Жаҳон | 12:10 / 03.06.2025
3649
2 дақиқада ўқилади

Алиев: «Аср шартномаси» минтақадаги геосиёсий ва геоиқтисодий вазиятни ўзгартирди

Илҳом Алиев 30-Caspian Oil and Gas, 13-Caspian Power кўргазмаси ва 30-Baku Energy Forum форумининг расмий очилиш маросимида қатнашди.

Фото: Facebook / BakuEnergyWeek

«Аср шартномаси» ҳақиқатда минтақадаги геосиёсий ва геоиқтисодий вазиятни ўзгартирди. Бу ҳақда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 30-Caspian Oil and Gas, 13-Caspian Power кўргазмаси ва 30-Baku Energy Forum форумининг расмий очилиш маросимида айтиб ўтди.

«Биринчи Каспий нефт ва газ кўргазмаси 1994 йилда ташкил этилган бўлиб, ундан сўнг дарҳол Озарбойжон халқаро нефт компаниялари консорциуми билан шартнома имзолади, у кейинчалик «Аср шартномаси» деб ном олди ва минтақадаги геосиёсий ва геоиқтисодий вазиятни амалда ўзгартирди», – деди давлат раҳбари.

Президент бугунги кунда Озарбойжон барқарор сиёсий тизимга эга, иқтисодиёти ривожланаётган давлат эканини таъкидлади.

Алиевнинг айтишича, Озарбойжонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва мамлакатнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизидан кам.

Президентнинг сўзларига кўра, Озарбойжоннинг «Яшил кун тартиби» жуда амбицияли. Нефт ва газга бой мамлакат хорижий сармоядорлар билан биргаликда яшил энергияга сармоя киритаётгани бизнинг масъулиятимизни намоён этади, деди у.

Давлат раҳбари, шунингдек, шундай яшил энергия салоҳиятига эга Озарбойжоннинг электр энергиясига нисбатан ортиб бораётган эҳтиёжини асосан қайта тикланадиган манбалар орқали қондириш мумкинлигини таъкидлади. 

Мавзуга оид