Ўзбекистон | 16:35 / 08.06.2025
4056
1 дақиқада ўқилади

Болгария президенти 9 июн куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади

Ташриф доирасида қатор икки томонлама битимлар имзоланиши режалаштирилган. Шунингдек, Болгария президенти IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этади.

Фото: Getty images

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Болгария президенти Румен Радев 9-11 июн кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф дастурига мувофиқ, икки мамлакат етакчиларининг музокаралари, расмий ва ишбилармонлик тадбирлари ўтказилиши, қатор икки томонлама битимлар имзоланиши режалаштирилган.

Ўзбекистон ва Болгария президентлари ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантириш, шу жумладан, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, агросаноат мажмуи, фармацевтика тармоғи, кончилик, рақамлаштириш соҳаларида кооперацияни йўлга қўйиш, туризм ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқади.

Болгария президенти Румен Радев IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этади.

Аввалроқ Словакия бош вазири Роберт Фицо 8–10 июн кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиши тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид