НАТОнинг уч давлати Вучич ва Фицо самолётларининг Москвага учишини тақиқлади
Хусусан, Литва ва Латвия ҳукуматлари ичида Сербия президенти Александр Вучич бўлган самолётнинг ўз мамлакатлари ҳаво макони орқали Россияга учишига рухсат бермади.

Фото: Reuters
НАТО ва ЕИга аъзо Шарқий Европадаги учта давлат Сербия президенти Александр Вучич ҳамда Словакия бош вазири Роберт Фицога 9 май куни Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этиш мақсадида ўз ҳудудлари орқали учишига тақиқ қўйди.
Сербиянинг «Новости» портали хабарига кўра, 6 май куни Литва ва Латвия ҳукуматлари Вучич бўлган самолётнинг Россияга учишига рухсат бермаган. Рига ушбу қарорни «парвоз мақсадининг сиёсий нозиклиги» билан изоҳлаган. Вилнюс эса ўз навбатида, Вучич самолётининг ўз ҳаво ҳудуди орқали ўтишига «техник ва дипломатик сабаблар» билан рухсат бермаган.
3 май куни Москваги Ғалаба парадида Сербия номидан иштирок этиши кутилаётган Александр Вучич ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли АҚШга сафарини бекор қилгани ва Белграддаги ҳарбий тиббиёт академиясига ётқизилгани маълум бўлганди. 5 май куни Сербия молия вазири Синиша Мали Вучич 9 май куни Москвага бориши мумкинлигини, бироқ бу ташриф амалга ошадими-йўқми, аниқ айтолмаслигини билдирди.
Таъкидланишича, Полша ва Литва Словакия бош вазири Роберт Фицо самолётига ҳам Москвага ўз ҳаво ҳудудлари орқали учишга рухсат бермаган. Бироқ Словакия ҳукумати Фицо парвози учун ҳужжатларни расмийлаштиргач, Варшава парвозга қўйилган тақиқни ечган. «Шу билан бирга, Полша бош вазир Фицонинг Москвадаги ҳарбий парадда иштирок этишига танқидий муносабатда», — дейилади Полшанинг Словакиядаги элчихонаси хабарида.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Владимир Путин 9 май куни Москвада Александр Вучич ва Роберт Фицо билан учрашишни режалаштирмоқда. У Фицо билан Украина урушини, Вучич билан эса Ғарбий Болқондаги вазиятни муҳокама қилиш ниятида.
Мавзуга оид

20:35 / 07.05.2025
Москвага келаётган Сербия президенти дронлар туфайли Бокуга қўнишга мажбур бўлди

20:30 / 05.05.2025
Москвада парад муносабати билан интернетга кириш чекланади

16:03 / 17.04.2025
«Важные истории»: Сербия Кремлга яқин шахсларга фуқаролик беряпти

12:00 / 08.04.2025