Жаҳон | 13:03 / 19.04.2025
5727
9 дақиқада ўқилади

Сафини кенгайтириб олган ҲАМАС, Украина шаҳарларига ракета ҳужуми ва Суриядаги базаларини ёпаётган АҚШ — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

ҲАМАС аскарлари сони 40 мингга етди

2023 йилнинг октябридан буён Ғазо секторида ҲАМАСни йўқ қилиш учун ҳаракат қилаётган Исроил армияси ўз ниятига ета олмагани ошкор бўлмоқда.

Исроил манбаларининг маълум қилишича, ҲАМАС ҳаракати ўз сафларини ёш кўнгиллилар ҳисобидан кенгайтириб, ҳозирда 40 минг атрофида ҳарбийга эга. Бу ҳақда Исроилнинг Haaretz нашри хабар бермоқда.

Уруш бошланишидан аввал ташкилотда 25–30 минг атрофида жангчи бўлган. Исроил махсус хизматлари маълумотларига кўра, Ғазо секторида ҲАМАС ҳокимиятига жиддий таҳдид йўқ, аҳолининг кўпчилиги уларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

ҲАМАС ҳозирги кунда маҳаллий шарт-шароитда портловчи қурилмалар тайёрлаш, қурол ишлаб чиқариш ва ўз ракеталарини яратиш салоҳиятини шакллантирган. Исроил ҳарбийлари бу салоҳият фронтда янада кўпроқ қаршилик кўрсатиш учун ишлатилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

АҚШ Ямандаги нефт портига зарба берди

АҚШ қўшинлари Яман шимолидаги Рас-Иса нефт портига ҳаводан зарба берди. Америкалик ҳарбийлар порт терминали тўлиқ йўқ қилинганини, у «Ансоруллоҳ» ҳаракати учун асосий даромад манбаи бўлганини билдирди.

Ямандаги ҳусийчилар бошқараётган соғлиқни сақлаш идораси зарбада 74 киши ҳалок бўлганини, 171 киши яраланганини маълум қилди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти порт ишчилари бўлган.

Ҳусийчилар портни фақат фуқаролик мақсадларида фойдаланадиган иншоот, деб таърифлаб, ҳужумни «ҳарбий жиноят» деб атади. Улар бу амалиёт жавобсиз қолмаслигини айтмоқда. Зарба ортидан Исроил ўз ҳудудига Ямандан отилган ракета уриб туширилганини эълон қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп мартда ҳусийчиларга қарши ҳаво амалиёти бошлашни буюрган. Аммо АҚШ ҳозирча уларнинг ҲАМАСга ҳимоя мақсадида қилган ҳужумларини тўхтата олмади. Вашингтон ҳозирда ҳусийчиларга қарши қуруқликдан амалиёт олиб бориш ва уни қўллаб-қувватлаш имкониятини муҳокама қилмоқда.

АҚШ Сурияда ҳарбий базаларни ёпмоқда

АҚШ шимолий-шарқий Суриядаги 8 та ҳарбий базасидан учтасини ёпишга қарор қилди. Бу қарор ортидан контингент сони 2 мингдан 1,4 минг нафаргача қисқартирилади. Биринчи босқичда Mission Support Site Green Village, MSS Euphrates ва кичикроқ бир база ёпилади. Кейинги 60 кун ичида яна қисқартириш зарурлиги баҳоланади.

Пентагон 500 ҳарбийни қолдиришни таклиф қилган, аммо президент Доналд Трамп Сурияда ҳар қандай қўшин қолдиришга шубҳа билан қарамоқда. АҚШ ҳозирча курдлар бошчилигидаги «Сурия демократик кучлари»ни қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда.

Сурия шимолида 10 мингга яқин ИШИД жангчилари ва 39 мингга яқин оила аъзолари сақланмоқда. АҚШ маълумотларига кўра, ИШИД ҳозирги ноаниқ вазиятдан фойдаланиб, янгидан бош кўтариши мумкин.

Россия Украина шаҳарларига ракеталар учирди

Россия армияси Суми областидаги энергетика объектларига зарба берди. Бу ҳужум Кремл энергетик объектларни нишонга олишга жорий этилган мораторий тугаганини эълон қилганидан сўнг амалга ошди.

«Сумиоблэнерго» компания хавфсизлик нуқтайи назаридан зарба тафсилотларини ошкор қилмаслигини билдирди. Электр таъминотини тиклаш ишлари тезкорлик билан олиб бориляпти. Аҳоли «ахборот сукути»га риоя қилишга — фотосурат ва видеоларни тарқатмасликка чақирилди.

Конотоп шаҳар ҳокими Артём Семенихин ҳужум қурбонларсиз ўтганини ва бир энергетика иншооти зарарланганини билдирди. У тиклаш ишлари бошланганини таъкидлади.

18 апрел куни Россия қуролли кучлари Харкив шаҳрининг зич аҳоли яшайдиган туманига ҳам ракеталар билан ҳужум қилди. Снарядлардан бири кўп қаватли уйга тўғри келган. Бир киши ҳалок бўлди, 74 нафар фуқаро жабрланди, шулардан икки нафари ёш болалар.

Ракеталар кассетали заряд билан уриб туширилгани айтилмоқда. Бу эса катта вайронагарчиликка сабаб бўлган. Ҳужумда 20 дан ортиқ кўп қаватли уй ва 30 га яқин хусусий бино зарар кўрди.

Шу заҳотиёқ Днипро шаҳрида ҳам портлашлар қайд этилди. Ҳужум фитнес маркази, меҳмонхона ва офис биносига шикаст етказган. Бу ерда ҳалок бўлганлар йўқ. Украина областларида ҳаво ҳужумидан ҳушёрлик сақланмоқда.

18 апрел куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков мораторий расман тугаганини билдирди. Унга кўра, Путин томонидан янги буйруқлар берилмаган.

Трамп: АҚШ Украина бўйича музокаралардан чиқиши мумкин

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинадаги уруш бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланса, Вашингтон жараёндан чиқишини истисно этмади. Унинг сўзларига кўра, агар бирор тараф тинчликка тўсиқ бўлса, АҚШ уларни «аҳмоқлар, ёмон одамлар» деб баҳолаб, музокараларни тарк этади.

Трамп урушни тезда тўхтатиш тарафдори эканини билдириб, ҳар ҳафта ўртача 2500 аскар ҳалок бўлаётганини таъкидлади. У вақт белгиламасдан, барчасини имконият сифатида кўраётганини билдирди.

АҚШ президенти, шунингдек, Кремл уни ўзининг дипломатик ўйинларига қўшиб қўйгани ҳақидаги иддаоларни рад этди. «Мен чиндан ҳам ёрдам беришни истаяпман», — деди у.

Аввалроқ давлат котиби Марко Рубио ҳам АҚШ воситачилиги бекор қилиниши мумкинлигини айтган эди.

АҚШ Россияга Украина ерлари берилишига рози

Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф Россияга Украина ҳудудларининг бир қисмини сақлаб қолиш имконини таклиф қилди.

У 11 апрел куни Санкт-Петербургда Владимир Путин билан учрашувдан сўнг бу ҳақда The Wall Street Journal нашрига маълум қилди.

Уиткоффга кўра, Москва Қрим ва Донбасс билан бирга яна уч областни ўз таркибига қайтариш ниятида. АҚШ эса тинчлик эвазига Россияга айрим русийзабон ҳудудларни қолдириш вариантларини муҳокама қилишга тайёр. Украина президенти Зеленский бу таклифни «Украинага ўз ерларидан воз кечиш талабини илгари суриш», деб баҳолади.

Махсус вакилнинг баёноти АҚШда ҳам танқидга учради. Украина эса бу муносабатларига зарар етказаётганини таъкидлаб, Трампдан Уиткоффни чақириб олишни сўради.

Москва Украинага 9 майни нишонлашни тақиқламоқчи

Россия Федерацияси Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Украинага 9 май — Ғалаба кунини нишонлаш ҳуқуқини рад этди. Унинг сўзларига кўра, Киев тарихни сохталаштирмоқда ва нацистлар ҳамкорларини қаҳрамон сифатида тарғиб қилмоқда.

Матвиенко Володимир Зеленскийни Степан Бандера ва Роман Шухевич каби баҳсли шахсларни «миллий қаҳрамон» деб эълон қилгани учун танқид қилди. У бу шахсларни Адолф Ҳитлерга ёрдам берган деб атади ва уларни шарафлаш фонида Ғалаба кунини нишонлаш «сурбетлик» деб баҳолади.

Украина бу танқидларни рад этмоқда. Зеленский 2023 йилда Ғалаба кунини Европа каби 8 майда нишонлашни таклиф қилган ва украиналикларнинг кўпчилиги буни қўллаб-қувватлаган.

Жорий йил 9 май куни Киевда Европа Иттифоқи мамлакатлари раҳбарлари иштирокида расмий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Литва Марказий Осиёдан миграцияни чекламоқчи

Литва Бош вазири Гинтаутас Палуцкас мамлакат миграция сиёсатини қайта кўриб чиқишини маълум қилди. У ишчи кучини «маданият жиҳатдан яқинроқ» давлатлардан жалб этиш устувор бўлишини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, айрим мамлакатлардан келганлар радикаллашувга мойил. Шу боис келгусида Марказий Осиёдан келаётган мигрантлар сони қисқариши мумкин.

Бу баёнот, давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Дарюс Яунишкис 10 нафар марказий осиёликка терроризмга алоқадорлик туфайли Литвага кириш тақиқланганини маълум қилганидан сўнг янгради.

Палуцкас бу вазиятдан сўнг мамлакатдаги миграция сиёсатини маданият жиҳатдан яқинлик ва хавфсизлик мезонлари асосида тубдан ўзгартириш кераклигини айтди.

Қайд этиб ўтиш керакки, мазкур янгилик айрим нашрлар томонидан «Европа Иттифоқи ўзбекистонлик мигрантларни қабул қилишни тўхтатмоқчи», деган сарлавҳа остида тарқатилмоқда. Ҳолбуки фақат Литва бутун Марказий Осиё давлатларини назарда тутган.

Мавзуга оид