Ўзбекистон | 14:16 / 27.05.2025
1893
5 дақиқада ўқилади

Сирдарёда муҳандислик ва агротехнологиялар институти ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг "Янгиер давлат муҳандислик ва агротехнологиялар институтини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлигининг Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ва Гулистон давлат университетининг қишлоқ хўжалиги ҳамда муҳандислик-техника йўналишлари ва мутахассисликлари негизида Янгиер давлат муҳандислик ва агротехнологиялар институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Институтнинг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда ҳудуднинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш;
  • таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;
  • ихтисослик соҳалари бўйича таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни кучайтириш ҳамда таълим дастурларининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;
  • соҳа ташкилотларида талабаларнинг малакавий амалиётини ва профессор-ўқитувчиларнинг стажировкасини ташкил этиш, шунингдек, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишлари ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш;
  • талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш.
  • бириктирилган техникумларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, методик қўллаб-қувватлаш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш.

Белгилаб қўйилишича:

а) институт Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига идоравий жиҳатдан бўйсунади ҳамда Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
б) 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига институт дипломи берилади;
в) институтда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:
ҳудудий ривожланиш дастурларига мувофиқ эҳтиёж юқори бўлган муҳандислик, ишлаб чиқариш, математика, информатика, яшил энергетика, сунъий интеллект, агротехнология, ахборот технологиялари ва дастурлаш каби соҳалар учун кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
дарс машғулотларини амалиёт билан бирга ташкил этиш мақсадида тегишли йўналишлар бўйича таълим жараёни дуал таълим шаклида йўлга қўйилиб, корхона ва ташкилотларда кафедра филиаллари ташкил этилади ҳамда таълим жараёнига узоқ йиллик меҳнат тажрибасига эга амалиётчи мутахассислар жалб этилади;
янги ташкил этилган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича хорижий давлатлар ва республикадаги етакчи олий таълим ташкилотлари билан иккита диплом беришга асосланган қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади;
алоҳида гуруҳларда бакалавриат ва магистратура босқичларида таълим жараёни хорижий тилларда ташкил этилади ҳамда таълим дастурлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказишга тайёрланади.
г) 2027-2028 ўқув йилига қадар институтнинг камида иккита таълим дастурларини (бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги) халқаро тан олинган ташкилотлар аккредитациясидан ўтказилади;
д) институтга талабаларни қабул қилиш сони ҳар йили тасдиқланадиган республика давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;
е) 2025-2026 ўқув йили қабулидан бошлаб Гулистон давлат университетининг қишлоқ хўжалиги ҳамда муҳандислик-техника йўналишларига талабалар қабули тўхтатилади ва Гулистон давлат университетининг мазкур таълим йўналишлари ва мутахассисликларда таҳсил олаётган барча талабалари ўқишини Гулистон давлат университетида давом эттиради;
ё) институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • ўқув режаларидаги назарий таълим улушини қисқартириш ҳисобига амалий машғулотлар ҳажмини ошириш, ҳафтада икки кунлик амалиёт тажрибасини қўллаш;
  • институт фаолияти йўналишлари бўйича маслаҳат ва эксперт-таҳлилий хизматларни шартнома асосида кўрсатиш, шунингдек, тақдим этиладиган хизматларни самарали амалга ошириш учун илмий-тадқиқот, ишлаб чиқариш ва инновацион хизмат кўрсатувчи ташкилотларни ташкил этиш;
  • хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва уларга меҳнат бозори конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маош ҳамда бошқа тўловларни белгилаш ва тўлаш;
  • профессор-ўқитувчиларни ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари ва “устоз-шогирд” тизими бўйича бажарган ишларининг натижасига кўра рағбатлантириб бориш.

Мавзуга оид