Тошкентда 10 дан ортиқ машинани уриб кетган Gentra'да бўлган 3 киши қамалди
Гиёҳванд модда истеъмол қилган ҳайдовчи бошқарувида бўлган Gentra'нинг уч йўловчиси майда безорилик ва ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармасликда айбланди. Суд қарори билан уларнинг ҳар бирига 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ
Тошкент шаҳрида ЙПХдан қочиб, 10 дан ортиқ машинани уриб кетган Gentra'нинг уч йўловчиси маъмурий жазога тортилди. Kun.uz суд қарори билан танишди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Gentra'да 1990 йил Наманган вилоятида туғилган Г.П., 2004 йил Жиззах вилоятида туғилган Б.Р. ҳамда 2005 йил Қорақалпоғистон Республикасида туғилган Д.Қ. (барчаси аёл) бўлган. Улар 2025 йил 19 апрел куни соат 7:30 ларда Чилонзор тумани, Бунёдкор шоҳкўчасида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан фуқаро У.Б.ни ҳақорат қилишган. Жамоат тартибини бузишгани учун уларга Чилонзор туман ИИО ФМБ ҲПХ профилактика инспектори томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилган.
Суд мажлисида ҳуқуқбузарларнинг барчаси айбига иқрорлик билдирган.
“18 апрел куни дугонам С.нинг (Gentra'ни бошқарган аёл) уйига меҳмондорчиликка бордим. Кечаси шу ерда тунаб қолдик. Эртаси куни эрталаб Б.Р.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги учун Ж.нинг машинасида дорихонага чиқдик. Машинани С. бошқарди. Йўлда ЙҲХБ ходимлари тўхтатишди. Сабаби машинанинг давлат рақами белгилари олиб қўйилганди. Шунда С. уларнинг огоҳлантиришларига қарамасдан машинани катта тезлиқда бошқариб, бошқа транспорт воситаларига урилди. Бизни тўхтатишганидан сўнг ИИБ ходимлари ва бошқалар келишди ҳамда ИИБ биносига олиб кетишмоқчи бўлишди. Уларга қаршилик кўрсатдик. Шу ерда бўлган фуқаролар бизга бақиргани учун барчани ҳақорат қилдик”, деган Г.П.
Судда қолган ҳуқуқбузарлар ҳам шу каби кўрсатма бериб, қилмишларидан пушаймон эканликларини билдиришган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2025 йил 19 апрелдаги қарори билан аёлларнинг учаласи ҳам МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
ЙПХдан қочиб, бошқа машиналарни уриб кетган Gentra'ни 1999 йилда туғилган аёл бошқарган. Расмийларга кўра, ҳайдовчи гиёҳванд модда таъсирида бўлган, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган. Гувоҳларнинг Kun.uz мухбирига айтишича, камида 2 та Damas, битта Matiz ва Li 9 автомобилларига турли даражада зарар етказилган.
Мавзуга оид

11:18 / 22.04.2025
“5 та машина билан тўқнашган” – Тошкентда ЙПХдан қочган қора Gentra бўйича қўшимча маълумот берилди

17:33 / 20.04.2025
«5-6 та машинани урдик». Тошкентда ЙПХдан қочган қора Gentra бўйича қўшимча тафсилотлар маълум қилинди

22:10 / 19.04.2025
Тошкентда Gentra ЙПХдан қочиб, 10 дан ортиқ машиналарни уриб кетди

17:25 / 20.02.2025