Россия фуқароларининг Ўзбекистондаги меҳмонхонада заҳарланиши бўйича тергов якунланди
Кенг қамровли техник экспертиза меҳмонхонадаги иситиш қозонлари эскиргани ва хизмат муддати тугаганини аниқлади.

Фото: Kun.uz
Ўзбекистон Бош прокуратураси терговчилари россиялик журналист Инесса Паперная ва унинг ҳамроҳи 2024 йил октябрь ойида Тошкентдаги Karaman Palace меҳмонхонасида заҳарланиши бўйича дастлабки терговни якунлади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга таяниб ТАСС хабар берди.
«Меҳмонхонадаги заҳарланиш бўйича жиноят иши доирасида дастлабки тергов ниҳоясига етди, айблов хулосаси тузилди. Тергов давомида тўрт нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланди. Ҳозир жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган», деди матбуот котиби.
2024 йил 22 октябрь куни Тошкентдаги Karaman Palace меҳмонхонасида уч киши, жумладан, икки нафар Россия фуқароси ҳалок бўлди. Қурбонлардан бири россиялик Инесса Паперная, 1977 йилда туғилган, «Профиль» журналида ишлаган ва Lenta.ru билан ҳамкорлик қилган. Унинг ҳамроҳи Максим Радченконинг жасади ҳам топилган. Меҳмонхонанинг бошқа хонасида Ўзбекистон фуқароси Хушнуд Удеков ўлик ҳолда топилган.
Тергов маълумотларига кўра, 20 октябрь куни меҳмонхонадаги иситиш қозонидан ис гази сизиб чиқиб, Паперная, Радченко ва Удеков ўлимига сабаб бўлган. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, уларнинг ўлимига ис газидан ўткир заҳарланиш ва бўғилишга водород сулфиди сабаб бўлган. Кенг қамровли техник экспертиза ўтказилганда меҳмонхонадаги иситиш қозонлари эскиргани ва хизмат муддати тугагани аниқланди. ОАВ хабарига кўра, меҳмонхона эгаси, иситиш қозонининг икки сотувчиси ва уни қоидани бузган ҳолда ўрнатган чилангар қўлга олинган.