Жаҳон | 20:21 / 09.05.2025
41898
11 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ва Покистон нега урушаверади?

22 апрел куни Кашмирнинг Ҳиндистон назорат қиладиган қисмида 26 сайёҳ отиб ўлдирилиши ортидан Ҳиндистон ва Покистон ўртасида уруш бошланиб кетди. Ракеталар учди, самолётлар уриб туширилди, дарёлар тўсиб қўйилди. Вазият жуда кескин. Қуйида бу икки давлат нега уришавериши ва қисқача можаро тарихини содда тилда тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Асосий муаммо – Кашмир

Демак, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар улар мустақилликни қўлга киритган 1947 йилдан буён мавжуд. Босқинчи Британия империяси ҳозир Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш давлатлари жойлашган ҳудуддан 1947 йилда чиқиб кетгач, у ерларда ҳиндлар давлати Ҳиндистон ва мусулмонлар давлати Покистон тузилади.

Бу бўлиниш яриморолдаги одамлар учун даҳшатли бўлади, расмий маълумотларда камида 700 мингдан ортиқ одам ўлгани айтилади, лекин аслида қурбонлар чандон баробар кўп бўлган. Чунки ўша бўлиниш вақтида камида 18 миллион одам уйини ташлаб чиқиб кетади, кейинчалик уларнинг тўрт миллиони қаердалиги аниқланмайди.

1947 йил 15 август куни Карачида Покистон давлати, Деҳлида Ҳиндистон давлати тузилгани эълон қилинади. Покистон мусулмонлари 14 августни ҳам Ҳиндистон, ҳам Британиядан ажралиб чиққани учун мустақиллик байрами сифатида нишонлайди. Бир қарашда ҳаммаси жойида: мусулмонлар алоҳида давлатига эга бўлиб, Карачидай кўркам жойни пойтахт қилишади, каттароқ ер буддани илоҳ деб билувчи ҳиндларга қолади – энди ҳамма ўз йўлидан кетавериши мумкин, лекин...

Лекин ерга тўймас инсон ўчкўзлиги ҳамма эсон-омон тарқалишига йўл қўймайди. Икки давлат энди Кашмирни талаша бошлайди. Билмаганлар учун айтиб қўяй, Кашмир дунёдаги энг можароли жой бўлиб, бир томондан Ҳиндистон, бир томондан Покистон, бир томондан Афғонистон ва «бонусига» бир томондан Хитой билан чегарадош. Ва бу бечора Кашмир ерларига Афғонистондан бошқа барча уч давлат даъво қилади.

Босқинчи англосакслардан қолган ерда Ҳиндистон ва Покистон давлатлари тузилган вақтда Кашмир алоҳида князлик бўлган ва уни махараджа ҳиндларидан бўлмиш Хари Синкх бошқарган. Бу биродар ҳинд бўлса-да, Кашмирда яшовчиларнинг 77 фоизи мусулмонлар эди.

Кашмирни талашиш бошланган бир вақтда Покистондаги мусулмонлар катта куч билан князликни қўшиб олиш учун курашга киришади. Бу ерлар мусулмонларники, дейди улар. Эгаллаб олган ерларида Озод Кашмир тузилмасини ташкил этиб, бутун князлик Покистонники бўлишини айтишади.

Жаноб Синкх эса биров билан маслаҳат қилмай Кашмир Ҳиндистонга қўшилишини эълон қилиб, Ҳиндистон ҳукуматидан ўз қўшинларини Кашмир ҳимояси учун олиб киришни сўрайди. Жаноби Синкхнинг бу иши уч йил олдин икки одам бир одамга мурожаат қилиб қўшинларини олиб киришни сўрашини эслатиб юборади. Майли, Кашмир мавзусидан чалғимайлик.

Хуллас, Хари Синкх ҳарбий ёрдам сўраши билан имога маҳтал бўлиб турган Ҳиндистон бажонидил ҳарбийларини Кашмирга олиб киради. Шу тариқа Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги биринчи Кашмир уруши бошланади. Ҳиндлар Покистонни Кашмир пойтахти яқинида тўхтатади. Лекин уруш бир йилча давом этиб, жуда кўп одам ўлади.

1949 йил БМТ бошчилигида Кашмирда чегара чизилади. Покистонга князликнинг ярми тегади. Лекин можаро бу билан тугамайди. Томонлар БМТ талабларини бажармайди. Ташкилотдаги икки асосий давлат АҚШ ва СССР ҳам якдил фикрда бўлмайди. СССР Озод Кашмирни тан олмай, бу Ҳиндистонга тегишли ерларнинг Покистон томонидан босиб олиниши дейди. Америка эса амалда Покистонни қўллайди.

Кейинчалик 1965 йил Ҳиндистон ва Покистон ўртасида иккинчи уруш бўлади. Ўшанда Покистон Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмида махфий операция бошлашга уринади. Лекин уруш БМТ аралашуви билан ҳеч қандай ҳудудий ўзгаришсиз якунланади.

1971 йилда эса тарихдаги энг жиддий, учинчи Ҳиндистон – Покистон уруши бошланади. Бу урушда Ҳиндистон ғолиб бўлади, чунки покистонликлар шарқий Покистонда чекинишга мажбур бўлади. Оқибатда у ерда Бангладеш давлати тузилади.

Ўша урушдан кейин томонлар ҳар қандай ҳудудий масалани тинч йўл билан ҳал қилишга келишиб олади. Лекин барибир ҳар замонда Покистон ва Ҳиндистон Кашмирда тўқнаш келаверади. Ва ҳар сафар уруш бошланиши сабаби деярли бир хил бўлади.

Ядровий давлатлар

Энди бу уруш нега хавфли экани ҳақида. Ҳозир дунёда кўп урушлар бўлмоқда. Россия Украина шаҳарларини ер билан битта қилмоқда, Исроил Ғазода билган ишини қилиб ётибди, Суданда ҳукумат талашган гуруҳлар юз минглаб тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлди. Бироқ ҳеч бир урушда икки ядровий давлат тўқнашгани йўқ. Ҳиндистон ва Покистон эса ядровий давлатлар. Ҳа, азизлар, билмасангиз, ён дафтарингизга ёзиб қўйинг, Ҳиндистонда ҳам, Покистонда ҳам атом бомбаси бор.

Бугунги кунда ядро қуролига эга бўлиш учун Американинг ва Россиянинг рухсати, яна миллиард долларлаб пул керак дейишади. Жуда бунчалик эмас, ўртоқлар. Бу учун биринчи навбатда қонида физика қонунлари оқадиган инженерлар, ушбу соҳадаги мукаммал илм-фанга асосланган тизим ва озроқ уран керак. Тўғри, бирор миллиард доллар ҳам зарар қилмайди.

Биз бироз ҳазиллашдик, лекин ёлғон гапирганимиз йўқ. Ядро қуролини фақат фалон давлатдан олиш мумкин деган гап сафсатанинг ўзгинаси. Бу кока-кола рецепти эмас. Ядро дастури учун энг аввал илмли инженерлар кераклигини Ҳиндистон ва Покистон исботлаб қўйган.

Ҳиндистон ядро қуролига аввалроқ эга бўлади. Табиийки, бошланишига ҳиндлар ядро энергетикаси дастури устида ишлашади. Бунга эҳтиёж ҳам катта эди, чунки одам жуда кўп, уларни фақат АЭСлар ёрдами билангина электр билан таъминлаб бўлади.

Шундай қилиб 1955 йил Ҳиндистон Британия ёрдами билан Канададан 40 мегаваттли тадқиқот реактори сотиб олади. Бир йил ўтиб АҚШ реактор учун 21 тонна оғир сув етказиб беришга рози бўлади. Бир қарашда ҳаммаси оддий, Ҳиндистон миллионлаб одамларини электр билан таъминлаш учун ядро энергиясидан фойдаланмоқда, лекин бу реактордан чиққан чиқиндилардан йилига бир-иккита атом бомбаси учун етарли жанговар плутоний олиш мумкин эди. Шу тариқа Ҳиндистон ўз ядро дастури устида ишлашни бошлайди.

1974 йил 8 май куни ҳиндлар «Жилмаювчи будда» номли илк ядро қуроли синовини ўтказади. 1998 йилда иккинчи ядро қуроли синови ўтказилади ва ўшандаёқ Ҳиндистон норасмий ядро қуролига эга давлатлар сирасига киритилади. Кейинчалик ҳиндлар ядро каллакларини олиб уча оладиган баллистик ракеталар ясашади ва бўлди – атом бомба тайёр! Энди Хитой ҳам, Покистон ҳам ҳиндларга эҳтиёткор муносабатда бўлади.

«Қотган нон есак-да, ядро қурол керак»

Ҳиндистон ядро дастури устида ишлай бошлаган вақтдаёқ Покистон хавотирга тушиб ўз ядро дастури ҳақида ўйлай бошлайди. 1965 йил Покистон ташқи ишлар вазири Зулфиқор Али Бхуттонинг бу борада айтган гаплари машҳур бўлганди. «Ҳиндистон ядро қуролига эга бўлса, биз ҳам ўз ядро қуролимизни ясашимиз керак бўлади. Ҳатто бу учун қотган нон ва сув ейишга-ю, очликдан ўлишга мажбур бўлсак ҳам. Насронийларда ядро қуроли бор, яҳудийларда бор, энди ҳиндларда ҳам бўлади, нега биз мусулмонлар ўз қуролимизни ясамаслигимиз керак?» деганди ўшанда сиёсатчи.

Бироқ Покистон ядро қуролига осонликча эришмайди. Кўплаб шериклари бу давлатга эмбарго жорий қилади, лекин Саудия Арабистонидан келаётган ёрдам эвазига бу қийинчиликларни енгиб ўтишади. Ўшанда Ар Риёз Покистон ядро дастурини қўллаш учун кунига 50 минг баррел текин нефт юбориб тургани айтилади.

1972 йил Зулфиқор Али Бхутто бош вазир бўлгач, Покистон ҳеч кимдан яширмай ошкора ядро бомбаси яратиш дастурига старт беради. Покистонликлар бахтига улардан Европанинг йирик компанияларида ишлаган инженер Абдул Қодир Хон мамлакатга қайтиб қолади. Ядро дастурини унга ишониб топширишади.

Кейин французлар ёрдами билан ядро ёнилғисини қайта ишлаш заводи қурилади. Кейин покистонликлар худди ҳиндлар каби АЭСдаги чиқиндилардан жанговар плутоний олишни уддалашади. 1998 йилга бориб Покистон илк атом бомбаси синовини муваффақиятли ўтказади. Уни нимада учириш масаласини кейинчалик ҳал қилишади. Бўлди, бомба тайёр!

Шу тариқа икки давлат бир-бирини тийиб туриш учун ядро қуролига эга бўлади. Тўғри, уларнинг қуроллари АҚШ ва Россияники каби зўр эмас. Лекин бир-бирини тийиб туриш учун етарли. Чунки бомба ичидаги уранга у қайси давлат ҳудудида эканининг фарқи йўқ – портлатса портлайверади.

Ҳар икки давлатда ядро қуроли борлиги улар ўртасидаги урушни қўрқинчли қилиб туради. Лекин ҳозирча улар бирор марта уруш вақтида бундай қуролдан фойдалангани йўқ. Бу гал ҳам атом бомбаси ташлаш эҳтимоли жуда паст.

Энг ёмони икки давлат ҳам бир-бирига қарши урушларни ички муаммолардан одамларни чалғитиш учун фойдаланаётгандек кўринади. Жуда кескин аксилмусулмонча позициядаги Нарендра Моди ҳинд миллатчиларини Покистонга қарши уруш орқали бирлаштиришга уринади гўё. Эсингизда бўлса, Моди давлат номини Бҳаратга ўзгартирмоқчи бўлиб юрганди. Яъни бу ерлар тарихан бизники, Покистон деган давлат кеча пайдо бўлди, дегандай.

Модининг бу иддаоси у қучоқлашиб кўришадиган бир сиёсатчи дўстининг тарих ҳақида ваъзларини эслатиб юборади. Бироқ Покистон осон таслим бўлмайди. Аввало уларда ядро қуроли бор, кейин Покистоннинг ҳарбий қудрати ўзини ҳимоя қилишга етади.

Хуллас, бу гал ҳам томонлар чекланган миқдордаги зарбалар билан чекланадиганга ўхшайди. Шундай бўлсин ҳам. Сиёсий хаос кузатилаётган, озиқ-овқат нархи ҳаддан ташқари қимматлаб кетаётган дунё ҳозир яна бир урушни кўтара олмайди...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид