Жаҳон | 17:01 / 24.05.2025
12759
2 дақиқада ўқилади

Туркияда «Султон Сулаймон» 1 йил 10 ой шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Султон Сулаймон II роли билан танилган актёр Холид Эргенч ёлғон кўрсатма берганликда айбли деб топилди.

Туркиянинг Истанбул шаҳри суди «Муҳташам аср» сериалидаги Султон Сулаймон II роли билан танилган актёр Холид Эргенчни тергов жараёнида ёлғон кўрсатма бергани учун 1 йил 10 ой қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Суд дастлаб Эргенчни 2 йил 3 ойга озодликдан маҳрум қилди, бироқ судга ҳурмат кўрсатгани учун жазо муддати қисқартирилди. Актёр Ризо Кожаўғли ҳам қамоқ жазосини олди. Аммо, иккала актёрга нисбатан судланганлик ҳолатлари йўқлиги сабабли жазо тури шартли қилиб қўйилди. Энди улар қамалмайди.

Ҳукм 2013 йилда Истанбулнинг Гези боғида экологик норозилик сифатида бошланган ва ҳукуматга қарши кенг кўламли ҳаракатга айланган оммавий норозиликлар билан боғлиқ.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Холид Эргенч бу ишга гувоҳ сифатида жалб қилинди: терговчилар уни жиноий ишдаги асосий шахслардан бири, актёр ва фаол Мемет Али Алобора билан алоқалари ҳақида қизиқди. Эргенч у билан алоқалари ҳақида ёлғон кўрсатма берганликда айбланди, чунки телефон суҳбатлари маълумотлари ва намойишлар пайтида Алобора билан тушган фотосуратлари кўрсатмаларига мос келмади. Прокуратура Эргенчни 2 йилдан 4 йилгача озодликдан маҳрум қилишни талаб қилди.

Суд жараёнида Эргенч ўз кўрсатмаларида фақат саволларга жавоб берганини ва ёлғон гапирмаганини айтиб, айбловларни рад этди. Унинг тушунтиришича, ишда иштирок этган бошқа шахслар, жумладан менежер Ойша Борим билан танишуви юзаки бўлган ва яқин алоқаларни назарда тутмайди. Актёр фотосуратлари эълон қилинганидан сўнг, улар ўзининг воқеалардаги роли ҳақида жамоатчиликни чалғитганини айтиб, қарши даъво аризаси бермаганидан афсусда эканини билдирди.

Мавзуга оид