Орзу-ҳавас ниқобини кийган кимўзарга ўйнаш: ҳукумат тўйларни тартибга сола оладими?
Ўзбекистонда ҳукумат ва парламент биргаликда тўй, маърака ва маросимларни тартибга солмоқчи. Август ойигача икки палата қўшма қарор лойиҳасини ишлаб чиқиши керак, бу навбатдаги уриниш. Тўйлар – кимўзарга ўйнаш мусобақаси, бунинг охири йўқ, одамларимизнинг бош уч мақсадларидан бири – етти маҳалла эшитадиган тўй қилиш, дейди Kun.uz билан суҳбатлашганлар.

Президентнинг коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга оид фармони ортидан тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ичида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солишни кўзда тутувчи парламент қўшма қарори ҳам бор. Яъни Ўзбекистонда ҳукумат ва парламент биргаликда яна бир марта тўйларни тартибга солишга ҳаракат қилиб кўради.
Маълум бўлишича, Қонунчилик палатаси ва Сенат Маданият вазирлиги, Хотин-қизлар ва Дин ишлари бўйича қўмиталари билан бирга август ойига қадар қўшма қарор лойиҳасини ишлаб чиқиши керак. Кейин бу ҳужжат муҳокамага берилади. Олий Мажлис депутати Умида Раҳмоновага кўра, дунёда бутунлай бошқа тенденция кетаётган бир пайтда ҳали-ҳануз ижтимоий мавзулар атрофида айланяпмиз.
“Демократик жамиятларда тартибга қонун билан солинади. Илгари парламент икки палатаси қўшма қарор қабул қилган, уни амалга ошириш учун низомлар ишлаб чиқилган. Ўша низомда эса бунинг учун қонун талаб этилади, тўй ўтказиш талабларини бузганлик учун жарима белгиланган – жисмоний шахсларга БҲМнинг 10 баравари, юридик шахсларга эса 30 баравари. 2024 йилги маълумотга кўра, йилига 30 мингдан ортиқ тўйлар ўтказилмоқда, лекин 1 йилда атиги 9 та тўйларни ўтказиш билан боғлиқ қонунбузарлик рўйхатга олинганмиш – бу ҳаммаси ёлғон дегани” – Умида Раҳмонова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Жамоатчилик фаоли, блогер Aqida Hanum’га кўра, тартибга солиш ишларини элитанинг ўзидан бошлаш керак. Улар қилган дабдабали тўйлар ижтимоий тармоқда муҳокама қилиниб, халқимизга етиб бормоқда. Келинг, шуни элитамиздан бошлайлик” – Aqida Hanum, блогер
Психолог, психотерапевт Зебинисо Аҳмедовага кўра, халқимизнинг ТОП мақсадлари ичида машина олиш, данғиллама уй қуриш ва эсда қоларли тўй ўтказиш биринчи учталикда туриши – фожиа. Ҳар бир тўйхонада ўзига хос, бир-бирини такрорламайдиган идишлар, дизайн, қандиллар бор. Улар ҳаммаси хорижда ишлаб чиқарилган, чунки чет давлатлар биз тўйга ўчлигимиз, пулни аямаслигимизни билиб, бундан фойдаланиб қолмоқда, дейди психолог.
Депутат Умида Раҳмоновага кўра, ўтказилган тарғибот ишлари, уйма-уй юришлар – кутилган натижани бермади. Деярли ҳар бир тўйда ҳозир белгиланган низом ва тартиблар бузилмоқда. Ҳар бир вилоятнинг битта урф-одати дея янгилик ўйлаб топяпмиз, бу эса шундай мавзулар атрофида ўралашиб қолишимизга сабаб бўлди, дейди қонунчи.
“Кўпчилик аҳолидан сўрасангиз тўйгача ва тўйдан кейин ўтказилган маросимлар маъносини билишмайди, ҳамма ўтказгани учун ўтказишади. Фактларга асослансак, бунинг учун жуда кўплаб маблағлар сарфланмоқда. Кўп тўйлар ёшлар эмас, ёши катталарнинг хоҳишига биноан ўтказилмоқда. Одамларнинг шу тўй учун берган баҳоси эвазига ҳаёт ўзгармайди. Биз фақат кичик моддиятлар атрофида кераксиз мақсадлар билан оворамиз, бу кераксиз майдондаги кераксиз беллашув” – Умида Раҳмонова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Маълум бўлишича, августгача қабул қилинадиган қўшма қарорда оилавий тантаналар, маросимлар ва тўйлар ўтказиш қоида ҳамда низомини бузганлик учун жарима белгиланади, қайси маросимлар экани аниқ киритилади. Бундан ташқари, айнан қайси урф-одат дабдабага айланаётгани санаб ўтилади.
Суҳбатни Kun.uz’нинг YouTube платформасидаги саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид

17:41 / 12.12.2024
Ҳашамат қурбонлари ёхуд Ватанда қолган яқинларининг ҳою-ҳаваслари учун қийналаётган мусофирлар

01:31 / 08.06.2019
Месут Ўзилнинг никоҳ тўйи: Туркия президенти меҳмон сифатида ва тўёналар ўрнига хайр-эҳсон

22:39 / 28.10.2017
Америкалик жуфтлик 80 йилдан бери бирга умргузаронлик қилиб келмоқда

21:23 / 28.10.2017