Fitch агентлиги Тошкентнинг кредит рейтингини қайта тиклади
Fitch Ratings Тошкентнинг хавф профилини «заифроқ даража» дея баҳолади. Агентликка кўра, пойтахтнинг даромадларни ошириш имкониятлари чекланган, чунки солиқ ставкалари ва даромадларни тақсимлаш марказий ҳукумат даражасида белгиланади.
Fitch Ratings агентлиги Тошкент шаҳрининг хорижий ва маҳаллий валютадаги узоқ муддатли рейтингининг «BB-» даражасидаги прогнозини эълон қилди.
Қайд этилишича, агентлик давлат корхоналари қарзлари ва молиявий ҳисоботларни ошкор қилишда шаффофликнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ шартли мажбуриятларнинг потенциал ўсиши ва ассиметрик хатарларни ҳисобга олган ҳолда Тошкентнинг кредитга лаёқатлилик рейтингини пасайтирган.
Пойтахтнинг хавф профили эса «заифроқ даража» дея баҳоланган.
«2024−2028 йиллар оралиғида Тошкентнинг операцион баланс ҳисобидан қарзга хизмат кўрсатиш қобилияти заифлашиши мумкин. Бунда даромадларнинг прогноз қилинганидан пасайиши, харажатларнинг ошиши ёки қарз юкининг кўпайиши эҳтимоли ҳисобга олинади», дейилади Fitch ҳисоботида.
Солиқ ва бюджет тизимидаги ислоҳотлар туфайли шаҳарнинг даромадлари ўзгарувчан бўлиб қоляпти.
«Йиғиладиган солиқларнинг таркиби ва уларнинг бошқарув бўғинлари ўртасида тақсимланиши марказий ҳокимият қарорига кўра тез-тез ўзгариб туради. 2023 йилда солиқлар шаҳар даромадларининг 50 фоизини, трансфертлар эса 33 фоизини ташкил этди. Шаҳар даромадларининг катта қисми марказий ҳукуматга боғлиқлиги, шунингдек, миллий фискал тартибга солишга ўзгартиришлар киритилиши даромаднинг мустаҳкамлигини «заифроқ» баҳолашга сабаб бўлди», дейилади агентлик изоҳида.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳрининг даромадларни ошириш имкониятлари чекланган, чунки солиқ ставкалари ва даромадларни тақсимлаш марказий ҳукумат даражасида белгиланади.
Шунингдек, пойтахтнинг даромадлари пасайган тақдирда харажатларни қисқартириш имкониятлари чекланган, дея баҳоланяпти. Бунга сарфланаётган маблағларнинг асосий қисми мажбурий тўловлардан иборат экани сабаб сифатида кўрсатилган. Мазкур кўрсаткич 2023−2024 йилларда харажатларнинг 80 фоиздан ортиғини ташкил этган.
2024−2028 йилларда Тошкентнинг операцион баланси йилига ўртача 1 трлн 376 млрд сўмни ташкил этади, бу 2023 йилдаги кўрсаткич – 2 трлн 233 млрд сўмдан паст. Солиқ тушумларининг миқдори эса маҳаллий иқтисодиётнинг кутилаётган кўтарилиши ҳисобига 2028 йилга бориб 12 трлн 182 млрд сўмгача ўсиши прогноз қилинган.
Маълумот учун, 2019 йилнинг июн ойида Fitch Ratings агентлиги Тошкентга суверен рейтинг даражасида «Барқарор» прогнози билан узоқ муддатли «BB-»рейтингини берганди. Аммо 2023 йилнинг декабр ойида пойтахтнинг кредит рейтинги бекор қилинди.
Fitch RatingsАҚШ молиявий корпорацияси бўлиб, Standard & Poor’s va Moody’s рейтинг агентликлари билан бир қаторда, учта энг нуфузли халқаро рейтинг агентлигидан бири сифатида маълум. Бундай агентликлардан ижобий рейтинг олиш шаҳар ёки давлатнинг инвесторлар олдида молиявий ишончлилиги кафолати ҳисобланади.
Мавзуга оид

19:26 / 26.05.2025
Андижонда танишлари орқали 100 минг доллар кредит олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди

10:21 / 22.04.2025
Fitch 2025 йилдаги глобал иқтисодий ўсиш прогнозини икки фоизгача пасайтирди

19:43 / 18.04.2025
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун Германия тараққиёт банкидан 23,5 млн евро кредит олинади

15:24 / 09.03.2025