Байрам тугади, энди жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш керак – Эрматов ўсмирларни акаларининг хатоларини такрорламасликка чақирди
Эрматов жамоада ким кучли бўлса, ўша ўйнашини, бўшашмаслик кераклигини таъкидлади.

Фото: Kun.uz
Ўзбекистон футбол ассоциациясида U-17 Осиё кубоги ғолиблигини қўлга киритган Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси футболчилари ва уларнинг ота-оналари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов жамоа аъзолари ва уларнинг ота-оналарини табриклаб, бу ғалаба бутун футбол жамоатчилигини хурсанд қилганини таъкидлади.
Шунингдек, тарихий ва юксак ғалабага қарамасдан бутун диққат-эътиборни 2025 йилнинг ноябр ойида Қатарда ўтказиладиган ФИФА Жаҳон чемпионатига қаратиш кераклиги, ғалаба ҳисси сабаб хотиржамликка берилмаслик, ғолибона руҳни йўқотиб қўймаслик кераклиги айтиб ўтилди.
«Ўзбекистон фарзандлари қанчалик сабрлилиги, мардонаворлиги, ҳар қандай қийин вазиятда ҳам, ўзини тўғри тутиб, қўйган мақсади учун охиригача курашиб, синмасдан, ўз иродасини кўрсатадиган болалар эканини бутун дунё кўрди. Бундан фахрлашимиз керак.
Футбол шунақа нарсаки, агар биз бир яхши натижага эришсак, бу натижани кўп вақт ўйлаб юраверсак, унданам юқорироқ кейинги натижаларга эришишимиз қийин бўлиб қолади.
Кеча байрам қилдик, бугундан жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришни бошлашимиз керак. Агар биз байрам қилиб юраверадиган бўлсак, жаҳон чемпионатига тайёргарликни сустлаштирамиз ва жаҳон чемпионатида муносиб иштирок эта олмай қолишимиз мумкин.
Байрам кайфияти яхши, ота-оналаримиз байрам қилаверсин.
Бир илтимосим бор сизлардан. Тарих бор, аввалги [ўйнаган] футболчилар бор, авваллари ҳам мана шундай мусобақаларда иштирок этганимиз тажрибаси ҳам бор. Эсларингда бўлса, жаҳон чемпионатига чиқиб, жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, машиналар берилган ўша вақтда ҳам.
Машиналарни ҳайдаб, машғулотлар ҳам қолиб кетиб... ҳар хил ўртоқлар пайдо бўлиб қолган ёнида. Ўзига ўртоқ эмас, машҳурлигига ўртоқ... Ўртоқ унақа бўлмайди. Машҳурликка ўртоқ бўлмайди.
Шунинг учун бундай ўртоқлар ёнингларда юрган бўлса, ҳайданглар уларни. Бунақа ўртоқ керак эмас. Бизнинг вақтимиз йўқ қаерлагадир боришга, зиёфатларга боришга. Спортчи бунақа бўлмайди. Бир нарсага эришиш учун бир нарсани қурбон қилиш керак.
Вақт тез ўтади, вақтнинг қадрини билишимиз керак. Вақтнинг бир дақиқасини ҳам бекор ўтказмаслигимиз керак. Тайёргарлик, тайёргарлик ва тайёргарлик. Шунда кейинги натижалар ҳам яхши бўлади», – деган ЎФА биринчи вице-президенти.
Эрматов ЎФА раҳбарияти доимо адолат томонида туриши, жамоада ким кучли бўлса, ўша ўйнашини, олдинги замонларда бўлганидек, таркибга футболчилар телефон орқали киритилишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади.
Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси устози Исломбек Исмоилов ҳам сўз олиб, жамоа қуришда айрим муаммолар бўлганини тан олган, лекин раҳбарият қўллови туфайли «атрофдан бўлган тайзиқлар»га қарши тура олганини айтиб ўтган.
«Бу кимнингдир эмас, миллат жамоаси, 37 миллионлик халқнинг жамоаси. Ҳеч ким ўзини бу жамоадан, миллат манфаатидан ўзини устун қўйишга ҳақли эмас. Хоҳ у мураббий бўлсин, хоҳ федерация вакили бўлсин, хоҳ ёрдамчи мураббий бўлсин... Шунақа вазиятлар ҳам бўлди, ёнимизда юрганларнинг айримлари ўз манфаатини устун қўйганида, бир четга ўтказилди. Буни ўзларинг ҳам кўрдинглар, эшитдинглар.
Энг кучлилар, энг муносиблар ўйнаши керак. Бошқа омил бўлиши мумкин эмас. Бўшашишга ҳаққимиз йўқ. Муносиб бўлишни ҳар куни исботлаш керак. Бугун муносиб бўлган, эртага муносиб бўлмай қолиши мумкин – агар ўзига бўлган талабчанликни пасайтириб юборса», – деган Эрматов.
У яна бир бор футболчиларни юлдузлик касалига чалинмасликдан огоҳлантирди.
«Катта-катта футболчилар бўлиб, самолётинглар бўлсин, лекин самолёт олганда ҳам оёқларинг ердан узилиши керакмас. Ҳеч қачон манманликка берилиш керакмас. Ҳар доим камтар бўлиш керак, оддий бўлиб, оёқ ердан узилмас, Худо ҳам йўлингларни очиб беради. Оғир-босиқлик билан, мураббийинглар берган тактика билан, берган кўрсатмалар билан иш қилсак, ҳеч қачон адашмаймиз. Бу жуда муҳим.
Сизлар руҳан кучли болаларсизлар. Буни майдонда кўрсатдинглар, шу руҳ билан кейинги мусобақага ҳам тайёргарлик кўрсанглар, ҳеч қанақа рақиб, ҳеч қанақа ҳакам мақсадга эришишга халақит қилолмайди.
Эртага ким агар шунга амал қилса, олдинги хатоларни, акаларимиз қилган хатоларни қайтармасак, охирги манзилга етиб борамиз», – дея қўшимча қилган Эрматов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси 4-20 апрел кунлари Саудия Арабистонида ўтказилган Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этди. Жамоа турнир давомида рақибларга ҳеч қандай имконият қолдирмади, финалда эса мезбонларга қарши ўйинда биринчи бўлимнинг ўзида 9 киши бўлиб қолганига қарамай, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва қитъада тенгсиз эканини исботлади.
Энди Исломбек Исмоилов шогирдлари 3–27 ноябр кунлари Қатарда бўлиб ўтадиган U-17 жаҳон чемпионатида иштирок этади.
Мавзуга оид

15:51 / 21.04.2025
Президент ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги ғолибларини унвон ва медаллар билан тақдирлади

15:21 / 26.02.2025
Равшан Эрматов: «Осиё кубоги мезбонлиги бизга топширилса, Марказий Осиё тарихдаги энг ёрқин форумлардан бирини ўтказа олади»

21:35 / 06.05.2022
Ўзбек спортининг 30 йиллик тарихидаги энг яхшилар тақдирланди

18:48 / 04.01.2022