Ўзбекистон | 11:05 / 10.05.2025
2348
2 дақиқада ўқилади

Нидерландияда Иккинчи жаҳон уруши даврида қурбон бўлган ўзбеклар хотирасига бағишланган музей очилди

Нидерландиянинг Лёсден шаҳридаги  "Совет шон-шараф майдони" яқинида Иккинчи жаҳон уруши даврида вафот этган совет аскарлари хотирасига бағишланган Soviet War Cemetery Experience музейининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Дунё

Ушбу музейда давлат раҳбари ташаббуси ва Ўзбекистон ҳукумати молиявий кўмагида Иккинчи жаҳон уруши даврида қурбон бўлган ва "Совет шон-шараф майдони"га дафн этилган 101 ўзбек аскарларига бағишланган махсус алоҳида хона ташкил этилди. Бундан ташқари, музейнинг асосий кириш қисмида ўзбек халқининг мард ўғлонлари хотирасига Совет қабристонидан келтирилган 101 эски қабр тошлари асосида ишланган рамзий монументал санъат асари ҳам яратилди.

Очилиш маросимида Нидерландия ташқи ишлар ва мудофаа вазирликлари расмийлари, Лёсден ва Амерсфорт шаҳарлари ҳокимликлари, Арманистон, Озарбойжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари вакиллари, "Совет шон-шараф майдони"да дафн этилган ва шахси аниқланган аскарларнинг яқин қариндошлари, волонтёрлар ҳамда нидерланд жамоатчилиги иштирок этди.

Шунингдек, Навоий вилояти Хатирчи туманидан Иккинчи жаҳон уруши даврида 101 аскарлар қаторида асирга тушиб, фашистлар қўлида қурбон бўлган ва "Совет шон-шараф майдони"да дафн этилган Раим Саломовнинг ўғли ва набиралари ҳам қатнашди.

Ташқи ишлар вазирлиги вакили музейни ташкил этишда кўрсатган кўмаги учун  "Совет шон-шараф майдони" жамғармаси директори Ремко Рейдингга ва ҳамкор давлатларга миннатдорлик билдирди.

Ремко Рейдинг ушбу музейни ташкил этилда яқиндан қўллаб-қувватлаган ҳамкорларга, жумладан Ўзбекистон ҳукуматига ажратилган молиявий ёрдам учун алоҳида миннатдорлик изҳор қилди.

Мавзуга оид