Жаҳон | 18:20 / 28.04.2025
9443
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Россиядан С-300 зенит-ракета комплексларини олди

Қуроллар Қўшма минтақавий ҳаво мудофаа тизими доирасида республикада жойлаштирилади.

Қирғизистон Россиядан С-300 ҳаво мудофаа комплексларини олди. Бу ҳақда республика Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Имонқулов «Известия» нашрига маълум қилди.

«Бизда ҳаво ҳужумидан қўшма мудофаа тизими ишламоқда. Ҳозир биз ушбу тизимнинг элементларини олдик. С-300 аллақачон Қирғизистон ҳудудида», деди Имонқулов.

Хабарда Россия Қирғизистонга қанча тизим жўнатгани айтилмаган.

С-300 ҳаво мудофаа тизимларини етказиб бериш бўйича келишув 2021 йилда Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Москвага ташрифи чоғида эришилган эди. 2023 йил ноябрь ойида Қирғизистон билан қўшма минтақавий ҳаво мудофаа тизимини яратиш бўйича келишув кучга кирди. Ҳужжатга кўра, Россия бирлашган ҳаво мудофаа тизими қўшинларининг коллектив хавфсизлик зонасида ҳаракатларини мувофиқлаштиради, Қирғизистон эса бу ҳаракатларни бошқаради. Қирғизистон ҳукумати қўшин ва техникани жойлаштириш учун Бишкекдан 20 километр узоқликда жойлашган Россиянинг Кант ҳарбий базаси ёнидан 5 гектар майдон ажратди.

Имонқулов, шунингдек, Бишкек Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) доирасида Москва билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этаётганини қайд этди. Қирғизистон кўп векторли сиёсат юритади, НАТО билан ҳам ҳамкорлик қилади, бироқ минтақа хавфсизлигини таъминлашда асосий роль КХШТга тегишли, деди республика Хавфсизлик кенгаши котиби.

Мавзуга оид