Жаҳон | 11:39 / 14.06.2025
10682
3 дақиқада ўқилади

«АҚШ энг кучли ҳарбий ускуналарни ишлаб чиқаради ва Исроилда улар жуда кўп» – Трамп Эронга таҳдид қилди

Исроилнинг Эронга ҳужуми ва Теҳроннинг жавоб зарбалари ортидан АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга мурожаат қилди. «Уларга Қўшма Штатлар дунёдаги энг кучли ва ўлдирувчи ҳарбий ускуналарни ишлаб чиқаришини ва Исроилда уларнинг жуда кўпи борлигини, яна кўплари йўлда эканини айтдим», деган Трамп. Шунингдек, АҚШ етакчиси бундан-да шафқатсизроқ ҳужумлар бўлишидан олдин бу қирғинни тўхтатиш кераклигини айтган.

Фото: White House

13 июн куни тонг саҳардан бошланган Исроилнинг Эронга ҳужуми ва Теҳроннинг жавоб зарбалари ортидан АҚШ президенти Доналд Трамп тўғридан тўғри таҳдидлар билан Эронга мурожаат қилди.

«Мен Эронга келишув тузиш учун бир неча бор имконият бердим. Уларга энг қатъий сўзлар билан «шунчаки бажаринглар» деб айтдим, лекин улар қанча ҳаракат қилмасин, қанчалик яқинлашмасин, барибир бунга эриша олмади», деб ёзган АҚШ етакчиси ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.

Трамп баёнотида Эронга берилган таклифлари эътиборсиз қолгани ҳамда АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий кучини ошкора кўрсатишни хоҳлаган.

«Мен уларга бу уларнинг билган, кутган ёки уларга айтилган ҳамма нарсадан анча ёмонроқ бўлишини айтдим. Қўшма Штатлар дунёдаги энг кучли ва ўлдирувчи ҳарбий ускуналарни ишлаб чиқаришини, бу жиҳатдан ҳеч ким ёнига яқинлаша олмаслигини ва Исроилда уларнинг жуда кўпи борлигини, яна кўплари йўлда эканини айтдим. Улар [Исроил ҳарбийлари] бу ускуналардан қандай фойдаланишни билишади», деган Трамп.

Шунингдек, АҚШ етакчиси Эроннинг ўлдирилган ҳарбий генералларига ҳам тўхталган.

«Айрим эронлик ашаддийлар жасорат билан гапиришди, аммо улар нималар бўлаётганини билмасди. Уларнинг барчаси энди ЎЛДИ ва бу фақат ёмонлашади! Аллақачон катта ўлим ва вайронагарчилик содир бўлди, аммо олдиндан режалаштирилган кейинги ҳужумлар бундан-да шафқатсизроқ бўлишидан олдин бу қирғинни тўхтатиш учун ҳали вақт бор.

Эрон ҳеч нарса қолмасидан олдин келишув тузиши керак ва илгари «Эрон империяси» деб танилган нарсани сақлаб қолиши керак. Энди ўлим бўлмасин, энди вайронагарчилик бўлмасин, шунчаки бажаринглар – кеч бўлишидан олдин», деган Трамп.

Кейинги постида Трамп Эронга яна имконият берилганини таъкидлаган.

«2 ой олдин Эронга «келишув тузиш» учун 60 кунлик ултиматум бердим. Улар буни амалга ошириши керак эди! Бугун 61-кун. Мен уларга нима қилиш кераклигини айтдим, лекин улар бунга эриша олмади. Энди уларда эҳтимол, иккинчи имконият бор!» деб ёзган Трамп.

Трампнинг фаол ҳарбий можаро вақтида ёзган «оғир мурожаати» моҳиятан таҳдид ва босимга ўхшаган. Трамп бу нутқи билан Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий салоҳият мавжудлигини урғулаган ҳамда унинг ядровий дастурига қарши ҳар қандай воситани ишга солиш мумкинлигига ишора қилмоқда.

Ушбу баёнотда музокара эшиги очиқ, аммо фақат АҚШ шартлари асосида қабилида йўл тутилган. Шу билан бирга Эрон расмийлари ҳам бу баёнотни ультиматум деб баҳолаши ва бу уруш учун ички пропагандага ҳам хизмат қилиши мумкин. 

Мавзуга оид

Эълонлар