Жаҳон | 16:35 / 28.04.2025
1617
1 дақиқада ўқилади

Янги Рим папасини сайлаш учун конклав 7 май куни чақирилади — Reuters

Рим католик черкови олий руҳонийлари 28 апрел куни ёпиқ эшиклар ортида учрашиб, янги папанинг сайлови санасини белгилади.

Фото: Reuters

Кардиналлар 7 май куни янги Рим папасини сайлаш учун конклавга тўпланади. Бу ҳақда Reuters Ватикандаги манбасига таяниб хабар берди.

Рим католик черковининг олий руҳонийлари 28 апрел куни ёпиқ эшиклар ортида учрашиб, янги папанинг сайлови санасини белгилади.

Ҳозирча конклав чақириладиган сана тўғрисида расмий хабар эълон қилинмади.

Рим папаси Франциск 21 апрел куни вафот этди. 26 апрел куни Ватиканда Францискнинг дафн маросими бўлиб ўтди — маросимда 200 мингга яқин одам иштирок этди. Рим католик черкови қоидаларига кўра, янги папа сайланадиган конклав 5-11 май оралиғида ўтказилиши керак эди.

Конклавда 80 ёшга тўлмаган кардиналлар иштирок этиши ва сайланиши мумкин. Ҳозирда коллегиянинг 252 нафар аъзосини 135 нафари ушбу талабга мос келади.

Сайловлар Сикстин капелласида ўтказилади. Янги папа сайланмагунга қадар кардиналларга ташқи олам билан алоқа ўрнатиш тақиқланган.

Мавзуга оид