Жаҳон | 17:58 / 14.05.2025
2289
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрант болаларнинг 81 фоизи рус тили имтиҳонига киритилмади

Рад этиш сабабларига ҳужжатлар тўпламининг тўлиқ бўлмаганлиги, таълим муассасаларида ўрин йўқлиги ва тақдим этилган ҳужжатлардаги нотўғри маълумотлар киргани айтилмоқда.

Фото: klops.ru

Россия ҳукумати мигрант болаларнинг рус тили имтиҳонида қатнашиш учун юборган аризалари аксариятини рад этди, деб хабар берди Рособрнадзор 13 май куни.

Рус мактабларига кириш ва ўқишни давом эттиришни режалаштираётган вояга етмаган чет эл фуқаролари учун рус тилини билиш даражасини аниқлаш тести 2025 йил 1 апрелдан бошлаб жорий қилинган эди.

«Тест синовлари бошланишида 1762 та ариза топширилган. Уларнинг 81 фоизи рад этилган. Рад этиш сабабларига ҳужжатлар тўпламининг тўлиқ бўлмаганлиги, таълим муассасаларида ўрин йўқлиги ва тақдим этилган ҳужжатлардаги нотўғри маълумотлар киради», дейилади хабарда.

Рособрнадзор хабарига кўра, 335 нафар болага тест синовида иштирок этишга рухсат берилган, шундан 44 нафари тест топширган ва 27 нафари ёки 61 фоизи топшириқларни муваффақиятли бажарган.

Қайд этилишича, тест синовлари вариантлари 1-синфдан 11-синфгача умумтаълим мактабининг ҳар бир синфидаги таълим даражасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

1-синфга кириш учун нутқ, тинглаш ва тушуниш қобилиятлари, шунингдек, лексик ва грамматик билимлар талаб қилинади; 1-синфда тест синовлари фақат оғзаки тарзда ўтказилади.

2-синфдан бошлаб диагностика ишлари ўқиш ва ёзиш кўникмаларини текшириш бўйича топшириқлар билан тўлдирилади; шунга кўра, тест оғзаки ва ёзма шаклда амалга оширилади.

«Барча топшириқлар чет эл фуқаросининг тегишли синфнинг таълим дастурлари доирасида рус тилида таълим олиш қобилиятини баҳолашга қаратилган», дейилади хабарда.

Россияда 2024 йилда «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган терактдан сўнг, мигрантларга қарши чекловлар кучайтирилди. Жумладан, никоҳ орқали яшаш рухсатномасини олиш чекловлари, депортация қилишнинг янги қоидалари, норезидентларнинг 10 дан ортиқ SIM-карта олишини тақиқлаш, рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабларга қабул қилишга чекловлар жорий қилинди.

Мавзуга оид