Трамп араблар даврасида. У Фаластинни тан оладими?
Манзиллар орасида Исроил йўқ. Трампнинг Яқин Шарққа сафари: халқаро сиёсат, миллиардлар ва шов-шувли баёнотлар. Аммо миш-мишларда айтилганидек Фаластин давлатини тан олиш ҳақида ҳозирча гап-сўз йўқ.

Доналд Трамп иккинчи президентлик муддатида ҳам илк хорижий сафарини Саудия Арабистонига амалга оширди. У яна ўтмишдошларидан фарқли равишда Канада ёки Мексика каби яқин қўшниларни эмас, балки нефт ва бойлик маркази – Ар-Риёдни танлади. Уни аеропортда Саудия валиаҳд шаҳзодаси, мамлакатнинг амалда биринчи рақамли одами Муҳаммад бин Салмон кутиб олди. Улар қироллик оиласининг портретлари фонида расмга тушди – бу рамзий жиҳатдан АҚШнинг Саудиядаги ҳукмрон сулолага ҳурматини кўрсатади.
600 миллиард долларлик келишув
Энг муҳим воқеалардан бири Трампнинг Саудия-Америка инвестиция форумида иштирок этиши бўлди. Икки мамлакат етакчилари ҳузурида кўп миллиардлик шартномалар имзоланди. Доналд Трампнинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони АҚШ иқтисодиётига жами 600 миллиард доллар инвестиция киритади. Ўзаро ҳамкорлик технологиялар, энергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва мудофаа каби соҳаларни қамраб олади.
Катта эҳтимол билан, 600 миллиард доллар – бўрттирилган рақам. Очиқланган келишувларнинг жами қиймати бу сумманинг ярмига ҳам бормайди. Шу билан бирга, битимлар орасида мудофаа соҳасидаги келишувларнинг қиймати тарихий рекорд экани билан ажралиб туради. Унга кўра, АҚШ компаниялари қурол-яроғлар ва бошқа мудофаа технологияларини етказиб бериш бўйича саудлардан жами 142 миллиард долларлик буюртмаларни оляпти. Бу Америка тарихидаги энг йирик мудофаа битими сифатида эътироф этилди.
Шу билан бирга, айрим таҳлилчилар бу каби йирик миқдордаги битимларнинг амалда тўлиқ амалга оширилишига шубҳа билан қарамоқда, чунки илгари эълон қилинган шартномаларнинг баъзилари тўлиқ бажарилмаган эди. Масалан 2017-йилда Трамп Саудия Арабистони билан 110 миллиард долларлик қурол-яроғ битимини эълон қилган, бу келишув қиймати 10 йил давомида 350 миллиард долларга етиши режалаштирилган эди. Лекин 2018-йилга келиб, бу битим доирасида атиги 14,5 миллиард долларлик савдолар амалга оширилган, қолган қисми эса турли сабабларга кўра бажарилмаган.
Сурия, Қатар ва БАА
Ар-Риёдда Доналд Трамп, Муҳаммад бин Салмон ва видеоалоқа орқали Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида уч томонлама мулоқот бўлиб ўтди. Бу мулоқотдан кейин АҚШ президенти Сурияга нисбатан жорий этилган асосий санкцияларни олиб ташлашини эълон қилди. Эртасига Трамп ва Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа ўртасида ҳам илк учрашув бўлиб ўтди.
Тахминан ярим соат давом этган учрашувда Трамп Суриянинг янги раҳбарини Иброҳим келишувлари форматида Исроил билан муносабатларни яхшилаш, хорижий террорчиларни мамлакатдан чиқариб юбориш, АҚШ билан бирга ИШИДнинг тикланишига йўл қўймаслик каби вазифаларни бажаришга чақирган. Аш-Шаръа эса АҚШ, Саудия ва Туркия раҳбарларига миннатдорлик билдириб, Сурия дунёга очилиши, мамлакатда Эроннинг таъсири камайишини айтган, ўз мамлакатининг нефт ва газ соҳасига инвестиция киритишга чақирган.
Трампнинг кейинги бекати – Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари бўлади. У Форс кўрфази давлатлари билан жами 1 триллион долларлик битимлар тузмоқчи. Саудиянинг ўзи билан 600 миллиардга келишилгани айтилди, шу тариқа, қолган 400 миллиардни бошқа араб шайхлари зиммасига олиши керак бўлади.
Фаластин давлати тан олинадими?
АҚШ президенти Яқин Шарққа ташриф давомида минтақадаги энг асосий иттифоқчиси – Исроилга бормайди. Ташрифдан олдин Трамп Фаластинни давлат сифатида тан олиши мумкин деган хабарлар ҳам тарқалган эди. Агар шундай воқеа содир бўлса ҳам, бу катта эҳтимол билан Саудия Арабистони ёки Қатарда эълон қилиниши мумкин. Лекин ҳозирча аниқ расмий қадамлар йўқ.
Трампга совға
Қатар раҳбарияти АҚШ президентининг келишидан олдин унга 400 миллион долларлик Боеинг 747-8 самолётини совға қилишга тайёрлигини билдирган. Ҳашаматли самолётда кенг ётоқхона, бир нечта ҳаммом, шахсий офислар ва бошқа қулайликла бор. Трамп бу самолётни президентлик муддати тугагач, ўзининг Президент кутубхонаси жамғармасига топширишни режалаштирмоқда.
Лекин бу совға АҚШда сиёсий ва ҳуқуқий баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Демократлар бу совғани конституциянинг чет элдан совғалар қабул қилишни чекловчи бандини бузиши мумкин деб ҳисоблашмоқда. Шунингдек, самолётнинг хавфсизлик талаблари ва Қатар билан бўлган сиёсий алоқалар ҳам танқид остида. Шу боис Трамп Доҳага борганида ўзи билан янги самолётни ҳам олиб кетадими-йўқми, номаълум бўлиб турибди.
Тавсия этамиз
«Баъзилар учун геноцид даромадли» — БМТ эксперти бутун дунёни Исроил билан савдони тўхтатишга чақирди
Жаҳон | 18:56 / 04.07.2025
40 даража иссиқ: бунақа пайтда ходимлар қандай ҳуқуқларга эга?
Жамият | 17:15 / 03.07.2025
Иссиқдан қандай сақланиш керак? – ЖССТ тавсиялари
Ўзбекистон | 16:06 / 02.07.2025
Нима учун Кореяни танлаш ёки танламаслик керак? | SUBYEKTIV
Жамият | 19:02 / 30.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
«ПСЖ» 9 киши бўлиб «Бавария»ни клублар мундиалидан чиқариб юборди
Спорт | 09:30
-
Фарғонадаги “от ўйинлар”, ўғирланган банкир ва порахўр судя — ҳафта дайжести
Ўзбекистон | 09:20
-
Хоминаий Исроил билан уруш бошланганидан бери илк бор омма олдида кўриниш берди
Жаҳон | 08:43
-
Россия деярли барча демографик статистикани махфийлаштирди
Жаҳон | 23:25 / 05.07.2025
Мавзуга оид

22:28 / 05.07.2025
Трамп ноқонуний мигрантларга икки соҳада ишлашга рухсат беришни таклиф қилди

17:44 / 05.07.2025
Техасда кутилмаган сув тошқинлари оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлди

12:45 / 05.07.2025
NBC: АҚШдаги текширувда қурол-яроғ тақчиллиги аниқланмади

11:20 / 05.07.2025