Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳукумат қарори: Пропискаси йўқлар Тошкентда таксичилик қилолмайди
Вилоятликларга Тошкент шаҳрида таксичилик қилиш тақиқланди. Бу ҳақдаги қарорни Вазирлар Маҳкамаси 2 ой олдин муҳокамага чиқармасдан, ими-жимида қабул қилиб юборган. Прописка чекловлари амалда бўлган даврларни эслатувчи бу тақиқ фаол жамоатчилик норозилигига сабаб бўлмоқда.

11 июн куни эрталаб ижтимоий тармоқларда тарқалган: “Энди ҳамма ўзининг вилоятида таксичилик қилади” деган хабар рост бўлиб чиқди. Маълум бўлишича, бош вазир томонидан 2025 йил 2 апрел куни имзоланган қарорга асосан, таксичиларга лицензия варақасини бериш тартиби ўзгартирилган. Унга кўра, эндиликда автомобилнинг давлат рақами қайси ҳудудга оид бўлса, лицензия фақат ана шу ҳудуд ва унга туташ ҳудудда таксичилик қилиш учун берилади.
Ҳудуд деганда 14 та маъмурий бирлик – Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар тушунилади. Янги тартибга асосан, мисол учун Андижон вилоятида берилган, шу сабабли “60” ҳудудий кодига эга авторақам тақилган машинада фақат Андижон вилоятининг ўзида ҳамда унга туташ Фарғона ва Наманган вилоятларидагина таксичилик қилиш мумкин.
Бошқача айтганда, бундан буён Тошкент шаҳрида қонуний таксичилик қилиш учун лицензия олишни истасангиз, машинангизнинг рақами ё 01, ёки 10 кодига эга бўлиши керак. Акс ҳолда, лицензия талабларини бузиш ёки ноқонуний киракашлик фаолияти учун жавобгарликка тортиласиз. Қарор билан, Yandex Taxi, Uklon ва шу каби агрегаторларга мазкур талабнинг ижросини таъминлаш буюрилган.
Қарор ижроси бошлангунга қадар лицензия олишга улгурганлар 1 йилгача ўзлари хоҳлаган жойда таксичилик қилиши мумкин, чунки уларга лицензия эски қоидалар асосида, 1 йил муддатга берилган. Шу тариқа, пойтахт Тошкентда қонуний таксичилик қилаётган вилоятликлар сони мажбурий равишда камая бошлайди. Такси бозорида талаб пасаймасдан, фақат таклифнинг пасайиши – нархлар ошишига замин яратади.
Бу янгилик ижтимоий тармоқларда жиддий танқидлар оқимини келтириб чиқарди. Фаоллар ҳукумат қарорини конституцияга зид деб ҳисобламоқда. Ўзбекистон Конституциясининг 67-моддаси билан, республика ҳудудида меҳнат ресурслари, яъни ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши кафолатланган.
Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев янгиликни “прописка режимининг расман қайтиши” деб таърифлади.
“ПРОПИСКА РEЖИМИ расман қайтгани билан ҳаммани табриклайман! Қанчадан қанча “қон ютишлар” орқали бир амаллаб йўқотилган лаънати режим таксичилар мисолида яна ОРТГА ҚАЙТИБДИ! Конституцияга зид бўлса ҳам, барибир шу қарорни қабул қилишибди. Эҳ, прописка режими бекор қилингани Янги Ўзбекистондаги энг катта ютуқлардан бири сифатида эътироф этилган эди-я... Бунча тез ортга қайтамиз, деб ўйламагандим.
Таксичилар – бу бошланиши! Эртага вилоятлик сартарош ўзини вилоятида сочини олсин дейишади, вилоятлик новвой ўзини вилоятида нон ёпсин дейишади, вилоятлик ходимлар ўзини вилоятида ишласин дейишади”, – дея ёзди блогер.
Хушнудбек Худойбердиев ўз постида бу қарорнинг оқибатларини санаб ўтди.
“Биринчидан, энди Тошкентда таксилар қиммат бўлади.
Иккинчидан, 2 минутда келадиган такси 10 ёки 20 минутда келишни бошлайди, чунки қонуний таксичилар сони кескин камаяди.
Учинчидан, энди вилоятликлар ноқонуний таксичилик қилишга ўтади. Кўчаларда қўл кўтариб турганлар кўпайишни бошлайди, яширин иқтисодиёт яна гуллаб, яшнайди.
Тўртинчидан, энди қонуний ишламоқчи бўлган вилоятликлар ноилож ЎЗ МАШИНАСИНИ Тошкент пропискаси бор бирон танишининг номига ўтказишга, ўзи эса “ген доверенност” орқали юришга МАЖБУР бўлади. Натижада мулкий низоларнинг янги тўлқини бошланади, танишига ишониб, ўз машинасидан айрилиб қолган юртдошларимиз кўпайишни бошлайди”, – дейди ҳуқуқшунос Худойбердиев.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов агар қарордан мақсад Тошкент йўлларида тирбандликни камайтириш бўлса, бу ечим иш бермаслигини айтди, чунки вилоятлик таксичиларни чиқариб юборган билан шаҳар аҳолисининг енгил автомобилдан фойдаланишга бўлган талаби ва эҳтиёжи камайиб қолмайди. Иккинчи томондан, бу ерда инсонларнинг Конституция билан кафолатланган базавий ҳуқуқи ҳақида гап кетяпти.
“Агар қайсидир фаолият турида одамнинг келиб чиқиши сабаб бошқа вилоятларда ишлаши тақиқланса, инсонларнинг конституциявий ҳуқуқи масаласи кўтарилиши керак. Ўзбекистонликлар, Ўзбекистоннинг исталган худудида яшашга ва меҳнат қилишга бўлган ҳақлари чекланмаслиги керак”, – деди Беҳзод Ҳошимов.
Бошқа бир иқтисодчи Отабек Бакиров унинг фикрларини қўллаб, депутатларни Конституцион судга мурожаат қилишга чақирди. Унинг фикрича, энди Тошкент шаҳрида таксичилик қилаётган ўн минглаб Ўзбекистон фуқаролари олдида учта вариант қолади: ё машинасини сотиб Россияга мардикорликка кетиш, ё вилоятга қайтиб, ишсизлар ёки камбағаллар сафига қўшилиш, ёки бўлмаса олди-сотди шартномаси ва янги авторақам олиш учун камида 5,5 млн сўм сарфлаб, ўз машинасини тошкентлик танишининг номига ўтказиш.
“Пойтахтликлар вилоятликларни камситишга оид бу қарорнинг оқибатларини чўнтакларида сезишади. Такси нархлари ошади, йўналишсиз таксилар камаяди. [...] Ўзи ҳудудлардан келаётган арзон ишчи кучи Тошкентда хизматлар бўйича нархларни ушлаб турган кам омиллардан бири, агар ягонаси бўлмаса”, – дея ёзди Отабек Бакиров.
Тавсия этамиз
Одамлар энг тез ва секин қарийдиган мамлакатлар аниқланди
Жаҳон | 21:57 / 17.07.2025
Жиноят оламида бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та машина
Жамият | 13:40 / 16.07.2025
20 июлдан бошлаб 1-2 кунга хорижга чиққанлар Ўзбекистонга божсиз товар олиб киролмайди
Иқтисодиёт | 19:31 / 15.07.2025
Болаларни итдек вовуллатган «дефектолог»га янги жиноий иш очилди
Жамият | 18:06 / 15.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Туркий бирлик дарвозаси – Зангезур коридори атрофида нималар бўлмоқда?
Жаҳон | 20:28
-
Air China Ўзбекистонга биринчи парвозни амалга оширди
Ўзбекистон | 20:19
-
Google телефондаги зилзила ҳақида огоҳлантириш тизими қандай ишлашини тушунтирди
Фан-техника | 19:20
-
Куба президентликка номзодлар учун 60 ёш чегарасини бекор қилди
Жаҳон | 18:49
Мавзуга оид

20:19 / 18.07.2025
“Бу нарса барибир кўтарилади” – Мурод Назаров нега дарахтлар кесиш тартибини ўзгартиришни сўради?

09:04 / 18.07.2025
Тошкент ва Фарғонада ички ишлар соҳасидаги пенсионерлар ҳуқуқбузарликлар профилактикасига жалб қилинади

23:57 / 17.07.2025
Тошкентда Кичик ҳалқа автойўлининг бир қисми 4 кунга ёпилади

22:53 / 17.07.2025