Жамият | 14:53 / 29.05.2025
9216
3 дақиқада ўқилади

Суд журналист Анора Содиқованинг даъвосини рад этди

Анора Содиқова Муфаса тахаллуси билан саҳифа юритадиган Мирсаид Ҳайдаров устидан шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақида судга шикоят киритган эди. Суд даъво талабларини рад этган. Содиқованинг айтишича, жамоатчилик учун ёпиқ тарзда ўтган судда судя қарши тарафга ён босган ва нохолис ўтган.

Анора Содиқова ва Мирсаид Ҳайдаров

28 май куни Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди журналист Анора Содиқованинг Муфаса тахаллуси билан саҳифа юритадиган Мирсаид Ҳайдаровга нисбатан даъво аризаси бўйича ҳал қилув қарорини эълон қилди.

Аввалроқ журналист Анора Содиқова шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш бўйича судга шикоят киритганди.

Содиқова ўз аризасида блогер Муфасанинг Facebookʼдаги 7 та постида ўз шаъни, қадр-қиммати камситилгани ва туҳматга учрагани ҳақида маълум қилган.

Мазкур ишни кўриб чиқиш жараёни жорий йил 26 феврал куни судя Дилноза Шоматова раислигида бошланган. Анора Содиқованинг Kun.uzʼга маълум қилишича, судга 3 та экспертиза хулосалари тақдим қилинган.

«Битта экспертизани ўзимиз қилдирдик, яна битта давлат экспертидан судяни ўзи сўраб олди. Учала ҳолатда Мирсаид Ҳайдаровнинг сўзларидан ҳақорат ва менинг шаънимни камситувчи сўзлар борлиги бўйича хулоса берилди.

Шунга қарамай, судя экспертларнинг маълумотларини инобатга олмади ва даъвони қаноатлантирмади. Умуман, суд давомида судя кўп марта қарши тарафга ён босганини кўрдим. Бошиданоқ суд ишини ёпиб қўйди, иш давомида илтимосномаларимиз рад этилди. Шу сабабли судни нохолис бўлди, деб ҳисоблайман», деди Анора Содиқова Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

«Бу ерда Мирсаидов менинг исм-фамилиям, расмларимни пост қилиб, очиқ ҳақорат ва обрўсизлантирилган бўлишимга қарамай, касбим ва фаолиятимни хунук сўз билан ҳақорат қилганига қарамай, судя даъвойимни қаноатлантирмади. Менинг назаримда, ҳокимият идораси вакиллари ҳар қанча ҳақорат қилиш ҳуқуқига эга-ю, лекин журналистлар танқидий фикрлар билдириш ҳуқуқи ҳам йўқдай туюлмоқда. Судянинг ўзи ҳам сўз эркинлиги ва ҳақорат ўртасидаги қизил чизиқни босиб ўтиш малакасига эга эмасдай туюлди», дейди Анора Содиқова.

Судга Мирсаид Ҳайдаровнинг ўзи келмаган, унинг адвокатлари қатнашди.

Анора Содиқова айни вақтда мазкур суд қарори юзасидан апелляция шикояти беришини таъкидлади. Суд қарорида шунингдек, Анора Содиқова ҳисобидан давлат фойдасига 750 минг сўм давлат божи ундирилиши қайд қилинган. 

Мавзуга оид