Ўзбекистон | 07:53 / 30.05.2025
4142
2 дақиқада ўқилади

ДХХ Хоразм ва Сирдарёда фирибгарлик ҳолатларини аниқлади

Хоразм ва Сирдарёда фирибгарлик ҳолатлари фош этилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Хоразм вилоятидаги туманлардан бирининг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими бошлиғи хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитлар ва биокомплекслар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли 27 тонна “Биостимулятор” ўсимликлар озуқасини маҳаллий фермер хўжаликларига қиммат нархларда сотиш учун шартнома тузишда амалий ёрдам бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланди.

Ҳозирда ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса “Гулистоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлими кичик, ўрта бизнес ва бюджет истеъмолчилари билан ишлаш бўлинмасининг етакчи муҳандиси ҳамда маҳаллабай ишлаш хизмати бошлиғи ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқаронинг хонадонида табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати юзасидан аниқланган 164 млн. сўмлик зарар суммасини 14 млн сўмгача камайтириб бергани эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилади. 

ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ИЖҚКД ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда муҳандис ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан муҳандис ва бўлим бошлиғига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид