Жаҳон | 10:10 / 09.05.2025
1239
2 дақиқада ўқилади

Британия Россия соядаги флотининг 100 та танкерига қарши санкциялар жорий қиляпти

Буюк Британия ҳукумати жума куни Россиянинг соядаги флотидан 100 тагача танкерни санкциялар рўйхатига қўшишини маълум қилди.

Фото: AP

Ҳукумат пресс-релизида айтилишича, танкерлар Россия нефть экспортининг соядаги флотининг асосий қисмини ташкил қилади ва 2024 йил бошидан буён 24 миллиард долларлик нефтни ташиган.

Британия аллақачон Россия нефтини ташувчи бир неча ўнлаб танкерларга қарши санкциялар жорий қилган.

Бош вазир Кир Стармер жума куни Норвегияда Шимолий бирлашган экспедиция кучларида иштирок этувчи давлатлар раҳбарларининг йиғилишида янги санкцияларни эълон қилмоқчи.

«Миллий хавфсизлигимизга Россия томонидан таҳдидни эътибордан четда қолдириб бўлмайди, шунинг учун биз унинг [Путиннинг] соядаги флотини бузиш, нефтдан келадиган даромадларини қисқартириш ва сув ости инфратузилмамизни ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз», — дея Кир Стармер сўзларини келтиради ҳукумат матбуот хизмати.

Британия ҳукуматининг эслатишича, соядаги флотнинг танкерлари нафақат Москвага Украинадаги уруш учун пул топишга ёрдам беради, балки Европадаги сув ости кабелларига ҳам зарар етказган.

Бирлашган экспедиция кучларида иштирок этувчи давлатлар раҳбарлари жума куни Ослода йиғилиб, бошқа масалалар қатори сув ости инфратузилмасини муҳофаза қилишни муҳокама қилади.

Бирлашган экспедиция кучлари Буюк Британия, Дания, Нидерландия, Швеция, Норвегия, Финляндия, Эстония, Латвия, Литва ва Исландия томонидан тузилган.

Мавзуга оид