Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги яшил ҳудудлар 3 карра кўпайтирилади
Пойтахтнинг янги бош режасида яшил ҳудудларни 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳудуди 3 та – консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилган.

Шавкат Мирзиёев 14 май куни Тошкент шаҳрида режалаштирилган реновация ва инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 декабрдаги қарори билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси тасдиқланган эди. Бош режага кўра, пойтахт ҳудуди 3 та – консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилган.
Жумладан, реновация зонасига эски, кам қаватли уйлар, шаҳарсозлик ва зилзилабардошлилик талабларига жавоб бермайдиган бинолар киритилган. Улар босқичма-босқич бартараф этилиб, бўшатилган ҳудуд замонавий лойиҳалар асосида қайтадан қурилиши кўзда тутилган.
Тақдимотда шу борадаги режалар ҳақида ахборот берилди.
Қайд этилишича, бош режада 300 дан ортиқ реновация манзили белгиланган. 2025-2026 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда 65 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу орқали мазкур ҳудудлар функционал жиҳатдан бойитилади, аҳоли учун шароитлар яхшиланади, атроф ободонлаштирилади. Натижада эски ва замонавий мавзелар орасидаги тафовут босқичма-босқич қисқартириб борилади ҳамда улар ўзаро уйғунлаштирилади. Бинолар кам майдонда қурилиб, мавжуд дарахтлар сақлаб қолинади, янги яшил ҳудудлар барпо этилади.
Давлат раҳбари бу лойиҳаларнинг шаҳар архитектураси ва инфратузилмасига мослигини чуқур ўрганиш, геологик ва сейсмик таҳлиллар асосида хавфсизлик жиҳатидан такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Турар жойлар мактаб-боғча каби ижтимоий муассасалар, дам олиш шароитлари билан ҳамоҳанг бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Шаҳарнинг «ўпкаси» дарахтзорлар бўлса, ариқ ва каналлар унинг «қон томири». Президент кўрсатмаси билан, янги бош режада бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги яшил ҳудудларни 3 карра кўпайтириб, 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган. Бу, ўз навбатида, сув йўлларини яхшилашни талаб этади.
Тақдимотда шаҳар ирригация ва дренаж тармоқларининг янги бош режа билан уйғунлаштирилган тизими ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, 2030 йилгача 100 километр каналлар реконструкция қилиниб, атрофида сайилгоҳлар ташкил этилади.
Туркиянинг Su-yapi engineering and consulting компанияси билан бирга дренаж тармоқларидаги муаммолар ўрганилган. Аэрофото, геодезия ва ёғингарчилик таҳлили асосида бу тармоқларни янгилаш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилган. Ўтган йили 45 та сув тошқини ҳудудлари бартараф этилган. Бу йил яна 34 та жойда шундай ишлар бажарилади.
Президент Шавкат Мирзиёев бу ишларни давом эттириб, қамровини янада ошириш, шу йўналишда мутахассислар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.
Давлат раҳбарига Тошкент шаҳрида инвестиция лойиҳаларининг ҳолати ҳақида ҳам ахборот берилди.
Пойтахтда умумий қиймати 25 миллиард долларлик 717 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Жорий йилда шундан 7 миллиард 500 миллион доллари ўзлаштирилиб, 265 та лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган. Буларнинг натижасида турар жойлар, савдо ва кўнгилочар мажмуалар қурилиб, саноат корхоналари ташкил этилади ва минглаб иш ўринлари очилади.
Мавзуга оид

23:24 / 17.06.2025
Тўқаев Мирзиёевни Ўзбекистон 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиққани билан табриклади

20:36 / 17.06.2025
Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди

13:59 / 17.06.2025
Ўзбекистон ва Хитой етакчилари кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

09:37 / 17.06.2025