Жаҳон | 17:09 / 28.04.2025
7393
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда Россия армиясига ёллаш билан шуғулланган «Русский дом» ходими ҳибсхонадан қўйиб юборилди

Бу Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ва Россиянинг республикадаги элчиси ўртасидаги учрашувдан сўнг юз берди.

Фото: РИА Новости

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жойлашган «Русский дом» ходими Наталья Секерина тергов ҳисбхонасидан қўйиб юборилди. У Россия армиясига ноқонуний ёллаш билан шуғулланганликда айбланиб, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ушланган эди.

ТАСС агентлигининг 28 апрель куни хабар беришича, ноқонуний ёллаш иши бўйича барча айбланувчиларга нисбатан эҳтиёт чораси дастлабки қамоққа олишдан уй қамоғига ўзгартирилган.

Айбланувчиларни уй қамоғига озод қилиш тўғрисидаги қарор Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва Россиянинг республикадаги элчиси Сергей Вакунов ўртасидаги учрашувдан сўнг қабул қилинган.

Наталья Секерина

Секеринадан ташқари, ноқонуний ёллаш иши бўйича Ўш мэрияси матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин, «Регнум» агентлиги кузатувчиси Виктор Васильев ва исми ошкор этилмаган яна бир шахс ҳам айбланмоқда.

Иш Қирғизистон Жиноят кодексининг 416-моддаси (аскарларни бошқа давлатларнинг қуролли можароларида ёки давлат ҳокимиятини ағдариш ёки ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган зўравонлик ҳаракатларида қўллаш мақсадида ёллаш, уларни молиялаштириш, моддий таъминлаш, тайёрлаш, шунингдек, ёлланма жангчиларни ҳарбий можароларда ёки ҳаракатларда қўллаш) билан очилган. Ушбу моддада 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Тахминларга кўра, айбловлар Россия армиясига ёллаш билан боғлиқ. Иш тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмаган.

Мавзуга оид