Жамият | 13:05 / 11.05.2025
17774
13 дақиқада ўқилади

Европа осмонидан Etihad’гача – ўзбекистонлик стюардесса ҳикояси

“Стюардессалик фақат ўйин-кулги ва саёҳатдан иборат эмас. Кунига 20 соат тик оёқда, ҳаводаги босимда ишлашингизга тўғри келади”, – дейди Европа авиакомпанияларида ишлаган ўзбекистонлик стюардесса Ирода Мамадалиева. У Kun.uz’га берган интервюсида қандай қилиб борт кузатувчиси бўлиш, унга қўйиладиган талаблар, Etihadʼдан таклиф олгани ва парвознинг кўпчиликка номаълум жиҳатлари ҳақида гапириб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Орзулар, қаршиликлар ва илк рейс

Мен учун самолёт авваламбор орзуларим ушалган жой. Бу касбни жуда севиб қоламан деб ўйламаганман. Ҳамма каби менда ҳам авиация соҳасида ишлаш орзуси бўлган. Бу соҳага кириб келганимдан кейин бу орзумдаги ва мен ҳар доим ишлашни хоҳлаган жой эканига амин бўлганман.

Жуда кўп тўсқинликлар бўлган. Биринчи тренинг куни уйимдагилар телефон қилиб бу соҳада ишламаслигимни айтишган. Бу нарсадан жуда хафа бўлганман. Аслида жуда машаққатли ва талаблари кучли соҳа, мен эса унда муваффақиятга эришишимни тушунтирганман. Шундан кейин рози бўлишган. Ҳозир кўп қизларда ҳам шу муаммо бор.

Биринчи рейс куним оғир ҳолатда ўтган. Тартиб бўйича эрта ухлаб, эрта туришга ўрганганман. Биринчи парвозим Тошкент-Истанбул йўналишида бўлган. Тунги парвоз бўлгани учун уйқу режимимни тўғрилай олмаганман, жуда қийин ўтган. Сиз ҳар доим ҳар хил вақтларда ишга чиқишингизга тўғри келади.

Ўқитувчиликдан самолётгача

Стюардессаликкача турли соҳаларда ишлаб кўрганман. 4 йил инглиз тили ўқитувчиси бўлганман. Кейин касбимни ўзгартиришим кераклигини тушундим. Ҳар доим ўсиб ривожланишни хоҳлайман. Бир жойда қотиб қолгандек ҳис қилдим. Шунда авиация орзум бўлган ва синаб кўришни хоҳладим. Авиакомпания ишга таклиф қилган. Ишлаб кўрмагунимча бу менинг соҳам эканини тушунмаганман. Шунчаки синаб кўраман, яхши бўлса давом эттираман, деб ўйлаганман. 2-3 парвозимда бу менинг касбим эканини тушундим.

Борт кузатувчиларига қандай талаблар қўйилади?

Борт кузатувчиси бўлиш учун инглиз ва рус тилларида бемалол гаплаша олиш керак. Ишлаётган авиакомпаниянгизга қараб бу талаб ўзгариб боради. Европа ва араб авиакомпанияларида ишлаш учун сиз инглиз тилини яхши билишингиз керак. Шунингдек, соғлигингизда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак. Агарда соғликда муаммо бўлса, соҳага кира олмаслигингиз мумкин. Авиацияда хавфсизлик биринчи ўринда. Борт кузатувчисининг соғлиги яхши бўлиши керак. Шунингдек, кириш имтиҳонлари олинади ва сизга турли талаблар қўйилади.

Биринчи ишга кирган авиакомпаниям Европа авиакомпанияси бўлган. Унга киришда бир нечта босқичлардан, аввало интервю босқичида турли саволлар берилган. Ундан кейин тиббий кўрик босқичида соғлигимиз текширилган. Шундан кейин ESA сертификат борлиги учун ўқиш давомида ҳам имтиҳонлар топширганмиз.

Ўзбекистонда ҳам Centrum Airʼга ишга қабул қилиндим. Унда биринчи CV топширилади ва суҳбатга чақирилади. Суҳбатда нима учун стюардесса бўлишни хоҳлайсиз каби саволлар берилади, суҳбатда ўзингизни яхши кўрсатсангиз, ишга қабул қилинасиз.

Etihad’дан таклиф олдим”

Яқинда БААнинг миллий авиакомпанияси Etihad’дан таклиф олдим. Бунга кириш мураккаб кечди. Чет эл авиакомпанияларига ишга кириш кўп вақт олади ва сизга кўп талаблар қўйилади.

CV топширишдан бошлайсиз, ундан кейинги босқичда суҳбат, ундан кейин инглиз тили тести бўлади. Тест жуда қийин эди. Ундан кейин барча босқичлардан ўтсангиз, охирги ўша давлатга кўчиб ўтиш бошланади. Менда ҳам шу тартибда кетган. Лекин чет эл авиакомпанияларига ишга кириш 3 ойдан 1 йилгача вақт олиши мумкин.

Булардан ташқари, амалий кўникмалар, хусусан сузиш маҳорати талаб қилинади. Чунки ҳар хил фавқулодда ҳолатлар, самолёт сувга қўнишига тўғри келганда сиз йўловчилар ҳаётини сақлаб қолишингиз керак. Шу сабабли ўқиш машғулотларида сузиш имтиҳонларидан ўтишингиз керак.

Ўқиш жараёнида ўт ўчириш, трапдан сакраш бўйича ўқитилади. Агар самолёт фавқулодда қўнса, йўловчилар тушишига мўлжалланган зиналар келгунча йўловчилар самолётни тарк этиши керак. Йўловчиларни қандай қилиб қутқариб қолишни ўргатиш мақсадида амалий дарслар ўтилади.

Борт кузатувчилари жанжалли ҳолатларни қандай бартараф этади?

Жанжалли ҳолатлар рейсдан, самолёт ҳавога кўтарилишидан олдин бўлади. Йўловчилар жойларига ўтириб олгунча. Биз бундай ҳолатларда уларни тинчлантиришга ҳаракат қиламиз. Агар йўловчилар яна жанжални давом эттирса, ўша ердаги ходимларга айтилади, улар рейсдан ечилади. Чунки парвоз давомида яна шундай ҳолат кузатилса, бу фавқулодда ҳолатга айланиб кетиши мумкин. Шундай ҳолатлар бўладики, йўловчилар муштлашиб кетган ва кимдир ҳушидан кетган ҳолатлар юз бериши мумкин. Бу авиакомпания ва биз ходимларга катта муаммо туғдиради. Жанжал ўз жойида ҳал қилинмаса, йўловчилар рейсдан ечилади.

Менда бундай вазиятлар жуда кўп бўлади, айниқса, Истанбул-Тошкент рейсида. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқларга (йўловчилар жанжаллашганига оид) видеони қўйганман. Билмадим, нега бизда бундай маданият, жанжаллашиш ҳолатлари кўп кузатилади. Айниқса, бортда ўзини тутиш маданияти ҳали шаклланмаган. Балки, саёҳат қилиш маданияти шаклланмагани учундур, аммо бу нарса аста-секин яхшиланяпти.

Аслида биз йўловчиларнинг жанжалларига аралашмаймиз. Айтамиз, тинчлик сақланг, агар жойингизга ўтирмасангиз, рейсдан тушириб қолдирамиз.

ESA сертификати ҳақида

ESA Европада парвоз қилиш учун рухсат берадиган сертификат. Учувчилар ва борт кузатувчилар, авиация соҳасида ишловчилар ESA сертификати билан ишлаши мумкин. Бу сертификатга Европа Иттифоқи давлатлари киради. Уни олиш тарихим Европа авиакомпаниясига ишга киришим билан боғлиқ. Ишга киргач бизга британиялик ўқитувчилар келиб ESA сертификати бўйича ўқитишган. Назарий имтиҳонларни Ўзбекистонда, амалий имтиҳонларни Туркиянинг Turkish Airlines тренинг марказида топширганмиз. Бу сертификат бир марта берилади ва кейинчалик янгилаб борсангиз бўлади.

Парвоз маданиятидаги фарқлар

Аввало Европа авиакомпаниясида ишлаш менда яхши таассурот қолдирган. Ҳамкасблар билан ишлаш, йўловчиларнинг ўзини тутиш маданияти ҳам ривожланган. Кўп саёҳат қиладиган одамлар бортда ўзини қандай тутиш кераклигини яхши билишади. Самолёт ҳавога кўтарилишидан олдин биз хавфсизлик қоидалари билан таништирамиз. Ҳар доим чет эллик, ёки европалик йўловчилар бунга амал қилишади. Лекин Ўзбекистон рейсларида шундай ҳолатларни кузатганман, йўловчилар оддий камарни тақишмайди. Биргина камар тақмаганлик учун турбулентлик вазиятларида ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Истанбул-Тошкент йўналишида бир йўловчи билан ажойиб воқеа бўлган. Самолётда ёш болалар ва кексалар учун саноқли ёпинчиқ ва ёстиқлар берилади. Бир йўловчига қолмаганини айтганимда тушунмасдан, шикоят қилишни бошлаган. Катта муаммо келиб чиқиш арафасида эди, унга вазиятни ётиғи билан тушунтирганман. Шу мен учун парвоз давомидаги энг ёқимсиз ҳолат бўлган.

Ҳар доим ҳам борт кузатувчилар ҳамма нарса билан таъминлаб беришга мажбур эмас ёки бу нарса қўлларидан келмаслиги мумкин.

Греция ва грек тили ҳақида

Парвоз давомида кўп жойларга учамиз, турли давлатларда бўлиб у ерда 1-2 кун вақт ўтказишимиз мумкин. Айтадиган бўлсам, Греция, Қадимги Юнонистон менга энг кўп ёқадиган ва мени энг кўп илҳомлантирган давлатлардан бири. Унинг бой тарихи ва ороллари мени ҳайратга солган. Ўтган йили ёзда Афинада Миллий Каподистриан университетида таҳсил олдим. Ўша вақт давомида у ерда яшадим, ҳақиқатан жуда яхши жой, одамлари меҳмондўст.

Ёзги алмашинув дарси бўлган. Турли давлатлардан ўқувчилар айнан грек маданияти ва тилини ўрганиш учун келишарди. Жаҳон тиллари университетида бизга иккинчи тил сифатида грек тили ўқитилган. Устозим Сурайё Мусаевна “Ибрат фарзандлари”да грек тилидан дарс беради. Улар мени бу тилга қизиқтирган ва мен Грецияда грек тилни ўргандим.

Турли авиакомпаниялардан таклиф ва авиация тайёрлов курси

Бугунги кунгача жуда кўп авиакомпаниялардан таклиф олганман, Хусусан, Ўзбекистондаги Air Samarkand ва Centrum Air. Бундан ташқари, БААнинг Etihad авиакомпаниясидан ҳам. Ҳозир БААда ўзбеклар учун виза муаммо бўляпти, турли хил воқеалар туфайли мен ҳали ҳам виза босқичидаман. Умид қиламанки, тез орада Абу Даби шаҳрига кўчиб ўтаман.

Авиацияда иш бошлаганимдан кейин жуда кўп ёшлар бу соҳага қизиқишини, қандай киришни сўраб мендан маслаҳат сўрашарди. 4 йиллик ўқитувчилик фаолиятим давомида педагогик маҳоратга эга эдим. Тушуниб етдимки, дарслик қилсам ёшлар учун фойдали бўлади деб. 2024 йил 14 апрелда 2 ойлик дарс режаларини тузганимдан кейин “Авиацияга тайёрлов” курси шаклланди. Биринчи 20 дан ортиқ ўқувчи курсга рўйхатдан ўтди, кейинги натижалар қувонарли бўлди. Ҳозирда 50 дан ортиқ ўқувчилар авиакомпанияларга ишга кирди. Унинг номини академияга ўзгартиришга қарор қилдим. Ҳозир у “Aeropath Academy” номи билан аталади. Академиямизда 1000 га яқин ўқувчи таҳсил оляпти.

Авиацияга ишга кирганим инсон сифатида мени шакллантирди”

Инсонлар билан қандай мулоқот қилиш, сабрлилик ва стрессга чидамлилик қобилиятимни оширдим. Авиация ёш қизалоқ сифатида қилган барча орзуларимни амалга оширди. Авиация машаққатли, балки жуда гўзал соҳа. Саёҳат қилишни орзу қилмаган одамнинг ўзи бўлмаса керак, у мана шу орзумни ушалтирган.

Кунига 20 соатгача ҳам ишлашингиз мумкин”

Чиройли кўринган соҳа аслида энг машаққатли бўлади. Бошқалар ўйлашади, фақат саёҳат қилиш ва ўйин кулгидан иборат деб. Кунига 200 ва ундан ошиқ йўловчилар билан ишлаш, тик оёқда юриш, ундан ташқари ҳавода босим жуда ҳам баланд бўлади ва қон айланиши секинлашиши натижасида тез чарчаб қоласиз. Қийинчилик тарафидан яна бири режим бузилиши. Организм ҳар доим бир хил режимга ўрганган бўлади, лекин сиз авиацияга кириб келсангиз, бугун соат 3 да ухласангиз, эртага соат 3 да ишда бўлишингиз мумкин.

Яқинда Шарм-аш Шайх Тошкент йўналиши бўйича бориб қайтиб келиш рейсим бўлди. 12 соат давом этди, бу рейсни амалга ошириш учун сиз 14-15 соат вақт сарфлайсиз. Тайёргарлик кўриш, аэропортга бориш, йўловчиларни кутиб олиш, кузатиб қўйиш ва қайтиб келиш жараёни… Сиз кунига 20 соатгача ҳам ишлашингиз мумкин, бу сиз босим остида ишлашингиз керак дегани.

Энг керакли кўникмалардан бири аввало йўловчилар билан қандай чиқишишни билишдир. Ишга кираётганда иш тажрибаси сўралади, яъни customer servise дейилади. Йўловчилар билан ишлаш тажрибасига эга бўлиш керак. Ҳар куни ҳар хил йўловчилар билан ишлайсиз, қандайдир тушунмовчиликлар ва тортишувлар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, стрессга чидамлилик. Ҳар доим чарчасангиз ҳам йўловчиларга кулиб қарашингиз ва яхши кайфиятда юришингиз керак. Чунки бу соҳага кирганингиздан кейин сиз авиакомпания юзи ҳисобланасиз. Ўша авиакомпания хизматларини профессионал тарзда кўрсатишингиз керак.

Учувчи кабинаси ҳаммага, бизга ҳам қизиқ. У ердан осмон жуда чиройли кўринади. Бизда шунақа имконият бор, иш вақтида бўш вақтимиз бўлса, учувчи кабинасига бориб, атрофни томоша қилишимиз мумкин.

Ҳозирда авиация соҳаси жуда ривожланган, самолёт энг хавфсиз транспорт ҳисобланади. Шунинг учун фавқулодда вазиятлар деярли учрамайди. Ўзбекистон ҳаво йўлларида ҳеч қачон учрамаган, бизда турбулентлик вазиятлари содир бўлиб туради. Агар об-ҳаво ёмон бўлса, самолёт қаттиқроқ силкиниши мумкин. Бундай ҳолатларда қандай қилиб кабинада хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус машғулотлардан ўтганмиз, бундай ҳолатлар биз учун унчалик қўрқинчли эмас.

Учувчи бўлиш орзум бор”

5 йилдан кейин ўзимни яхши турмуш ўртоқ, яхши фарзанднинг онаси, шу билан бирга жуда кўп ёшларга ёрдам бера олган устоз сифатида кўраман. Умид қиламанки, 5 йилдан кейин академиямиз янада кенгаяди. Ўзимнинг ҳам касбий тарафлама режаларим бор, авиакомпанияларда иш фаолиятимни давом эттириш, учувчи бўлиш учун ҳаракат қилиш.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид