Ўзбекистон | 23:07 / 07.05.2025
4705
2 дақиқада ўқилади

ТДТУ негизида янги Tashkent Tech техника университети ташкил этилади

Ушбу лойиҳа замонавий меҳнат бозорининг энг юқори талабларига жавоб берадиган муҳандислар етишиб чиқадиган экотизимни шакллантиришга хизмат қилади.

Фото: Telegram/Saida Mirziyoyeva

Ўзбекистондаги муҳим таълим лойиҳаларидан бири – янги Tashkent Tech техника университетини ташкил этиш бўйича Ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева маълум қилди.

Қайд этилишича, ёшлар ўртасида техник таълимнинг нуфузини оширишга қаратилган ушбу кенг кўламли лойиҳа Ўзбекистон президентининг топшириғига мувофиқ амалга оширилмоқда.

«Стратегик вазифамиз юксак халқаро стандартларга мос янги авлод университетини яратишдир. Биз замонавий меҳнат бозорининг энг юқори талабларига жавоб берадиган муҳандислар етишиб чиқадиган экотизимни шакллантирамиз», — деб ёзади Саида Мирзиёева.

Қайд этилишича, Tashkent Tech Тошкент давлат техника университети негизида Boston Consulting Group кўмагида босқичма-босқич ишга туширилади. Ушбу лойиҳа жаҳоннинг илғор амалиётларини саноат ва инновацион ривожланиш эҳтиёжларига мослаштирган ҳолда интеграция қилиш имконини беради.

«Tashkent Tech шунчаки олий ўқув юрти эмас, балки Ўзбекистоннинг технологик суверенитети ва барқарор индустриал ўсишининг ҳаракатлантирувчи кучига айланади, деб ишонаман», — дея таъкидлайди президент ёрдамчиси.

Мавзуга оид