Жаҳон | 14:35 / 08.05.2025
2606
2 дақиқада ўқилади

Москвада яшовчилар банклар, дўконлар ва таксилар ишида узилишларга дуч келмоқда

Москвада мобил интернетга кириш чекловлари банкоматлар, тўловлар, такси ва озиқ-овқат маҳсулотлари буюртмалари ишига таъсир қиляпти. Песков москваликларни бунга «тушуниш билан» муносабатда бўлишга чақирди.

Фото: Софья Сандурская / ТАСС

Расмийлар Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш чоғида Москвада мобил интернетга киришга қўйган чекловлар турли хизматлар фаолиятига таъсир кўрсатди. 7 май, чоршанба куни дўконларда банкоматлар ва тўлов қурилмалари ишида кенг миқёсда узилишлар юз бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Маҳсулотларни етказиб беришда муаммолар юзага келди. "ВкусВилл" ва Lamoda дўконлари курерлик хизматига вақтинчалик чекловлар қўйилгани ҳақида хабар берди, деб ёзади "Медуза". Миллий тўлов карталари тизими тезкор тўлов тизими орқали пул ўтказмалари ва тўловларни амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликлар ҳақида огоҳлантирди.

«Мосгортранс» жамоат транспорти йўловчиларига байрам кунлари бошланишидан олдин «Тройка» карталарини тўлдиришни тавсия қилди, деб ёзади «Интерфакс». 7 майдан 9 майгача Москвада шунингдек, таксилар ва тўхташ жойи, каршеринг, электроскутерлар ва велосипедлар ҳаракати учун чекловлар жорий этилади. ТАСС давлат агентлиги «Яндекс Такси» хизмати фаолиятидаги узилишлар ҳақида хабар берди. Москванинг айрим ҳудудларида такси чақиришнинг имкони йўқ, барча тарифлар ҳам ишламаяпти, дея огоҳлантирди компания.

РБК агентлигининг маълум қилишича, Сбербанк ва ВТБ мижозларни банк қурилмалари ва иловалари фаолиятидаги чекловларнинг эҳтимолий оқибатлари ҳақида огоҳлантирган. Шу муносабат билан банклар Wi-Fi орқали интернетга уланишни ёки операцияни кейинроқ такрорлашни тавсия қилди.

Мавзуга оид