Ҳиндистон Кашмирда сайёҳларни ўққа тутган террорчиларнинг уйларини ер билан битта қилди
Расмийлар буни очиқ тан олмаган бўлса-да, уйларни портлатиш жараёни намойишкорона бўлган.

Фото: AFP/Getty Images
Ҳиндистоннинг Кашмир штати расмийлари маҳаллий аҳоли вакилларидан камида 10 кишининг уйларини бузиб ташлади, улар ўтган ҳафтада сайёҳлар гуруҳига уюштирилган ва 26 киши ўлими билан якунланган ҳужумда иштирок этишда гумонланмоқда. Ҳужумга алоқадорликда гумон қилинган 1500 дан ортиқ шахс сўроқ қилиш учун қўлга олинган. Ҳиндистон ва Покистон чегарасида вақти-вақти билан отишмалар давом этмоқда.
Гумондорларнинг уйларини бузиш пайшанба куни (сайёҳлар ўлдирилганидан уч кун ўтгач) бошланган, Ҳиндистон хавфсизлик кучлари буни тез ва намойишкорна амалга ошириш учун портловчи моддалардан фойдаланган.
Ҳиндистон расмийлари Кашмир водийсининг турли ҳудудларидаги уйлар портлатилишини расман Паҳалгамдаги ҳужум билан боғламаяпти, бироқ бузилган уйлар минтақада ҳаракат қилаётган ёки Покистонга ўтиб кетган жангариларнинг оилаларига тегишли экани ҳақида маълумотлар бор.
Штат ҳукумати портлатилган уйлардан камида биттасини тўғридан тўғри ҳужумда гумон қилинганлар рўйхатида исми кўрсатилган шахс билан боғлаган.
Кашмир раҳбарияти Ҳиндистон расмийларининг жангариларга қарши ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, аммо уларнинг оилалари яшагани тахмин қилинган уйларни бузишнинг қонунийлигига шубҳа билан қарайди.
Жамму ва Кашмир штати бош вазири Умар Абдулла ҳужумда бевосита иштирок этганлар ҳеч қандай раҳм-шафқат кўрсатмасдан жазоланиши кераклиги, «аммо бунда бегуноҳ одамлар жабрланишига йўл қўйиб бўлмаслиги»ни таъкидлади.
Ундан аввал ушбу лавозимда ишлаган Меҳбуба Муфти ҳам уйлар бузилишига қарши чиқиб, Ҳиндистон расмийларини «террорчилар ва тинч аҳолини фарқлаш»га чақирган.
Икки давлатнинг тан олинмаган чегарасида бир ҳафтадан буён вақти-вақти билан демаркация чизиғининг икки томонида жойлашган ҳарбийлар томонидан бошланган отишмалар тинмаяпти.
Ҳиндистон Покистон ҳудудига зарба бериш-бермаслиги масаласи ҳам фаол муҳокама қилинмоқда, 2016 ва 2019 йилларда жангариларнинг кенг кўламли ҳужумларидан кейин шундай йўл тутилганди.
Ҳиндистон расмийлари сайёҳларга ҳужум қилган жангарилар Покистон ҳукумати кўмагида ҳаракат қилганини таъкидламоқда, бироқ муайян бир гуруҳ номи тилга олинмаган. Исломободда бу айбловлар қатъиян рад этилмоқда.
Ҳиндистон ва Покистон Кашмир ҳудудини 70 йилдан ортиқ вақтдан бери талашиб келади ва бу ҳудуд учун икки марта кенг кўламли уруш олиб борган. Аммо тинч аҳоли орасида қурбонлар сони бўйича 20 апрел куни сайёҳларнинг отиб ташланиши ушбу минтақада сўнгги 20 йил ичида содир этилган энг йирик теракт бўлди.
Ўтган ҳафта Ҳиндистон расмийлари Паҳалгамдаги ҳужумдан кейин штатда кенг кўламли рейдлар ўтказилгани, натижада хавфсизлик кучлари 1,5 мингдан ортиқ кишини сўроқ қилиш учун ҳибсга олганини маълум қилганди.
Ўшандан бери ҳибсга олинганлар сони ошган, аммо уларнинг умумий сонига аниқлик киритилмаган.
Бу вақтда Покистон мудофаа вазири Хаважа Осиф Ҳиндистоннинг Покистонга бостириб кириши «муқаррар» экани, Покистон аллақачон чоралар кўраётгани, жумладан, ҳамкор давлатларни хабардор қилганини айтиб чиқди.

22 апрел куни жангарилар Байсарон водийсида бир гуруҳ сайёҳларга қарата ўт очганди. Натижада Ҳиндистоннинг 25 фуқароси ва Непал фуқароси ҳалок бўлди. Ҳужум учун масъулиятни Ҳиндистон назоратидаги Кашмир ҳудуди билан баҳслашувчи Покистоннинг «Лашкар-и-Тойба» гуруҳига алоқадор бўлган «Қаршилик фронти» ўз зиммасига олди. Гуруҳ Покистонда ҳам, Ҳиндистонда ҳам расман тақиқланган, бироқ Ҳиндистон расмийлари Покистон раҳбарларини ушбу террорчиларни қўллаб-қувватлаганликда айбламоқда.
Воқеадан сўнг ҳар икки давлат бир-бирига қарши қатор чекловлар жорий қилди: хусусан, ўзаро визалар бекор қилинди ва элчихоналаридаги ходимлар сони қисқартирилди. Ҳиндистон, шунингдек, дарёдан биргаликда фойдаланишни тартибга солувчи 1960 йилдаги «Ҳинд сувлари» шартномасини ҳам тўхтатди. Покистон бунга жавобан Ҳиндистон авиакомпаниялари учун ҳаво ҳудудини ёпди.
Мавзуга оид

21:17 / 23.05.2025
Ҳиндистонда кучли ёмғир оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлди

21:32 / 21.05.2025
Ҳиндистонда фирибгар келин етти ойда 25 нафар куёвни алдади

22:08 / 20.05.2025
Ҳиндистонда май бошидан бери 8 киши йўлбарслар ҳужуми қурбонига айланди

00:15 / 20.05.2025