Истанбул музокаралари. Бу амалга ошадими? 15 майга белгиланган учрашув ҳақида ҳозиргача нималар маълум?
Унда кимлар қатнашади ва нималар ҳақида гаплашади?

Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA
15 май, пайшанба куни Истанбулда Россия-Украина музокаралари бошланиши керак. Туркия ТИВ раҳбари Ҳоқон Фидан 14 май куни унинг формати «ҳали узил-кесил белгилаб олинмагани»ни айтганди. Бу Москва ва Киев ўртасида 2022 йил баҳоридан буён илк музокаралар бўлиши керак, ўшанда томонлар урушнинг дастлабки ҳафталарида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишишга уринишганди. 2025 йилда АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти босими остида Россия ва Украина мулоқот бошлади — аммо ҳозирга қадар бу тўғридан тўғри учрашув шаклида бўлмади: урушаётган томонларнинг вакиллари алоҳида хоналарда ўтириб, америкаликлар воситачилигида музокаралар ўтказиб келди. Туркиядаги музокараларга ҳам АҚШ делегацияси ташриф буюради — аммо ҳозирча улар россияликлар ва украинлар учрашувида тўғридан тўғри иштирок этиши ҳозирча аниқ эмас.
Музокараларга Россиядан ким келиши — номаълум. Асосий савол — РФ президенти Владимир Путин келиш ёки келмаслиги ҳам. Кремлдагилар ушбу саволга жавоб беришдан, шунингдек, делегация аъзолари таркибини ошкор қилишдан қатъиян бош тортмоқда. 13 май кунги брифингда РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу ҳақда «президент қачонки зарур деб ҳисоблаганда» эълон қилинишини айтди. Бир кун ўтганидан кейин ҳам у «бу масалада ҳеч қандай ўзгариш йўқлиги» ва «ҳозирча [делегация таркибини очиқлаш] бўйича кўрсатма бўлмагани»ни маълум қилди.
The Washington Post нашри 13 май куни кечқурун «Кремлнинг шахси сир қолишини сўраган собиқ юқори мартабали мулозими»га таяниб, Россия номидан ТИВ раҳбари Сергей Лавров ва Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков иштирок этишини маълум қилди, аввалроқ бу ҳақда «Агентство» мустақил нашри ва Gulagu.net ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳаси ўз манбаларига таяниб хабар берганди. Ушаковнинг ўзи 14 май куни тушдан кейин Истанбулдаги музокараларда қатнашиш-қатнашмаслиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди. «Коммерсант» 14 май куни кечқурун аниқ манбани кўрсатмасдан Лавров делегацияда бўлмаслигини ёзди.
Украина президенти Володимир Зеленский Туркияга учиши аниқ – у Путин музокаралар бўйича ўз таклифини айтиши биланоқ бу ҳақда маълум қилганди. Украина президенти ўт очишни тўхтатиш ва «ҳаммани ҳаммага» тамойили бўйича асирлар алмашувини муҳокама қилмоқчи. Шу билан бирга, Зеленский Россия томонидан шахсан гаплашишга тайёр бўлган ягона одам Путин эканини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Зеленский дастлаб Истанбулга эмас, Анқарага учади, у ерда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашади ва Путиндан хабар кутади. «РФ шаҳарлар бўйича манипуляция қилмаслиги ва Путин Анқарага учишга тайёр эмаслиги, фақат Истанбулга учишини айтмаслиги учун мен дарҳол шуни айтмоқчиманки, агар Путин Туркия пойтахтига эмас, Истанбулга учиб келса, биз президент Эрдўған билан Истанбулга учамиз», – деди Зеленский.
Путин келмаса, Зеленский ўрнига руслар билан ким гаплашиши номаълум. Ҳозирда Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Туркияда бўлиб турибди – у НАТО давлатлари ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашувида иштирок этиш учун Анталияга учиб келган.
АҚШдан Туркияга давлат котиби Марко Рубио ва президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф келади, яна бир махсус вакил Кит Келлог келиши ҳам истисно этилмаяпти. Рубио ва Уиткофф Истанбулга 15 майда эмас, 16 май куни келишади. Доналд Трамп ҳам Истанбулга келишга тайёрлигини айтганди. Аммо Келлогнинг аниқлик киритишича, бу фақат Путин у ерга келган тақдирдагина содир бўлади. Ҳозирда Трамп Яқин Шарқ бўйлаб сафар қилмоқда, сафар 15 май куни Бирлашган Араб Амирликларида якунланиши керак. 14 май куни АҚШ президенти пайшанба куни «бутунлай банд» эканини айтди, аммо «инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш» учун зарур бўлса, иш тақвимини ўзгартиришга тайёрлигини таъкидлади. У, шунингдек, Путин Туркияга келиши ёки келмаслигини ҳали билмаслигини айтди. «У менинг ўша ерда бўлишимни истарди, шундай бўлиши ҳам мумкин... Мен бўлмасам, у ўша ерда бўладими-йўқми, билмайман. Биз билиб оламиз», – деган Трамп.
Бу музокаралар қисқа вақт ичида режалаштирилди – май ойи бошида ҳам бундай режалар ҳақида на Москвада, на Киевда ва на Вашингтонда очиқ гапирилган. 8 май куни, Украина Олий Радаси АҚШ билан фойдали қазилмалар бўйича келишувни ратификация қилганидан сўнг, Трамп музокараларни бошлаш учун Россия ва Украина ўртасида 30 кунлик оташкесим ташаббуси ҳақида яна бир бор эслатди. Путин аввалроқ бундай сулҳга рози эканини айтган, «лекин нюанслар борлиги»ни билдириб, амалда узоқ муддатли сулҳ таклифига рад жавобини берганди. 11 май куни Европа етакчиларининг Киевга ташрифидан сўнг улар Украина билан биргаликда Россиядан зудлик билан сулҳга рози бўлишни талаб қилиб, акс ҳолда навбатдаги қатъий санкциялар жорий этиш билан таҳдид қилишди. Бир неча соатдан сўнг, 11 майга ўтар кечаси Путин Украинага Истанбулда музокараларни бошлашни таклиф қилди (Россия томони уларни 2022 йилда тўхтатилган музокараларнинг давоми сифатида кўрсатмоқда). Шу билан бирга, Россия президенти музокаралар вақтида ўт очишни тўхтатиш ҳақида гапирмади.
2022 йилда Истанбулда бўлиб ўтган музокараларда Россия ва Украина тинчлик келишувига эришишга яқин келганди. Унинг лойиҳаси 15 апрелда тузилган, лекин барибир имзоланмай қолганди. Икки йил ўтиб ҳужжат матни Америка оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Ҳужжатда Украинага НАТОга қўшилишни тақиқлаш ва АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия хавфсизлик кафолатлари эвазига мамлакат қуролли кучларини қисқартириш кўзда тутилганди. Украинадан Қримни ҳарбий йўл билан қайтариб олишга уринмаслик мажбурияти, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХР мақоми (ўша пайтда улар ҳали Россия томонидан аннексия қилинмаган эди) эса Путин ва Зеленский ўртасидаги алоҳида музокаралар мавзуси бўлиши керак эди. Асосий музокаралар барбод бўлишидан бироз ўтиб, 2022 йил ёзида томонлар «ғалла битими» бўйича келишиб олишга муваффақ бўлди – бу Украинага бир йил давомида Қора денгиз портлари орқали ғаллани эркин экспорт қилиш имконини берди. Ўша келишувни Москва ва Киев бир-бири билан эмас, балки воситачилар – Туркия ва БМТ билан алоҳида имзолаганди.