«Яқин орада Шимолий Кипрнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган кунларни ҳам кўрамиз» – Эрдўған
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Будапештдаги саммитда Шимолий Кипрсиз «туркий дунёнинг оилавий суратлари» ҳеч қачон тўлиқ бўлмаслигини айтди. «Қардошлик ришталари биздан бир-биримизни ҳимоя қилишни ва бирдамлигимизни кучайтиришни талаб қилади», деган Туркия етакчиси.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған / Фото: Султан Досалиев
21 май куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Унда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған нутқ сўзлаб, Шимолий Кипрсиз «туркий дунёнинг оилавий суратлари» ҳеч қачон тўлиқ бўлмаслигини айтди.
«Кипр, Қорабоғ, Босния ва бугунги Ғазо каби фожиавий воқеалар бизга чегараларимиздан ташқаридаги адолатсизликларга нисбатан ҳам бефарқ бўлмаслигимиз кераклигини эслатади. Ҳар қандай имкониятда адолатли тартиб, тенг тақсимот ва қоидаларга асосланган тизим тарафдори эканимизни билдиришимиз керак. Қардошлик ришталари биздан бир-биримизни ҳимоя қилишни ва бирдамлигимизни кучайтиришни талаб этади. Шунинг учун Шимолий Кипр Турк Республикасининг (ШКТР), туркий дунёнинг ажралмас бўлаги сифатида бу оилавий йиғин томонидан кўпроқ қўллаб-қувватланишини муҳим деб ҳисоблайман.
Шимолий Кипр халқининг ҳуқуқ, эркинлик ва адолат йўлида олиб бораётган курашини туркий дунё тўлиқ елкадош бўлиб қўллаб-қувватлаши керак. Май ойида ушбу давлатда бўлиб ўтган Донишмандлар кенгашининг йиғилишини шу нуқтаи назардан жуда аҳамиятли деб биламан. Шимолий Кипр бўлмаган туркий дунё манзараси ҳеч қачон тўлиқ бўлмайди. Шу боис, Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий академияга кузатувчи аъзолигини тасдиқлашимиз муҳим қадам бўлди. Умид қиламанки, яқин орада Шимолий Кипрнинг Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлган кунларини ҳам кўрамиз», – дея Эрдўғаннинг сўзларини келтирмоқда унинг матбуот хизмати.
Шунингдек, Эрдўған Ғазо секторидаги аҳволни «замонавий даврнинг энг жиддий гуманитар фожиаси» деб атади ва бу ерда тинч аҳоли «ҳақиқий дўзах»ни бошдан кечираётганини айтган.
«Замонавий тарихдаги энг даҳшатли гуманитар фожиалардан бири бўлаётган Ғазода тинч аҳоли дўзахни бошидан кечирмоқда. БМТ огоҳлантиришича, агар ёрдам етказилмаса, 14 миллион чақалоқ ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Туркий дунё сифатида Ғазода ўт очишни тўхтатиш, инсонпарварлик ёрдамини тўсиқсиз етказиш, шаҳарни қайта тиклаш ва барқарор тинчлик жараёнини таъминлашдаги ҳиссамиз катта аҳамиятга эга. Минтақамизда барқарорликни таъминлаш йўлида Исроилнинг чексиз экспанционизми билан курашиш ҳамда Фаластин, Ливан ва Сурия ҳудудий бутунлигини қўллаб-қувватлаш зарур», деган Туркия етакчиси.
Президент Эрдўған, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотини бошқарув, кадрлар ва бюджет жиҳатидан кучайтириш зарурлиги, шу боис бош котибият бюджетини икки баробар оширишни фойдали деб билишини айтган.

Фото: Султан Досалиев
Туркий давлатлар ташкилоти — туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2009 йилда Нахчивонда тузилган халқаро ташкилотдир. Унинг асосий мақсадлари қаторига туркий халқлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш киради. Ташкилотга Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон аъзо давлат, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи давлат мақомида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 3-4 апрел кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи саммити якунида Самарқанд декларацияси имзоланган эди. Декларациянинг бандларидан бири ўлароқ, МО давлатлари Кипрнинг бирлиги урғуланган БМТнинг 541- ва 550-резолюцияларига қўшилганди.
Бу резолюциялар эса Шимолий Кипр Турк Республикасининг халқаро ҳуқуқий мақомини тан олмайди ва уни ноқонуний деб ҳисоблайди. Шу сабабли, БМТ аъзоси бўлган давлатлар, ушбу резолюциялар асосида Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олмаслиги керак.
Ҳозирда фақат Туркия Шимолий Кипрни расмий равишда тан олган ягона давлатдир.
Мавзуга оид

20:11 / 31.05.2025
Эрдўған Путин ва Зеленскийни тўғридан тўғри музокараларга чақирмоқда

17:20 / 28.05.2025
Бирлик сари 71 қадам. Туркий лидерлар илк марта Венгрияда йиғилди

17:07 / 21.05.2025
Шавкат Мирзиёев Украина можаросини дипломатия ва музокаралар йўли билан ҳал этишга чақирди

16:01 / 21.05.2025