“Кореяда олган тажрибани қишлоғимда қўлламоқчиман” – бўш ерларни ўзлаштираётган шаҳрихонлик йигит
Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Дўлан қишлоғида истиқомат қилувчи Шукрулло Тўхтасинов Жанубий Кореяда қишлоқ хўжалиги соҳасида 6 йил давомида ишлаб анча тажриба орттирди. Ўзбекистонга қайтиб келган Шукрулло гектарлаб бўш турган зовур бўйидаги ерларни ўзлаштиришга киришди. Фойдаланилмаётган ерларда экин етиштиришдан ташқари ипак қурти парваришини ҳам ривожлантирмоқчи. Ўзи яшаётган ҳовлисида эса инновацион иссиқхона ташкил қилди.

29 ёшли Шукрулло қишлоқда ўқув маркази очиб, ёшларини бепул ўқитмоқчи.
“Кореяда ишлаб, корейсларнинг бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишини ўз кўзим билан кўрдим. Ўзбекистонга келиб эса фойдаланилмаётган қаровсиз ерлар кўплигини кўриб рости ачиндим.

Фермерларнинг бўш ётган ерларини, ички зовур ёнбағрини намуна учун тозаладим. Полиэтилен қувурлар қўйиб, махсус чириндилар солиб помидор, булғор қалампири, бодринг экдим. Натижаси яхши бўляпти. Бўш ётган зовур бўйида трактор, техника юра олмайди. Сабаби зовурни тўрт йилда бир экскаватор қазиб, тупроғини зовур бўйига тўкади. Шунинг учун тозалаш ишларини қўл меҳнати билан амалга оширяпман.
Менда яна битта ғоя бор. Зовурларда пластик идишлар оқиб келяпти. Шуларни тўпласак-да, махсус техника сотиб олиб, қайта ишлаб, пластик қувурларни ўзимиз тайёрласак. Шунда табиатга ҳам яхшигина фойда келтирган бўлардик.
Жанубий Кореяда олти йил мобайнида инновацион иссиқхоналардан тортиб оддий иссиқхоналаргача ўрганганман, устаман. Ҳар соҳада тажриба бор. Ипак қурти боқиш учун ҳам тажриба бор. Сабаби ёшликдан оиламизда ипак қурти боқардик. Апрелдан майгача ипак қуртини парвариш қилиб, қолган мавсумда худди шу иссиқхона тепасига плёнка ёпиб, бошқа полиз маҳсулотларини ҳам иссиқхона ичида етиштирса бўлади.
Қаровсиз ётган ерларни аниқлаб, ипак қурти учун махсус уйлар ташкил қилиб, ишсиз юрган юртдошларимизнинг яхши даромад олишларини ташкиллаштириб бериш ниятида юрибман.
Жанубий Кореяда энг қиммат ҳунарларни ўргандим. Беш хил “сварка” усулини биламан. Инновацион лойиҳа асосида қуриладиган иссиқхоналар, оддий иссиқхонадан тортиб мураккаб иссиқхоналаргача ўргандим. Мавсумий ишларнинг барчасида ишладим.
Уйимга Кореяга технологияси асосида тропик мевалар етиштириш учун иссиқхона қурдим. Ҳозирча банан, қулупнай экдик. Энди эса папая экмоқчиман.
Қулупнай тайёр, пишиб ётибди мана. Бундан ташқари яна лимонларни экиб қўйдик. Бир сўз билан айтганда Жанубий Кореяда ўрганган билимларимдан ўз юртимда фойдаланмоқчиман. Қишлоғимда бир қарич бўш ерни қолдирмайман”, – дейди Шукрулло Тўхтасинов.
Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.
Мавзуга оид

14:47 / 12.06.2025
Ўзбекистон ва Россия экспортни ривожлантиришга қаратилган шартномани имзолади

09:33 / 12.06.2025
“Ташқи босим орқали фермерларни ердан маҳрум қилишга уриниш қонунчиликка мутлақо зид” – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

20:10 / 11.06.2025
Жанубий Корея КХДР билан чегарада ташвиқот радиосини ўчирди

14:10 / 09.06.2025