларидан келиб чиқиб юзага келаётган бўлиши мумкин.

Бизнес турлари кесимида

КАТМ тизимига уланган корхоналарнинг 37 фоизи маиший техника товарлари чакана савдоси, 25 фоизи – ихтисослашмаган дўконларда бир нечта турдаги товарларнинг чакана савдоси, 11 фоизи – ахборот ва коммуникация ускуналари савдоси, 8 фоизи мебел ва маиший жиҳозлар савдоси билан шуғулланмоқда.

Бу корхоналарнинг тушумлари барқарор ва сезиларли ўсиб боряпти. Хусусан, 2018 йилда тушумлар 8,1 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб ушбу кўрсаткич 201,3 млрд сўмга етган (қарийб 25 баробар ўсиш). Таъкидлаш жоиз, тушумлар ҳар 1-2 йилда деярли икки баробарга ошиб борган. Айниқса, 2022-2023 йиллар оралиғида (қўшимча 35 млрд сўм) ва 2023-2024 йиллар оралиғида (қўшимча 94 млрд сўм) катта ўсиш қайд этилган. Бундай ўсиш насия савдонинг оммалашиб бораётгани ҳамда насия асосида таклиф этилаётган товар ва хизматлар хилма-хиллигининг кенгайиб бораётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, сўнгги 7 йилда бўлиб тўлаш сегментининг жадал ривожланиши фонида насия савдо ташкилотлари томонидан жалб қилинган банк кредити маблағлари ҳажми 2018 йилдаги 22,3 млрд сўмдан 2024 йилда 1 169,8 млрд сўмгача ёки 52 баробарга ошган.

Насия истеъмолчиларининг жинси ва ёши бўйича тақсимланиши

Марказий банк насия истеъмолчиларининг жинси ва ёши бўйича тақсимланишини аниқлаш мақсадида насия савдоси билан шуғулланувчи 2 та ташкилот (номи очиқланмаган) танлаб олиниб, улар бўйича танланма таҳлил ўтказган. Аниқланишича, насия хизматлари истеъмолчиларининг аксар қисмини (63 фоиз) 35 ёшгача бўлган аҳоли ташкил этади.

Бунда, насияга савдо қилган эркакларнинг 72 фоизи, аёлларнинг эса 53 фоизи 35 ёшдан кичик бўлган.

Таъкидланишича, 2024 йилда бу иккита насия ташкилотидаги жами мижозлар сони 1,9 млн кишини (1,1 млн эркаклар, 0,8 млн аёллар) ташкил этиб, бунда фақат битта насия ташкилотининг уникал фойдаланувчилари сони 1,7 млн кишига тўғри келган.

2025 йил 1 январ ҳолатига, бу уникал фойдаланувчиларнинг 777,5 минг нафарида қўшимча равишда банк кредитлари бўйича қарздорликлари мавжуд. Қарзнинг асосий қисми (68,7 фоиз) – микрокредитлардир.

Энг юқори ўртача шартнома суммаси 51-65 ёш гуруҳига тўғри келади: бу гуруҳдаги эркакларда шартноманинг ўртача суммаси 2,0 млн сўм, аёлларда 1,7 млн сўмга тенг. 18-25 ёшдаги аҳолида ўртача шартнома миқдори 900 минг сўм атрофида шаклланган.

Ҳудудлар кесимида олганда, бўлиб тўлашга товар ёки хизмат сотиб олган истеъмолчиларнинг 27 фоизи Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида яшайди.

Республика бўйича 2023 йилда бир кишига 2 та насия шартномаси тўғри келган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 3 тага етган. Бир кишига тўғри келадиган насия шартномалари сони Тошкентда 4 тани, Наманган ва Андижон вилоятларида 2 тани ташкил этган.

Насия истеъмолчиларининг 52,1 фоизида (971 минг киши) 1 та насия шартномаси, 17,7 фоизида (330 минг киши) – 2 та шартнома мавжуд. 4,4 фоизида ёки 82 минг кишида 10 та шартномадан кўпроқ.

Насия истеъмолчиларининг 52,1 фоизида (971 минг киши) 1 та насия шартномаси, 17,7 фоизида (330 минг киши) – 2 та шартнома расмийлаштирилган. Бўлиб тўлашга олганларнинг 4,4 фоизи ёки 82 минг нафари 10 тадан ошиқ насия шартномасига эга.

Хулоса

Насия савдо бир томондан истеъмолни рағбатлантирса, бошқа томондан улар билан боғлиқ хатарлар – яширин қарз юкининг ўсиши, тартибга солиш механизмларининг етарли даражада шаклланмагани шароитида ушбу сегментнинг молиявий барқарорликка салбий таъсирининг ортишига сабаб бўлиши мумкин, дея қайд этган Марказий банк.

Регуляторга кўра, Ўзбекистонда насия хизматлари билан боғлиқ хатарларни камайтириш ҳамда мазкур сегментнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида насия бозори фаолиятини ҳуқуқий ва молиявий тартибга солишнинг аниқ механизмларини жорий этиш долзарб вазифа сифатида қаралиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айни мавзу борасида Kun.uz ҳам ўз ўрганишларини эълон қилганди.

Мавзуга оид