Жаҳон | 16:47 / 13.06.2025
4376
2 дақиқада ўқилади

Ҳали кеч эмас – Трамп Эронни ядровий битим тузишга чақирди

Оқ уй раҳбари Эрон агар келишувга эришмаса, навбатдаги ҳужумлар янада шафқатсизроқ бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Фото: REUTERS/Nathan Howard

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ҳукуматини вазият янада кескинлашмаслиги учун АҚШ билан ядровий битим тузишга чақирди.

Оқ уй раҳбари Исроил томонидан Эроннинг ядро ва ҳарбий объектларига зарбалари ортидан шундай баёнот берди.

«Мен Эронга келишувга эришиш учун имконият бердим. Лекин улар қанчалик уринмасин, буни уддалай олмадилар... Эроннинг баъзи қаттиққўл тарафдорлари дадил гапирди, лекин келажакда нима бўлишини билмас эди. Энди уларнинг ҳаммаси ўлиб кетди ва бундан ҳам баттар бўлади! Ўлим ва вайронагарчиликлар аллақачон кўп бўлди, бироқ бунга барҳам бериш учун ҳали имкон бор», деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, навбатдаги ҳужумлар янада шафқатсизроқ бўлади.

«Эрон келишувга эришиши ва бир вақтлар Эрон империяси деб аталган ҳудудни сақлаб қолиши керак. Шунда ўлимлар, вайронагарчиликлар бўлмайди, буни кеч бўлмасдан бажаринг. Худо барчангизни паноҳида асрасин!», деб қўшимча қилди АҚШ президенти.

Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга зарба берди. Нишонлар уранни бойитиш иншоотлари, ракета базалари, шунингдек, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси раҳбарияти ва ядро соҳаси олимлари бўлди. Эрон Қизил Ярим Ой жамияти маълумотларига кўра, мамлакатнинг 12 вилоятида берилган зарбалар оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган, 95 киши жароҳатланган.

Исроил мудофаа кучлари бу огоҳлантирувчи зарба эканини, чунки Эрон «ядро қуроли яратишга ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ» эканини маълум қилди. Шу билан бирга, АҚШ Исроилнинг Эронга қилган ҳужумига алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Исроилнинг зарбалари фонида Эрон ҳукумати АҚШ билан 15 июнь куни Ўмонда ўтказилиши режалаштирилган ядровий дастур бўйича музокараларда иштирок этмаслигини маълум қилди. Трамп музокаралар давом этишини кутаётганини айтди.

Мавзуга оид