Жаҳон | 17:37 / 17.05.2025
6994
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда Ҳажга ёзилганлар маблағларини ҳудудни ободонлаштириш учун сарфлади

Мамлакат президенти саховатпеша одамларга миннатдорлик билдирди.

Фото: prezident.tj

Тожикистоннинг Данғара туманидан 80 нафар фуқаро Ҳаж зиёратига бориш истагини билдирган бўлса, уларнинг 40 нафари сафардан воз кечиб, шу мақсадда тежалган маблағни туманни ободонлаштиришга йўналтирди. Бу ҳақда президент Имомали Раҳмон Данғара туманида вилоят, шаҳар ва туманлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган семинар-йиғилишда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, данғаралик «саховатли тадбиркорлар ва аҳоли» ўз туманини ободонлаштириш ва турли объектлар қуришга 2 миллиард 300 миллион сомоний ($223 млн) сармоя киритган. Шундан 628 миллион сомоний ($61 млн) таълим муассасалари ва бошқа ижтимоий объектлар қурилишига сарфланган.

Масалан, Пушинг ва Корез қишлоқларида аҳоли ва тадбиркорлар томонидан 4800 ўринли 5 мактаб, болалар боғчаси, соғлиқни сақлаш муассасалари, 7 та ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилган.

«Бу маблағлар тадбиркорлар ва аҳоли ҳисобидан тўпланди», деди президент ва бошқа раҳбарларга Данғара вилояти тажрибасини ўрганиш бўйича топшириқ берди.

«Тожикистоннинг барча тадбиркорлари, саховатпеша инсонлари ва барча аҳолисига мамлакат ҳукумати ташаббусларини қўллаб-қувватлаганликлари учун самимий миннатдорлик билдираман», деб якунлади Раҳмон.

Мавзуга оид