Ўзбекистон | 19:46 / 09.06.2025
13136
4 дақиқада ўқилади

Москвада ОМОН мигрантларга куч ишлатди. Ўзбекистон ТИВ ва Миграция агентлиги вазиятни ўрганмоқда

8 июн куни Россия кучишлатар тузилмалари Москвада ўтказган рейд тадбирларида мигрантларни ҳақоратлаб, куч ишлатди. Санкт-Петербургдаги рейдда эса 200 киши кўчада тунашга мажбур бўлган. Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ҳолат назоратга олинганини айтиб, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бўлса мурожаат қилишни сўради.

Фото: Видеодан кадр

2025 йил 8 июн куни Россия кучишлатар тузилмалари Москва шаҳрининг Строгино туманида мигрантларга қарши рейд ўтказди. Маҳаллий ОАВларга кўра, рейд тадбири РФ Мудофаа вазирлигига қарашли объектлардан бирида МДҲ давлатларидан келган фуқаролар яшайдиган ётоқхонада ўтказилган. Тадбирда меҳнат муҳожирларининг ҳужжатлари текширилган, уларнинг айни қайси давлат фуқаролари эканига ойдинлик киритилмаган.

Рейд давомида Омон махсус бўлинмаси марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига қўпол ва ноинсоний муносабат қилган. Хусусан, мигрантлар хоналардан ҳайдаб чиқарилган, куч тузилмалари ходимлари мигрантларни ҳақорат қилган, куч ишлатиб урган ва тепган, баъзиларига ҳаттоки электрошокер билан ҳужум қилган. Бундай ноқонуний ҳаракат куч тузилмаларининг ўзи томонидан видеога олиб турилган.

«База» нашри маълумотларига кўра, рейд натижасида ходимлар ҳужжатларида муаммо бўлган 5–6 кишини бўлинмага олиб кетган. Ҳозирча Москвада ўтказилган ушбу рейд ҳақида бошқа маълумотлар йўқ.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси Москвада бўлган ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат берди.

«Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Россия федерациясининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан расмий маълумот кутилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Москва шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси ушбу масалани назоратга олган.

Маълумотларга кўра, рейд якунида ҳужжатларида муаммо аниқланган 5–6 нафар шахс ушлаб қолиниб, ҳолатни аниқлаш мақсадида ички ишлар бўлимига олиб кетилган», дейилади ваколатхона баёнотида.

Шунингдек, Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ушбу вазиятда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари мавжуд бўлса, жумладан, уларга тан жароҳатлари етказилган, ҳуқуқлари бузилган ёки бошқа муаммоларга дуч келган бўлса, ҳолат юзасидан мурожаат қилишни сўраган.

Агентликнинг Россиядаги алоқа маълумотлари:

Телефон: +7 925 045-47-44

Telegram: @pomoshrussiamigrant

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Kun.uzʼга «айни вақтда ҳолат ўрганилаётганини» маълум қилди.

Бундан ташқари, 3-4 июн кунлари Санкт-Петербургда ҳам ноқонуний муҳожирларни аниқлаш бўйича рейд ўтказилди. Унинг натижасида 200 дан ортиқ хорижликлар полиция бўлимларига олиб кетилди. Уларнинг кўпчилигига маъмурий қонунбузарликлар учун жарима солинган, 30 кишига эса мамлакатни тарк этиш тўғрисида расмий огоҳлантириш берилган.

Ўша рейдлар туфайли «Красный текстильщик» кўчасида жойлашган Ягона миграция маркази ёнидаги кўчалар тўсиб қўйилиб, мигрантлар учун «қафас» ташкил қилинган.

«Ягона миграция марказининг тор ҳудуди металлодетекторли рамкалар ва панжара билан ўраб қўйилган. Фотосуратларда унинг олдида камида икки «қафас» ўрнатилгани кўринади — бири эркаклар, бири аёллар учун. Ичкарида фақат асфалт устида тик туриш ёки ўтириш мумкин эди. «Бизни полга ўтқазиб ёки тик туриб тутишяпти, гўёки қўйлар каби», — деди маҳаллий нашр билан суҳбатлашган мигрантлардан бири.

Натижада марказга туташ хиёбонда 200 нафарга яқин меҳнат муҳожирлари кўчада тунашга мажбур бўлган. Улар текширувлар туфайли ҳужжатларни расмийлаштиришга ҳам улгурмаган. Сув олиш учун ташқарига чиқиш тақиқланган, одамларни фақат соат 19:00 дан 20:00 гача кириш-чиқиш учун қўйиб юборишган. Кечаси ташқарида совуқ бўлган. Эрталабдан марказ бир неча кишилик гуруҳларда аризачиларни қабул қилишни бошлаган. Шу билан бирга, полиция ва Росгвардия эртаси куни ҳам марказга киришга уринаётган муҳожирларнинг ҳужжатларини оммавий текширган».

Маълумот учун, аслида Ягона миграция марказига меҳнат муҳожирлари – иш патентини расмийлаштириш, вақтинча яшаш гувоҳномаси, доимий яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролик олиш учун келади. Бундан аввал ҳам ижтимоий тармоқларда хорижий фуқаролар ҳужжат олиш учун кўп соатлаб навбатда туришга мажбур бўлаётгани, тиқилинчда бир нафар Тожикистон фуқароси вафот этгани айтилган эди.

Мавзуга оид