Иқтисодиёт | 15:21 / 02.05.2025
7334
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда 10 млрд долларлик газ-кимё мажмуаси қурилиши бошланади

Тупроққалъа туманида 10 миллиард долларлик МТО мажмуасини қуриш жорий йилда бошланиши маълум қилинди. Ҳазораспда кимё технопарки ташкил этилиши кутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хоразмда кимё саноати бўйича катта-катта лойиҳалар режа қилинган. Уларни амалга ошириш орқали тармоқ вилоятнинг драйверига айлантирилади, дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида.

“Шу йил Тупроққалъада 10 миллиард долларлик газ-кимё мажмуасини қуришнинг (МТО) 1-босқичи бошланади. Бунда йилига 2 млн тонна 14 турдаги юқори қўшилган қийматли базавий полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Бундан ташқари, Ҳазораспдаги 10 гектарда кимё технопарки ташкил этилади, у ерда полимер маҳсулоти ишлаб чиқариш бўйича 100 миллион долларлик лойиҳалар бўлади”, – дейилади расмий хабарда.

10 млрд долларлик ГКМ ҳақида давлат раҳбари Хоразмга ўтган йили март ойидаги ташрифида маълум қилган, дунёнинг шу соҳадаги энг илғор компаниялари билан музокаралар бошланганини айтганди.

“Бу лойиҳа ишга тушса, 3 мингта иш ўрни яратилади, йилига 2,4 миллион тонна юқори қўшилган қийматли полимерлар ишлаб чиқарилади. Бу нафақат Хоразм учун, балки республикамиз саноатининг флагмани бўлади”, – деганди президент.

Ўшанда “йирик хорижий инвестиция компанияси” раҳбарияти билан учрашув ўтказилгани, лойиҳа 2024-2028 йилларда амалга оширилиши хабар қилинган.

Маълумот учун, “Ўзбекнефтгаз”нинг Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш бўйича 1,8 млрд долларлик лойиҳаси тўхтатилган. Худди шундай қувватдаги завод – MTO (methanol to olefin) технологияси асосида ишловчи газ-кимё мажмуаси Бухоро вилояти Қоракўл туманида қурилмоқда. Швейцарияда таъсис этилган Gas Project Development Central Asia AG ҳамда Кипрда рўйхатдан ўтган Belvor Нoldings Limited амалга ошираётган лойиҳа қиймати 2,7 млрд долларга баҳоланган.

Аввалроқ 3,4 млрд долларга қурилган Uzbekistan GTL заводи хусусийлаштирилиши эълон қилинганди.

Мавзуга оид