Жаҳон | 21:24 / 13.05.2025
3859
4 дақиқада ўқилади

“Овал кабинет, Букинҳем саройи сотилмайди, Канада ҳам” – Канада бош вазири Трампга нималарни эслатди?

Канаданинг янги бош вазири федерал сайловдан 1 ҳафта ўтиб, АҚШга ташриф буюрди. Доналд Трамп билан мулоқотда Марк Карни Канада ҳеч қачон сотилмаслигини эслатди, АҚШ президенти эса “ҳеч қачон ҳеч қачон деманг”, дея кинояли жавоб қайтарган. Канада консерватив партияси аъзоси Обидхон Мамадалиевга кўра, бош вазир сафари ҳеч нимани ўзгартирмаган бўлса ҳам, савдо босимини пасайтирди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жастин Трюдо бош вазирликдан истеъфо бергандан сўнг либераллар ўзига Марк Карнини лидер этиб танлади. 28 апрель куни Канадада федерал сайлов ўтказилди. Унда кичкина фарқ билан либераллар консерваторлардан устун келди, лекин парламентда мутлақ кўпчилик – 172 ўринни эгаллай олмади, 168 ўринга эга чиқди. Айни пайтда либераллар 170 ўринга эгалик қилмоқда. Консерватор партияси эса 143 ўрин эгаллаб турибди.

Канада консерватив партияси аъзоси, юртдошимиз Обидхон Мамадалиев Kun.uz билан суҳбатлашаркан, сайловдаги охирги ҳафта муҳим аҳамиятга эга бўлганини гапирди. Унинг сўзларига кўра, сайловга 3 кун қолганида консерваторлар лидери - Пьер Поилиевр ҳамда унинг рафиқаси ҳақида чиққан хабарлар сайлов натижаларига таъсир кўрсатмай қолмади.

Маълум бўлишича, Поилиеврнинг венесуэлалик рафиқаси ўз амакисини дарё орқали мамлакат ҳудудига олиб кирган ва легаллаштириб, АҚШга жўнатган. Ушбу маълумот шиддат билан тарқаган ҳамда сайловчиларнинг фикрига таъсир қилмай қолмаган. Бироқ, мағлубиятга асосий сабаб – консерваторларга Трампга хайрихоҳ деган қарашдир.

Яъни Доналд Трамп қайта президентликка келаркан, Канадани АҚШга қўшиб олишини гапирди, ўзаро савдода божлар эълон қилди. Йил бошида консерваторлар либераллардан 25 баҳо юқорида эди ва Пьер Поилиеврнинг бош вазир бўлиши деярли аниқ эди. Ўн йиллик ҳокимиятдан кейин либералларга консерваторлар антипатия яратиб улгурди, бироқ Трампнинг Канада мустақиллиги ва суверенитетига қарши баёнотлари унга хайрихоҳ бўлиши мумкин дейилган консерваторлар мағлубиятига асосий сабаб бўлди.

Тўғри, консерваторлар ва либералларнинг Канада АҚШга берилмаслиги юзасидан қарашлари бир хил. Аммо Трампнинг MAGA дастури ижтимоий-маданий қисми консерваторлар қарашларига деярли мос тушади, буни электорат кўздан қочирмади.

Канада бош вазири АҚШга ташриф буюраркан, президент Доналд Трампга баъзи жойлар ҳеч қачон сотилмаслиги, Канада ҳам ҳеч қачон сотилмаслигини эслатди. Ғарб матбуотига кўра, музокараларда Трамп ўзини яхшироқ тутган, лекин бош вазир Карни унинг ҳокимияти остидаги Канаданинг позицияларини аниқ кўрсатган. Савдо божлари борасида эса якуний хулоса шу йилнинг ёзида G7 саммити чоғида билдирилади.

Марк Карнининг сафари ҳеч қандай натижани олиб келгани йўқ, бироқ савдо босимини пасайтирди, консерватор бўлсам ҳам унинг сафарини ижобий баҳолайман, дейди Обидхон Мамадалиев.

Бундан ташқари, янги бош вазирнинг олдида инфляцияни жиловлаш, уй-жой нархлари ва кўчмас мулкка эгалик қилиш муаммосини ҳал қилиш каби муҳим вазифалар турибди.

Бундан ташқари, бош вазир Карни энди Канадани қайта бирлаштириши керак. Чунки Трюдо даврида партиялар бўлиниб кетган ва ҳамма бир-бирига мухолифатда эди. Айниқса, янги демократлар дард устига чипқон эди. Энди Карни бутун Канадани бирлаштира олиши лозим. Бизнинг консерваторлар партияси либералларни мағлуб этолмади, уларнинг стратегияси кучлироқ чиқди. Аммо янги демократларни фракция сифатида ҳам парламентдан йўқ қилдик”, - дейди Обидхон Мамадалиев.

Суҳбатни Kun.uz’нинг YouTube ’даги саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид