Иқтисодиёт | 13:21 / 05.06.2025
1831
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон паррандачилик маҳсулотлари Британияга етказилади

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Британия паррандачилик кенгаши ижрочи директори Ричард Гриффитс билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Унда, шунингдек, наслли парранда етиштириш бўйича дунёдаги энг илғор компаниялардан бири – Aviagen Group'нинг Британия офиси раҳбари Блейк Уилямсон онлайн тарзда иштирок этди.

Ричард Гриффитснинг таъкидлашича, кенгашга аъзо компаниялар Британияда парранда гўшти ишлаб чиқаришнинг 2/3 қисмини қоплайди. Улар мазкур йўналишдаги бутун озиқ-овқат занжирини қамраб олган: наслчилик, инкубация, парвариш, сўйиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш. Соҳада 35 мингдан ортиқ иш ўрни мавжуд. Британия компаниялари айниқса зотдор, насл олинадиган товуқлар етиштиришда ва дунё бўйлаб етказиб беришда етакчи ҳисобланади.

Музокаралар чоғида Британия бозорига Ўзбекистондан паррандачилик маҳсулотларини етказиш, мамлакатга зотдор паррандалар импортини енгиллаштириш, сертификатлаш тизимларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Соҳадаги илғор тажриба ва "ноу-хау"лар билан яқиндан танишиш мақсадида Британиядаги етакчи ишлаб чиқарувчилар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.

Мавзуга оид