Дори воситаларининг рухсат этилган максимал нархлари қайта кўриб чиқилади
Фармагентлик раҳбари Абдулла Азизовга кўра, референт нархларни шакллантиришдаги камчиликлар бартараф этилиб, нархлар қайтадан белгиланади. Шунингдек, маркировкани эпақага келтириш ҳам кўзда тутилган. “Бир ойда 90 миллионга яқин дорига маркировка қўйилса, бор-йўғи 5 миллионтаси тизимдан чиқяпти. Бу дегани 75-85 млн дори воситаси қаердадир “омборда сақланяпти”, аслида эса сотиб бўлинган”, дейди у.

Ўзбекистонда дори воситаларининг рухсат этилган максимал нархлари қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда Фармацевтика агентлиги директори Абдулла Азизов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, референт нархларни шакллантириш тартибини такомиллаштириш, бюрократияни қисқартириш бўйича лойиҳалар Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Kun.uz мухбири Азизов иштирокида ўтган матбуот анжуманида соҳа раҳбарига бир нечта саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, 1 апрелдан рецептсиз сотиладиган дори воситаларига нисбатан нарх чеклови олиб ташлангандан кейин, бу нархга таъсир қилмайди, аксинча нарх тушишига сабаб бўлади дейилганди. Аммо, айрим ҳудудларда нарх бироз қимматлади. Азизов буни вақтинчалик ҳолат деб изоҳлади.
“Биринчи эшик очилганда, нарх ўсиши кузатилади. Сабаби, бозорда етарли даражада ўша дори воситаси борми ёки маржа кичкина бўлгани боис, олиб келиш ҳам кам бўлади. Кейин нарх ошади. Шундан кейин бошқа иштирокчилар бозорга маҳсулот етказиб беришни бошлаганидан кейин, тўйиниш пайдо бўлади. 6-7 ой ичида нарх тушиши ҳам кузатилади.
Рецептсиз дорилар нархлари кўп ривожланган давлатларда назоратга олинмаган. Асосий механизм бу тиббий суғурта ҳисобланади. Масалан, Туркияда 87 фоиз дори воситалари давлат томонидан харид қилинади. Ҳозирги кунда бизда бу кўрсаткич 15 фоизни ташкил этади. Кутилмаларимизга кўра, кейинги 5-6 йил ичида 40 фоизга етиб олади”, – дейди у.
Kun.uz мухбири дори воситаларига ҚҚС ставкасини қайта кўриб чиқиш ва охирига етмаётган маркировка масаласи ҳақида сўради.
“Биз ҚҚСни ҳурматли Жамшид Анваровичга [бош вазир ўринбосари – таҳр.] бир неча марта кўтардик. Ўтган йили 12 фоиз қўлланилганидан кейин қандай натижаси бўлди, нархга қандай таъсир қилди, тушуми кўпайдими ёки тескариси бўлдими, ўрганиш керак деган топшириқ бўлди. Президент фармонида ҳам топшириқ кетган. Бу бўйича иш кетяпти. Таклифларимизни тайёрлаб киритамиз”, – дейди Фармагентлик раҳбари.
Абдулла Азизовнинг қўшимча қилишича, ривожланган давлатларда дор воситалари ижтимоий товар бўлгани боис уларга нисбатан ҚҚС ставкаси пастроқ белгиланган.
Дори воситалари 2022 йилдан маркировкалана бошлагани ҳақида гапираркан, агентлик директори 13 мингта дорихонадан ҳозиргача 6 мингга яқини бу тизимни ишлатаётгани, қолганлари эса ё сканер сотиб олмаган, ёки сотиб олган бўлса ҳам, ишлатмаётганини билдирди.
“Феврал ёки март ойидаги статистикани айтсам, бизда бир ойда 90 миллионга яқин дори воситасига маркировка қўйилса, бор-йўғи 5 миллионтаси тизимдан чиқяпти. Яъни бу дегани 75-85 млн дори воситаси қаердадир “омборда сақланяпти”. Лекин аслида улар сотиб бўлинган. Шунинг учун тозалаш механизми қилиш керак. Бу бўйича Солиқ қўмитаси билан ҳам, CRPT Turon билан ҳам кўп музокара олиб бордик.
Биринчи ўринда ишлаб чиқарувчилар тозалаши керак, кейин дистрибюторлар ва дорихоналар тозаласа, кейин тизим “тоза” бўлади. Шундан кейин агар кимнингдир омбори бир-бирига тўғри келмаса, қаттиқ назорат тизими йўлга қўйилади”, – дейди Фармацевтика агентлиги директори.
Мавзуга оид

16:46 / 02.05.2025
Ўзбекистон ва Қозоғистон Хитойга дори-дармон хомашёси экспорти бўйича етакчилар қаторига кирди

14:08 / 10.04.2025
Япония Ўзбекистонда фармацевтика заводи қуришни режалаштиряпти

13:27 / 05.04.2025
Россияда йирик немис фармацевтика компаниясининг заводи мусодара қилинди

12:11 / 27.03.2025