Тошкент шаҳрида кўчмас мулкни оммавий баҳолаш бошланади
Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни ер ҳисобини юритиш ва кадастр хизматини ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳамда келгусидаги вазифаларга оид тақдимот билан танишди.

Қайд қилинишича, мамлакатда 45 миллион гектарга яқин ер майдони бор. 2021 йилгача шундан бор-йўғи 1 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилган эди. Сўнгги йилларда ягона тизим яратилиб, рақамлаштириш жорий этилгани натижасида 42 миллион гектар ер, яъни жами майдонларнинг 94 фоизи рўйхатдан ўтказилди.
Тақдимотда галдаги режалар ва устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, бу йил 400 мингта якка тартибдаги уй UZKAD тизимига киритилади. Натижада мол-мулкни сотиш, ижарага бериш, мерос қолдириш, гаровга қўйиш каби жараёнлар осонлашади. Келгусида 6 миллион 300 мингдан зиёд барча якка тартибдаги уйлар ушбу тизимда акс эттирилади.
Кўп жойларда кўчмас мулкнинг кадастр қиймати билан ҳақиқий бозор баҳоси ўртасида катта фарқ бор. Бу ҳуқуқий муносабатларда ва савдоларда номутаносибликни келтириб чиқаряпти.
Шу боис президентнинг 5 мартдаги фармонига мувофиқ, кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Бунинг учун Кадастр агентлигида Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази очилди. Унга 40 миллиард сўм ажратилиб, малакали мутахассислар жалб қилинди ва амалий ишлар бошлаб юборилди.
Оммавий баҳолаш бу йил Тошкент шаҳрида бошланиб, кейинги йилларда Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда қолган ҳудудларда босқичма-босқич амалга оширилади.
Давлат раҳбари кадастр маълумотлари иқтисодий режаларни самарали белгилаш учун муҳим асос эканини таъкидлаб, бу соҳада яхлитлик ва аниқликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди. Бюрократияни кескин камайтириб, кадастр хизматлари сифатини ошириш, тадбиркорларга енгилликлар яратиш вазифаси қўйилди.