Жаҳон | 18:16 / 29.05.2025
2811
3 дақиқада ўқилади

АҚШ 13 йилдан сўнг Суриядаги элчихонасини қайта очди

АҚШнинг Суриядаги махсус вакили Томас Баррак ва Сурия ташқи ишлар вазири Ҳасан ал-Шайбоний 29 май куни Дамашқдаги элчихона резиденциясида Қўшма Штатлар байроғини кўтарди. АҚШ расмийси Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа билан ҳам учрашув ўтказди.

Фото: Сурия ташқи ишлар вазирлиги

АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва Суриядаги махсус вакили Томас Баррак 29 май куни Сурия пойтахти Дамашқдаги элчихона резиденциясида АҚШ байроғини кўтарди. Бу ҳодиса Суриядаги АҚШ элчихонаси 2012 йилда ёпилганидан бери биринчи марта юз берди.

Элчихонанинг қайта очилиш маросимида Сурия ташқи ишлар ва муҳожирлар ишлари бўйича вазири Ҳасан ал-Шайбоний ҳам қатнашган.

Шунингдек, Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа ўз қароргоҳида ТИВ, мудофаа ва разведка хизмати раҳбарлари ҳамроҳлигида Томас Баррак билан учрашув ўтказган.

Reuters нашрига кўра, сўнгги ҳафталарда Сурия янги маъмурияти билан АҚШ тез суръатда алоқаларни тикламоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп май ойининг ўрталарида Саудия Арабистонининг Риёд шаҳрида Сурия янги президенти Аҳмад аш-Шаръа билан учрашиб, Сурияга нисбатан санкцияларни юмшатишини айтган эди.

«Мен АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак — Сурияга махсус вакил сифатида хизмат қилишини мамнуният билан эълон қиламан. Баррак — Сурияда экстремизмни тўхтатиш, муносабатларни яхшилаш ва Яқин Шарқда тинчликни таъминлаш бўйича катта имкониятлар борлигини тушунади. Биргаликда биз Американи ва бутун дунёни яна хавфсиз қиламиз!» — дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда Давлат департаментининг Яқин Шарқ бўлими.

Куни кеча Европа Иттифоқи ҳам Сурияга нисбатан барча иқтисодий санкциялар ечилганини маълум қилган эди.

Туркиядаги АҚШ элчиси лавозимини эгаллаб турган Баррак 23 май куни Сурияга АҚШ махсус вакили этиб тайинланди ва ҳозир мамлакатга илк расмий ташрифини амалга оширмоқда.

АҚШ Дамашқдаги элчихонасини 2012 йил феврал ойида, ўша пайтдаги президент Башар ал-Асадга қарши норозилик намойишлари бошланганидан деярли бир йил ўтиб ёпган эди. Шундан сўнг Сурияга тайинланган АҚШ вакиллари мамлакатга ташриф буюрмаган ва ўз фаолиятларини хориждан олиб борган.

Сурияда ўнлаб йиллар давом этган Асадлар оиласи диктатураси оқибатида юз минглаб одам ҳалок бўлди, миллионлаб одамлар уйларини ташлаб чиқди. Ғарб давлатлари Башар Асадга қарши санкциялар киритди ва дипломатик алоқаларни узди, бироқ Асад Эрон ва Россиянинг ёрдами билан ҳокимиятни сақлаб қолди.

Асад режими 2024 йил декабр ойида Аҳмад аш-Шаръа бошчилигида амалга оширилган ҳарбий ҳужум натижасида ҳокимиятдан ағдарилди. Башар Асад Москвага қочиб кетди.

Мавзуга оид