Ўзбекистон | 12:18 / 10.05.2025
1665
2 дақиқада ўқилади

Etihad Airways Абу-Даби-Тошкент йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиши мумкин 

Ўзбекистон элчиси Абдулазиз Оққулов Абу-Даби шаҳар Муниципалитет ва транспорт департаменти раиси Муҳаммад Али ол Шорафа билан учрашув ўтказди.

Фото: Дунё

Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг очиқ иқтисодий сиёсати ва юртимизда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Тошкент ва Абу-Даби шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича англашув меморандумини имзолаш таклиф этилди.

Мухаммад Али ол Шорафа ўз навбатида, икки давлат раҳбарларининг яқин муносабатларини қайд этган ҳолда Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар икки давлат ўртасида сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, ўзаро савдо алоқаларини ривожлантириш, хусусан, юк ташиш имкониятларини янада кенгайтириш хусусида фикр алмашдилар.

Etihad Airways ва Uzbekistan Airways авиакомпаниялари томонидан Абу-Даби-Тошкент йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Йўловчи ва юк ташиш борасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун мазкур авиакомпаниялар вакиллари ўртасида онлайн музокаралар уюштиришга келишиб олинди.

Учрашув якунида БАА вакили жорий йилнинг 10-12 июнь кунлари бўлиб ўтадиган IV Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этилди.

Мавзуга оид