Жамият | 08:20 / 18.05.2025
2203
2 дақиқада ўқилади

Россияда мушкул вазиятда қолган она ва бола Ўзбекистонга қайтарилди

Россияда 2 ёшли қиз отаси ҳибсхонада, онаси миграция марказида сақланаётгани сабабли ота-она қарамоғисиз қолди. Болалар омбудсмани ва бошқа идоралар ҳаракатлари натижасида бола ва онаси Ўзбекистонга қайтарилди.

Фото: Болалар омбудсмани

Ота-она қарамоғисиз қолган яна бир вояга етмаган қиз онаси билан Россиядан Ўзбекистонга қайтарилди, дея хабар бермоқда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова идораси.

Болалар омбудсманига Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Г (аёл)нинг мурожаати келиб тушган.

Унда аёл 2023 йилда туғилган вояга етмаган невараси Д.Р.нинг отаси вақтинча ҳибсхонада, онаси эса миграция марказида сақланаётгани сабабли қиз ота-она қарамоғисиз қолганини билдирган. У ҳозирда Нижний Новгород шаҳар болалар шифохонасида эканини айтиб, неварасини Ўзбекистонга қайтарилишида амалий кўмак сўраган.

Болалар омбудсмани, Ички Ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Россиядаги Бош консуллиги вакиллари ҳамкорлигида боланинг Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, Бош консуллик саъи-ҳаракатлари билан боланинг онаси ҳам Ўзбекистонга фарзанди билан қайтиши учун чоралар кўрилган.

16 май куни қизча онаси ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келинган ва бувисининг яшаш манзилига етказилган.

Мавзуга оид