Жаҳон | 13:05 / 28.04.2025
5513
9 дақиқада ўқилади

Эрон портидаги даҳшатли портлаш, Канадада фожиага айланган фестивал ва Сувайш каналига «кўз олайтираётган» Трамп — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

ҲАМАС беш йиллик сулҳга тайёр

ҲАМАС Ғазодаги урушни тўхтатиш ва гаровга олинган барча исроилликларни озод қилиш шартлари асосида беш йиллик сулҳ тузишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда гуруҳ вакили Қоҳирада воситачилар билан музокаралар арафасида маълум қилди.

Исроил ҳозирча ҲАМАСнинг сўнгги таклифларига изоҳ бермади. Музокаралар Қатар ва Мисрнинг фаол воситачилигида ўтмоқда. ҲАМАС қуролларни ташлашни муҳокама қилмаслигини айтган, бу эса Исроилнинг асосий талабларидан биридир.

Исроил сўнгги пайтларда 45 кунлик ўт очишни тўхтатиш ва 10 нафар гаровдаги шахсни қайтариш таклифини берган эди, лекин ҲАМАС бу таклифни рад этиб, кенг қамровли келишув таклиф қилмоқда. Сулҳ тузишда Исроил қўшинларининг Ғазодан чиқиши ва инсонпарварлик ёрдамини ошириш ҳам талаб қилинмоқда.

Ғазода урушдан жабрланганлар сони эса кундан кунга ортиб бормоқда: мартдан буён камида 2111 фаластинлик ҳалок бўлган, умумий қурбонлар сони эса 51 минг 495 нафарга етди.

Трамп: «Ғазога нисбатан раҳмдил бўлиш керак»

АҚШ президенти Доналд Трамп Бинямин Нетаняҳу билан суҳбатида Ғазога озуқа ва дори-дармон етказишга рухсат беришни сўраганини маълум қилди. У «Ғазо халқининг азоб чекaётгани»ни таъкидлаб, уларга раҳмдиллик кўрсатиш лозимлигини билдирди.

Март ойининг бошларидан буён Ғазога ҳуманитар ёрдам киритилмаяпти. Исроил барча гаровга олинган шахслар озод этилмагунча ёрдамни тўхтатиб туришини билдирди. БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури эса 25 апрел куни Ғазода захиралари тугаганини эълон қилди.

Трамп биринчи рақамли борт саҳнида журналистларга интервю берар экан, «Ғазода дори-дармон ва озиқ-овқатга шошилинч эҳтиёж бор ва бу масала ҳал этилмоқда», дея маълум қилди. Унинг таъкидига кўра, Нетаняҳу бу талабни «яхши қабул қилган».

Эрон портидаги портлаш: миллий мотам эълон қилинди

Эроннинг Кўрфаз соҳилида жойлашган Бандар Аббос шаҳридаги Шаҳид-Ражоий портида содир бўлган кучли портлаш натижасида ҳалок бўлганлар сони 36 нафарга етди, 1200 дан зиёд киши тан жароҳати олди. Эронда фожиа муносабати билан миллий мотам эълон қилинди.

Портлаш шанба куни контейнер терминали ҳудудида содир бўлган.

Расмий медиа вазият назорат остида эканини маълум қилган бўлса-да, гувоҳлар янги портлашлар ва қалин тутунлар ҳақида хабар берди. Ҳукумат аҳолини ярадорлар учун қон топширишга чақирди. Портда катта зарар кузатилган, айрим бинолар вайрон бўлган, 25 км радиусдаги биноларнинг ойналари синган.

Ҳокимият ёлғон ахборот тарқатишни ман этган, бироқ хавфсизлик чораларига риоя этилмагани тан олинган. Портлаш сабаблари аниқланиши учун тергов бошланган. Айбдорларни топиш ва жазолаш ваъда қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шаҳид-Ражоий порти ҳудудида рўй берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Эрон президенти Масъуд Пизишкиёнга таъзия мактуби йўллади.

Кашмирда отишмалар бошланиб кетди

Кашмирда Ҳиндистон ва Покистон қўшинлари ўртасида ўзаро отишмалар бошланиб кетди. Ҳиндистон ахборот агентликлари маълум қилишича, покистонлик ҳарбийлар якшанба куни назорат чизиғи бўйлаб огоҳлантирмасдан ўқотар қуролларни ишга туширишган, ҳинд кучлари жавоб қайтарган.

Ҳозирча жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумот берилмади. Покистон томони ҳам бу тўғрида изоҳ бермаган.

Тўқнашувлар икки давлат назоратидаги Кашмир ҳудуди чегарасида, яъни фактик назорат чизиғи бўйлаб рўй берган. Авваллари бу ҳудудда қуролли тўқнашувлар тез-тез содир бўлган бўлса-да, сўнгги йилларда вазият анча барқарорлашган эди.

Яқинда содир бўлган терактда қурбон бўлган 26 киши орасида асосан туристлар бўлган. Ҳиндистон мазкур ҳужумнинг уюштирилишида Покистонни айбламоқда, расмий Исломобод эса буни рад этиб, халқаро тергов ўтказишга тайёр эканини билдирган.

Бу орада Ҳиндистон Покистон билан кескинлик фонида ўз ракеталарини синовдан ҳам ўтказди. Мамлакат Ҳарбий-денгиз кучлари кемаларга қарши ракеталарни учириб, «узоқ масофага мўлжалланган юқори аниқликдаги ҳужум зарбаларини амалга оширишга» тайёр эканини намойиш этди.

Иккитомонлама айбловлар янграётган бир пайтда икки ядровий давлат ўртасида можаро авж олиши хавфи борлиги ҳақида жиддий хавотирлар пайдо бўлмоқда. Ҳозирча дипломатик фаолият орқали вазиятни барқарорлаштириш уринишлари давом этмоқда.

Курскда ҳамон украин ҳарбийлари қолмоқда

Россия президенти Владимир Путин армия Курск областидан Украина кучларини тўлиқ сиқиб чиқарганини эълон қилган бўлса-да, Z-блогерлар ва денгиз пиёдалари бу ҳудудда украин ҳарбийлари ҳамон қолаётганини хабар қилди.

Z-блогерлар Отруба хутори ва Олешня қишлоғи ҳудудида украин кучлари фаоллигини қайд этди. Rybar канали ҳам чегара бўйлаб баъзи мураккаб участкаларда Украина назорати сақланаётганини маълум қилди.

DeepState лойиҳаси маълумотларига кўра, Украина қўшинлари Курск областида тахминан 29 км² майдонни назорат қилмоқда. 810-денгиз пиёдалари бригадаси командири ҳам Путин билан мулоқотда ҳудудда украин кучларининг ҳануз қолганини билвосита тасдиқлади.

Россия армияси Горнал қишлоғини тўлиқ назорат қилишини таъкидлади ва яқин вақтда барча душман гуруҳлари яксон этилиши билдирилди.

Трампга энди Сувайш канали керак

АҚШ президенти Доналд Трамп Сувайш ва Панама каналларидан америкалик ҳарбий ва савдо кемаларининг бепул ўтиш ҳуқуқи бўлиши кераклигини талаб қилди. Бу ҳақда у ўзининг Truth ижтимоий тармоғидаги постида маълум қилди.

Трампнинг таъкидлашича, мазкур каналлар АҚШ иштироки билан барпо этилган ва шунинг учун Америка улардан текин фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши керак. У давлат котиби Марко Рубиога бу масалаларни зудлик билан ҳал қилишни топширганини билдирди.

Сувайш канали Мисрга тегишли бўлиб, Европа ва Осиёни боғлайди ҳамда жаҳон денгиз савдосининг тахминан 10 фоизида иштирок этувчи кемалар ундан сузиб ўтади. Унинг фаолияти охирги пайтларда ҳусийчилар ҳужумлари сабаб хавф остида қолмоқда.

Канадада фестивал фожиага айланди

Канаданинг Ванкувер шаҳрида филиппинликлар байрамида автомобил одамлар тўдасига бостириб кирди. 26 апрел куни кечқурун Лапу-Лапу куни муносабати билан ўтказилаётган фестивалда содир бўлган ҳодиса оқибатида бир неча киши ҳалок бўлди ва жароҳат олди.

Канаданинг Global News нашри ўз манбасига асосланиб, камида 8 киши, жумладан бир гўдак ҳалок бўлгани, 6 киши жароҳатланганини хабар қилган.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 20:00 атрофида рўй берган. Полиция ҳайдовчини қўлга олди ва терговни бошлади. Жабрланганлар сони ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Канада бош вазири Марк Карни ва Ванкувер шаҳар мэри Кен Сим жабрланганларга таъзия билдиришди. Улар ижтимоий тармоқларда ўз қайғуларини изҳор этди.

Лапу-Лапу куни Филиппинда ҳар йили 27 апрел куни нишонланади. Бу кун 1521 йилда Мактан оролида испан мустамлакачиларини мағлуб этган маҳаллий етакчи Лапу-Лапу шарафига бағишланган.

Қозоғистонда 9 май юришлари тақиқланди

Қозоғистон шаҳарлари ҳокимиятлари 9 май куни Россиядаги «Ўлмас полк» акциясига ўхшаш кўча юришлари ўтказилишини рад этди. Павлодар, Петропавл ва бошқа русийзабонлар кенг тарқалган шаҳарларда фақат интернетда акция ўтказиш ва фронтда иштирок этиб, вафот этганларнинг суратларини электрон экранларда намойиш қилиш таклиф қилинди.

«Настояшее время» нашрининг ёзишича, рухсатсиз тадбирлар ушлаб кетиш ва жарималар билан тугаши мумкин. Олмаотада фаоллар президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга видеомурожаат йўллаб, расмий рухсат бўлмаса ҳам акция ўтказилишини таъкидлашган.

Остона шаҳар ҳокими Женгис Қасимбекнинг маълум қилишича, 7 май куни пойтахтда ҳарбий парад ва авиашоу бўлиб ўтади. Аммо юришлар ташкил этилмайди.

Қозоғистонда «Ўлмас полк» юришлари 2019 йилдан бери ўтказилмаяпти. 2022 йилдан бошланган Россия-Украина уруши сабаб, мамлакатда бундай акцияларга муносабат эҳтиёткорлик билан ўзгарган. 

Мавзуга оид

Эълонлар

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!