Ўзбекистон | 13:34 / 08.05.2025
9940
2 дақиқада ўқилади

“ГЭС қуриш мақсадида каналга ортиқча сув ташланган” – Булоқбошидаги техноген ҳодиса сабаби айтилди

Ўзгидромет маълумотига кўра, Булоқбоши туманида содир бўлган сув тошқини оқибатида ҳудуддаги 560 та хонадонни сув босган. ФВВ эса ҳодиса оқибатида 30 та хонадоннинг ичига, 70 та хонадоннинг эса томорқасига сув кирганини билдирди.

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида содир бўлган сув тошқинига Жанубий Фарғона каналига меъёридан ортиқ сув ташланиши сабаб бўлган. Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.

Унга кўра, хавфли гидрологик ҳодисанинг келиб чиқишига Жанубий Фарғона каналига ГЭС қурилиши сабабли ортиқча сув ташланган. Сув сарфи тахминан 15 метр куб/секундни ташкил этган. Ҳодиса талафотлари ўрганилганида жами 560 та хонадонни сув босгани аниқланган.

ФВВ эса ҳодиса оқибатида 30 та хонадоннинг ичига, 70 та хонадоннинг эса томорқасига сув кирганини билдирди.

“Ҳозирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг техникалари ёрдамида сув оқимини пасайтириш ва кирган сувларни чиқариб ташлаш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади вазирлик маълумотида.

Олдинроқ туманнинг каналга туташ ҳудудларида яшовчи аҳоли эвакуация қилинаётгани айтилганди. Ҳозирда сув сизиб чиқишининг олдини олиш ишлари давом этмоқда. Ҳодисани бартараф қилиш учун 40 га яқин техника жалб қилинган.

Мавзуга оид