Францияда криптобизнесменларга ҳужумлар серияси кузатилмоқда
Уларни ёки оила аъзоларини ўғирлаб кетиб, катта миқдорда пул талаб қилишмоқда.

Gonzalo Fuentes / Reuters / Scanpix / LETA
Францияда бир неча ой ичида крипто-тадбиркорлар ва уларнинг қариндошларига қарши бир қатор ҳужумлар содир бўлди. Ҳужумларнинг мақсади ҳар сафар бир хил – пул эвазига ўғирлаш. Ва баъзи уринишлар муваффақиятли бўлди. Шунга ўхшаш воқеалар дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам содир бўлмоқда, аммо Францияда муаммо аллақачон ички ишлар вазирига етиб борган – ва у булар аҳён-аҳёнда учрайдиган ҳодисалар эмаслигини тасдиқлаган. Катта эҳтимол билан, крипто-бойларни овлайдиган қандайдир жиноий гуруҳ юзага келган, деб ёзади The Wall Street Journal.
16 май куни Франция ички ишлар вазири Брюно Ретайо криптовалюталар билан боғлиқ компаниялар раҳбарларини учрашувга таклиф қилди. Унда криптобизнесменларга қарши давомли ҳужумлар муҳокама қилинган.
Учрашувга Paymium криптовалюта биржасининг ҳаммуассиси ва бош директори Пиер Нуазнинг қизи ва набирасига қилинган ҳужум бевосита сабаб бўлган. Бу воқеа 13 май куни эрталаб Парижда содир бўлди. Номаълум шахслар икки ёшли қизи билан аёлни ўғирламоқчи бўлган, бироқ унинг турмуш ўртоғи ўткинчилар ёрдамида безорилардан қочишга муваффақ бўлган.
Ретайо бир неча ой ичида Францияда камида бешта шунга ўхшаш ҳужум содир бўлганини тасдиқлади. Шундай қилиб, январ ойида криптоҳамёнлар ишлаб чиқарувчи Ledger компанияси ҳаммуассиси Давид Баллан ва унинг рафиқаси ўғирлаб кетилган. Балланнинг ҳамкорларига 10 миллион евролик товон пули талаб қилинган бир нечта видео юборилган. Видеолардан бирида Балланнинг бармоғи кесиб ташлангани акс этган.
Полиция Баллан ушлаб турилган жойни топиб, уни озод этишга муваффақ бўлди. Ўғрилар тадбиркорнинг рафиқасни алоҳида жойда сақлашган. Эртаси куни уни пул эвазига озод қилишган. Балланнинг ҳамкорлари кейинчалик тўловнинг катта қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлишган.
Анча олдинроқ рўй берган воқеалар ҳам бор. 2023 йил август ойида Малтада яшовчи, YouTube ва Twitch’даги стримлари билан танилган франциялик профессионал покер ўйинчиси Киллиан Деснонинг отаси ўғирлаб кетилган. Деснога отасининг боғлаб қўйилгани ва бошига тўппонча тираб қўйилгани акс этган видео юборишган. Десно товон пули тўлаган ва отаси озод қилинишига эришган. Тез орада полиция гумонланувчиларни қўлга олди. WSJ манбасига кўра, улардан бири кейинчалик қамоқда бўлганида Балланни ўғирлашни ташкиллаштиришда иштирок этган.
Франция ички ишлар вазири бу ҳодисаларнинг барчаси бир-бири билан боғлиқлигини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ўғирлик буюртмачилари ёш жиноятчилар орасидан ижрочиларни топиб, Telegram ва Signal мессенжерлари орқали улар билан боғланишади. Бу усул қисман нима учун ўғирликлар кўпинча муваффақиятсизликка учрашини изоҳлайди: уларни энг тажрибали бандитлар амалга оширмайди.
Нишондаги қурбонларнинг изига тушиш нисбатан осон. Биринчидан, бир неча йил ичида турли криптовалюта компаниялари фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари, жумладан, уларнинг ҳисобварақлари ҳолати ва уй манзиллари бўйича бир нечта йирик сизиб чиқишлар содир бўлди. Иккинчидан, Францияда компанияларнинг расмий оммавий реестрларида кўпинча эгаларининг уй манзиллари кўрсатилади. Ва ниҳоят, учинчидан, крипто-бойлар кўпинча ўзларининг ҳашаматли ҳаётини кўз-кўз қилишади: улар ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлари, стримлари ва шунга ўхшаш жиҳатлари билан эътибор тортади ва шу билан бирга керакли эҳтиёт чораларини кўришмайди.
Бундай ҳодисалар фақат Францияда содир бўлаётгани йўқ. 2024 йил июл ойида Эстонияда австралиялик криптомиллиардер Тим Ҳитни ўғирламоқчи бўлишди, аммо у қочиб қутулишга муваффақ бўлади. Сентябр ойида Флорида штатида 12 кишидан иборат тўда криптовалютада катта миқдордаги жамғармаларга эга бўлган одамларнинг уйига бостириб кириб, қийноқлар ва таҳдидлар билан уларни катта миқдордаги пулларни ўтказишга мажбурлаган.
Мавзуга оид

11:51 / 13.06.2025
Франция банки Ўзбекистонга янги самолётлар ва поездлар харид қилишда ёрдам бериши мумкин

11:35 / 12.06.2025
Assystem «Ўзатом»га АЭС лойиҳасини техник қўллаб-қувватлашда ёрдам беради

15:38 / 10.06.2025
Франция Исроилдан Madleen бортида ушланган французларни зудлик билан озод этишни талаб қилди

00:05 / 09.06.2025